Ҳазиллашиш одоби
Халқимизда бир-бировдан билан аҳвол сўраш, беғараз ёрдамлашиш, беморлар ҳолидан хабар олиш, ўрни билан бир-бирларига ҳазиллашиш каби одатлар мавжуд. Инсонларнинг бу одатлари ўз ўрнида, меъёрида бўлишлиги билан бошқа инсонлар қалбида қувонч бағишлайди.
Ҳазил деган сўз нима маънони англатади?
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “ Ҳазил – арабча сўз, у кулги, мазах қилиш, тегишиш, ҳазиллашиш. 1. Қизиқчилик. Эрмак учун, ўйнашиб қилинган хатти-ҳаракат ёки айтилган гап; жиддий, чин эмас. 2. Бажарилиши қийин бўлмаган; осон ” деб изоҳланади.
Ҳазилда яхши ният бўлиши керак, чунки шу ният сабабидан инсон ажр олади. Фақат кўнгилни очиш ва илтифот учун қилинадиган, бирор кишининг кўнглини оғритмайдиган ҳазил –мутойиба инсонлар учун ҳузур бахш этади.
Донишмандлардан бири ўз ўғлига насиҳат қилиб: “ Эй ўғлим, улуғларга ҳазил қилма, сени ёмон кўриб қолишади. Пасткашларга ҳазил қилма, сенга азият етказишади” деган экан.
Ҳазил икки жиҳатга кўра жоиздир. Биринчиси: ҳазилга ёлғон аралаштирмаслик. Пайғамбар ( с.а.в.): “ Мен рост гапириб ҳазиллашаман” дедилар. (Термизий ривояти). Ҳикоя қилишларича, пайғамбар (с.а.в.) ҳузурларига бир кампир келиб, ўзини жаннатга кириши учун дуо сўради. Шунда пайғамбар ( с.а.в.) ҳазиллашиб: “ Жаннатга кампирлар кирмайди” дедилар. Пайғамбаримизнинг бу сўзларидан кампир таажжубланди. Пайғамбар (с.а.в.) кампирга қиёмат куни Аллоҳ таоло кекса аёлларни ёш инсонларга айлантириб, ундан сўнг уларни жаннатга киритишини тушунтириб бердилар. Бу сўздан кекса аёл хурсанд бўлди. Ҳадисда: “ Агар киши Аллоҳ рози бўладиган бирор калима айтса, Аллоҳ унинг даражасини ўша калима савобидан кўтариб қўяди. Агар киши Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган калима айтса, киши ўша калима сабаб дўзахга ташлангусидир”. ( Бухорий ривояти).
Иккинчиси: кўп ҳазиллашмаслик, ёқимли бўлса ҳам меъёридан ошмаслиги керак. Ҳазил-мутойибанинг кўпайиши кулгини орттиради ва қалбнинг ўлиши, ҳайбатнинг кетиши ва душманлик келиб чиқишига сабаб бўлади. Ҳадис шарифда: “Инсон бир гап гапирганида ёнидагилар кулгига шўнғиса, ўзи Сурайё ( юлдуз)дан ҳам узоққа кетар” дейилади. Бу ҳадисда инсоннинг шарафи ва ҳайбати ҳавога кетади дейилмоқда. Шу сабабли кўп ҳазил-мутойиба қилишдан сақланмоқ лозим. Абу Лайс Самарқандий: “ Кўп ҳазил қилмагин, ҳайбатинг кетади ва сен яхши инсонлар ҳузурида бу билан айбланасан, тентаклар ҳузурида эса калтакланасан ва сени калта фаҳм дейишади. Ўзинг танимаганлар билан ҳазиллашмагин. Чунки, уларнинг ахлоқини билмайсан. Яқинларинг ва ошналаринг билан ҳазиллашингда зарар йўқ. Лекин, ҳаддан ошиб гуноҳкор бўлишдан сақлангин. Чунки ишларнинг яхшиси ўртасидир. Меъёрида ҳазиллашиш инсонга оғир ботмайди” дейдилар.
