1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУЛЛА АЛИ ҚОРИНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ.

26-05-2021, 18:53 426 Ўқиш режими + -
Мулла Али Қорининг ҳаёти ва илмий фаолияти.


Алломанинг тўлиқ исми Нуриддин Али Ибн Султон Муҳаммад Ал-Маккий Ал-Ҳанафий бўлиб, “Қори” лақаби билан машҳурдир. “Қори” номининг унга берилишига сабаб, у Қуръони Каримни турли қироатларда ўқиш бўйича пешқадамлардан бўлган. Шунинг учун Қорий номи билан шухрат қозонган[1]. Ҳофиз Саййид Абдулҳай ал-Китоний (ваф. 1381/1961й.) ўзининг “ат-Таротиб ал-идория ва-л-амалот ва-с-синоот ва-л-матожир ва ал-ҳолот ва-л-илмия аллатий конат ало аҳди таъсис ал-Мадина ал-мунаввара”[2] китобида: “Қори”нинг куняси Абу-л-Ҳасан бўлиб, Нуриддин унинг лақабидир, чунончи, унинг “Шарҳ Муснад Аби Ҳанифа ривоят ал-Ҳисфакий” асари Абу-л-Ҳасан Мулла Али Қори ибн Султон Муҳаммад ал-Маккий номи билан маълумдир”, – деб таъкидлайди. “Абу-л-Ҳасан” деб куняланиши сабабини ўзининг “Мишкотул масобиҳ” китобига ёзган шарҳи “Мирқотул мафотиҳ” китобида қуйидаги ҳадиснинг шарҳи келтиради: “Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумо сўзлаб берди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари у зотга: “Ўғлим жон таслим қиляпти, бизникига келинг”, деб одам юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам салом айтиб: “Албатта, олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир. Ҳар бир нарса Унинг ҳузурида белгиланган ажали биландир. Сабр қилсин ва савоб умидида бўлсин”, деб одам юбордилар. Қизлари эса қасам ичиб, “Албатта келсинлар”, деб яна одам юборди. У зот турдилар. У зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муъоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бир қанча кишилар ҳам туришди. Бола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтариб олиб келинганда унинг жони пўк-пўк қилар эди. У зотнинг кўзларидан ёш куйилди. Шунда Саъд: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу нима?” деди. У зот: “Бу Аллоҳнинг бандалари қалбига солган раҳматдир. Аллоҳ раҳмли бандаларигагина раҳм қилади”, дедилар”.
Мулла Али Қори ушбу ҳадисни шарҳида қуйидагиларни айтади: “Мен учун ғароиб ва ажойиб ишлардан бири ушбу китобни ёзиш давримда Ҳасан исмли ўғлим вафот этди. У сурати ва сийрати барча гўзал хулқлар ва фазилатларни жамлаган эди. Аллоҳ уни ётган жойини гўзал қилсин, қабрини нурга тўлдирсин. Кейин ушбу ҳадис менга ўғлим вафоти учун мукаммал таъзия ва мусибатимга тасалли бўлди. Аллоҳ оқибатни хайрли қилсин, мусибатга ажрни мукаммал берсин!”. 
Алломанинг қачон дунёга келганлиги ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолинмаган. Барча тарихчи олимлар у кишининг таваллуд топган маконларини зикр қилиш билан чекланадилар. Бироқ замондош уламоларимиздан бўлган Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда унинг Маккалик устозлари вафотидан келиб чиқиб, 930 ҳижрийда таваллуд топганини аниқлаган.
Мулла Али ибн Султон Қорий қадимги Хуросоннинг кўҳна Ҳирот шаҳрида таваллуд топиб, умрининг бир қисмини ўша ерда ўтказган. 
Мулла Али Қори дастлабки билимини она юрти Ҳиротда ўз даврининг етук олимларидан олади. Қуръони карим ва тажвид илмини Ҳирот шахри жомеъси шайхларидан бири бўлган Қори Муъиниддин ибн Хофиз ал-Харавийдан ўрганади. У диний илмлар мажмуаси - ҳадис, тафсир, фиқҳ ва қироат илми бўйича катта шухратга эга эди. 
 Мулла Али Қори Қуръони каримни барча йўллари, етти қироатда ўқиш бўйича таълим олган устозлари ҳақида ўзининг “ал-Минах ал-фикрия ало матн ал-жазария” асари охирида шундай дейди: “Қуръони каримни етти қироатларни ўрганиш ва тадқиқ қилишдаги устозларим бу сохадаги машҳур қорилар ва буюк шайхлардир, қолаверса, ушбу йўналишдаги билимимни (ижозани) Мадинаи Мунавваранинг имом хатиби Маккадаги ўз асрининг тенги йўқ олими ва қироат илмининг машҳур шайхи, устозим Сирожиддин Амр ал-Яманий аш-Шофийдан олганман”.
Мулла Али Қори ноёб заковат, ўткир зеҳн, нозик фаҳму фаросат ва комил ақл соҳиби бўлган. Илм олиш йўлида унга дуч келган барча машаққатларни сабр ва матонат билан енгиб ўтган. Алломанинг устозлари ишончли силсила орқали келаётган илм соҳиблари бўлишган. Алломага мана шундай етук устозлардан илм олиш ва олган илмларини ҳам бошқаларга ўргатиш насиб этган.
 
Фармонов Таваккал
Тошкент ислом институти МСБ талабаси.
Сахриев Бекмурод
ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги масъул ходими