ИСЛОМДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУШУНЧАСИ (2-қисм)
4931
28-05-2021, 21:07
416
Ўқиш режими
+
-
ИСЛОМДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУШУНЧАСИ
(2-қисм)
Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик.
Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
وَلَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ بَعْدَ إِصْلَاحِهَا وَادْعُوهُ خَوْفًا وَطَمَعًا إِنَّ رَحْمَةَ اللَّهِ قَرِيبٌ مِنَ الْمُحْسِنِينَ
яъни: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).
Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бу иш улкан савоб экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
﴿مَنْ قُتِلَ دُونَ مَالِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ نَفْسِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ دِينِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ أَهْلِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ﴾ (رواه الإمام الترمذى عن سعيد بن زيد رضي الله عنه).
яъни: “Моли, жони, дини ва аҳли аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топади” (Имом Термизий ривоятлари).
Киши Ватанига хиёнат қилиши, ундаги ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслиги, уларни ўйламасдан Ватанга қарши қурол кўтариши – исломдаги энг оғир гуноҳ ва жуда катта жиноятдир!
Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу Ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Бу Ватанда энг севимли қариндошларимиз, яқинларимиз яшашади. Бунинг зиёдасига бу заминни сон-саноқсиз улуғ зотлар, Аллоҳнинг дўстлари ватан тутишган.
Афсуски, айрим Ватан қадрига етмаган кимсалар, гўёки “ҳижрат қилиш фарз” деган сохта даъволарни қилиб, оиласи бағрида тинч, осуда ҳаёт кечираётган мусулмонларни ўзга юртларга чиқиб кетишга даъват қилмоқда. Аммо бугунги кунда турли сиёсий кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлаётганлар дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш ва шу орқали хомийларининг режалаштирилган сиёсий мақсадлари йўлида ҳаракатланишмоқда.
Хусусан, улар илм-маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни ўз атрофларига тўплашга интилиб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари бемалол ўқиладиган, хуллас, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва ўзлари тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган ватанларини тарк этишга тарғиб қилмоқдалар.
Бунинг оқибатлари эса ҳаммамизга аён. Шундай экан, ҳар биримиз Ватанимиз тинчлигини қадрига етиб, унинг ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшишимиз, кундан-кунга кўпайиб бораётган ислоҳот ва ютуқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашимиз, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган раҳбар ва юртдошларимизнинг ҳақларига дуолар қилиб, ибодатларимизни ўз вақтида бажариб, умргузаронлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, инсон ўзи туғилиб ўсган ватанини қадрига етиши, ҳаққига дуо қилиши ва ободлигига ҳисса қўшиши билан бирга биринчи ватани бўлмиш – жаннатга бориш сабаб ва омилларини бажариб, уларни унутмаслиги зарур. Чунки Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Мирқотул мафотиҳ” китобларида: “Инсоннинг биринчи ватани – жаннат” деганлар. Зеро, Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз биринчи жаннатда яшаганлар ва ундан маълум сабабларга кўра тушурилганлар.
Демак, биз ҳаётимиз давомида дунёдаги Ватанимизни обод қилиш билан бирга, охиратдаги ватанимизга ҳам захира қилиб боришимиз даркор. Уламоларимиз айтадиларки, киши қуйидаги амалларни қилиши билан жаннатга кириши мумкин:
- Яхши ва солиҳ амалларни қилиш – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَالَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَئِكَ أَصْحَابُ الْجَنَّةِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
яъни: “Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар эса, айнан улар жаннат аҳлидирлар ва улар у ерда абадий қолувчилардир” (Бақара сураси 82-оят).
- Ростгўйлик ва бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиш – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
قَالَ اللَّهُ هَذَا يَوْمُ يَنْفَعُ الصَّادِقِينَ صِدْقُهُمْ لَهُمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا
яъни: “Аллоҳ деди: “Бу кун содиқ (мўмин)ларга содиқлиги фойда берадиган кундир”. Улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари бордир. (Улар) у ерда абадий бўлурлар” (Моида сураси 119-оят).
- Ўзгалар билан чиройли муомала ва ҳусни хулқли бўлиш – жаннатга киришга сабабдир. Кишини жаннатга киришига энг кўп сабаб бўладиган нарса ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралганда, Ў Зот бундай дедилар:
﴿ تَقوى الله، وحُسن الخُلق ﴾) رواه الإمام الترمذي (
яъни: “Аллоҳдан қўрқиш ва ҳусни хулқ – кишини жаннатга киришига сабабдир”(Имом Термизий ривоятлари).
- Билиб-билмасдан қилган гуноҳларига тавба қилиш – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
إِلَّا مَنْ تَابَ وَآَمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَأُولَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ شَيْئًا
яъни: “Илло, имон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас” (Марям сурваси 60-оят).
- Имкон қадар тилимизни зикру тасбиҳлар билан машғул қилишимиз – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: “Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” эканини уларга хабар беринг”, дедилар”(Имом Термизий ривоятлари).
Аллоҳ таоло барчамизни жаннат аҳлларидан айлаб, туғилиб ўсган азиз ва мўътабар Ватанимизни бунданда фаровон, осмонини мусаффо қилиб, халқимизни тинч ва осуда айлаб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди
Муслим.уз