Бировни масхара қилиш ниятида ҳазиллашишдан тийилиш лозим. Бировни масхара қилиб ҳазиллашиш билан инсоннинг обрў-эътибори ерга урилади, у хўрланади. Бировни масхара қилиш мақсадида ҳазиллашиш бировни ҳақоратлаш, уни айблаш ва устидан кулишдир. Ҳадисда: “ Кишининг ёмонлигига унинг бошқа инсонларни таҳқирлаши кифоя қилади” дейилади. ( Муслим ривояти).
Ҳазиллашиб ёлғон гапириш ҳам қораланади. Пайғамбар ( с.а.в.): “ Инсонларни кулдириш учун ёлғон сўзларни айтувчига вайл бўлсин” дедилар. ( Термизий ривояти). Ҳазиллашиб бировнинг нарсасини олиш ҳам жиноят ҳисобланади. Ҳадисда: “ Бировнинг нарсасини ҳазиллашиб ҳам, жиддий ҳам олманг, ким бировнинг ҳассасини олса, бас, уни қайтарсин” дедилар. ( Абу Довуд ривояти). Ҳазиллашиб бировнинг оёқ кийимини яшириб қўйишдан ҳам сақланиш лозим. Чунки бундай қилиш бировга зулм қилиш билан баробардир. Зулм эса гуноҳ ишлардан ҳисобланади.
Ҳазрати Алишер Навоий “ Маҳбубул-қулуб” асарида ҳазиллашиш ҳақида шундай ёзадилар: “ Ҳазил қилаверишдан ҳурматсизлик ортади; ҳазилнинг охири жанжалга олиб келади. Кўп ҳазиллашиш-номус ва ҳаё пардасини чок этади; адаб ва ҳурмат эгаларини бебурд ва беобрў қилади, қўлингдан келганча таъзим ва адаб биносини йиқитма; ҳаё ва ҳурмат пардасидан ташқари чиқма!
Рубоий:
Ҳаё билан адаб эътиқоддан нишондир,
Ҳурмат билан таъзим-саодатга сабаб.
Ҳаёли ва адабли деб танилганлар,
Мақсудига кеч етишса, таажжубланиш жойиздир.
...Катта кишилар ёшларни масхара ва кулгу қилса, улар қошида ўзи шунча обрўсиз ва бачкана туюлади; ёшлар ҳам катталарга нисбатан ҳазил ва енгилтаклик қилса, унинг қошида уятсиз ва эътиборсиз бўлади. ... Баъзи разил ва тубан кишилар аҳмоқона ҳазил-мутойиба қиладилар; кулдирмоқ учун товон қитиқлайдилар. Енгилтак киши кўрганини кўрсатиб берганидек, баъзи ахлоқсиз кулдириш учун бировларни тақлид қиладилар. Ҳазил агар одамнинг шахсиятига тегса-одобсизликдир, бундан яхшилар ор қиладилар. Ҳазил-мутойиба бир оз кўнгилни хушламоқ учун, шодлик ва хурсандлик учун бўлса ёқимлидир. Агар ҳазилда қўпол сўзлар бўлмаса, ундан ҳеч ким ҳижолат, озор чекмайди. Беозор ҳазил зарифликдир, аммо ундан ўтса ақлсизликдир. Байт: Ҳазил табиатни очади, у ўткир ҳамда нозик фикр билан безалган бўлса, Борди-ю қўпол бемаъниликка етса, одам оғизга олиб нима қилади ”.
Инсонларнинг очиқ юзли, бошқа инсонларганисбатан яхшилик соғинадиган, ўзгаларнинг кўнглини оладиган ҳолатда бўлишлари инсонлар орасида ўзаро муҳаббатни зиёда қилади. Ҳазиллашишни яхши ният билан ўз ўрнида, ўз меъёрида қилиш яхши тарбиянинг натижасидир. Яхши тарбия кўрган кишилар бошқаларни камситиш, уларни айблаш, хорлаш мақсадида ҳазил қилишдан сақланадилар.
Р. Акбаров,
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими