1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМ ШАРИАТИГА ТАҲДИД

21-05-2021, 09:41 369 Ўқиш режими + -
Ислом шариатига таҳдид


Ҳозирги кунда айрим кишилар мўмин-мусулмонларни мазҳабсизликка даъво қилмоқдалар. Мазҳабсизлик даъвоси Ислом шариатига таҳдид ҳисобланади. Буни яхшилаб тушуниб олиш учун мазҳаб сўзининг маъносига эътиборни қаратсак, яхши бўлар эди.
Хўш, мазҳаб нима?
Мазҳаб сўзи арабча сўз бўлиб, у [арабча – йўл, ҳаракат тарзи; диний таълимот, диннинг бирор тармоғи] исломда диний ҳуқуқий тизимлари ва йўналишлари, умуман, анъанавий диний ҳуқуқ доирасидан чиқмагани ҳолда, шариат масалаларида енгилроқ ёки қаттиқроқ ҳукм чиқаришлари билан бир-биридан фарқланувчи йўналишлар, оқимлар  маъносида қўлланилиб келади[1]. 
Истилоҳда эса, тўрта фиқҳий мазҳаб имомларининг бирига эргашишликдир.
Бемазҳабликларнинг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини ўзига лозим тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади. Мазкур тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва   сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга   эргашиш эса, китоб ва сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга  маҳкумдир. Саҳобаи-киромларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратиши ва бу уларнинг бирлигига раҳна туғдираётганлиги ҳақида жар солишмоқда. Аслидачи?! 
Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканлигига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилару, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки, бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Лекин бир икки масалаларда ихтилоф қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва расулига эргашамиз” дейдилар. Бу гапларни айтаётган кишилар мазҳаб борасида илмлари  йўқлигини билдиради.
Бидъат сўзи [арабча – янгилик, янгилик киритиш; динга қарши хатти-ҳаракат] диний ақидаларга киритилган ўринсиз ислоҳ, динга хилоф янгилик, динда кейинчалик пайдо бўлган нарса демакдир[2].
Бинобарин, бидъат деганда, асосан шаръий  ҳукмларга оид бўлган ва шаърий манбаларда қайд этилмаган, кейин жорий этилган янги амаллар тушунилган.
Шариатга янгилик киритиш бидъат бўлади. Масалан, намоз ракатларига, рўза ҳукмларига, ҳажнинг рукнларига ўзгартириш киритиш мумкин эмас. Чунки бу масалалар аниқ белгилаб қўйилган. Масалан, намознинг бир ракатида икки марта сажда қилинади. Кимки савобни кўпайтираман деб уч марта сажда қилса бидъатчи бўлади.
Дунёдаги барча оқиллар билган нарса шуки, одамларнинг ҳаммаси агар маъсумга эргашишликнинг кайфиятини ва унинг сўзларидаги маъноларни тушуниш учун керак бўладиган воситани билганларида эди ҳеч хам иккига- муқаллид ва мужтаҳидга бўлинмас эдилар, Аллоҳ таоло биринчи гуруҳ (муқаллидлар) ҳақида:
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”[1],
демаган бўлар эди. Маъсум эмасликларига қарамасдан муқаллидларни аҳли зикрларга эргашишликка буюрган. Маъсум бўлишига қарамасдан одамларни Китоб ва Суннатга қайтишга амр қилаётгани йўқ!
Қуръон ва Ҳадисдаги далилларга асосланмасдан туриб ижтиҳод қилишл мумкин ҳам эмас ва тўғри ҳам бўлмайди. Китоб ёки Суннатдан бирор далил бўлмасдан туриб диннинг бирор бир масаласида ижтиҳод қилган имом бу иши билан динга ўзи тарафидан қўшимча киритган бўлади. Натижада, ҳеч бир мусулмоннинг унга эргашмоғи мумкин бўлмайди ва шариатда сувнинг ҳам, таяммумнинг ҳам ўрнига ўтмайди.
   Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндошишлик ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳам ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган. 
Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид) мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят). Уламолар оят Китоб ва суннатга қайтиш шаклида эмас, балки аҳли зикрларга эргашишликка буюриш кўринишида нозил бўлганига эътибор қаратадилар. 
Таассуфки, мазҳабсизлик тарафдорлари жамиятда ихтилоф чиқариш билан шуғулланиб, аслида ислом маданияти ва таълимоти ривожи учун ҳеч қандай ҳисса қўшаётганлари йўқ.
Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошича янги ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (ҳукуматга қарши чиқиш), тинч жамиятда ваҳима уйғотиш ва фитна қўзғаш, обод жойларни вайрон қилиш каби исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам мен ва хулафоий рошидинларнинг йўлини маҳкам тутинглар деб айтганлари мазҳабсизликни дъаво қилаётганларнинг гаплари пуч ёлғон эканлигига далил бўлади.
Тўрта мазҳабдан бирини маҳкам тутиш вожиб саналади.Бунга барча мусулмонлар уммати ижмоъ қилишган.
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари: “Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”, деганлар.
                Шунинг учун ҳам бугунки кунда ҳар бир мусулмон эътиқодли, ислом динига амал қиладиган, Аллоҳни қалбан ҳис эта оладиган, энг олий фазлатларга эга бўлмоғи лозимдир.
 

Меҳмонали Ғуломов
Қамаши тумани Санчиқул жоме масжиди имом-хатиби
 
[1] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Иккинчи жилд. Т.: - Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2006. 526-бет.
[2] [2] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Иккинчи жилд. Т.: - Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2006. 253-бет.