Сигарет, нос чекиш –ёмон одат
Инсонга берилган неъматлар ичида соғлиқ инсонга берилган энг бебаҳо неъматдир. Бу неъматни шукрини қилиш, уни қадрлаш билан эъзозлашимиз лозим. Инсон соғлигини қадрлаш билан бирга соғлиққа зарар берадиган нарсалардан сақланмоғи ҳам лозим. Инсон соғлигига зарар берадиган нарсалардан бири сигарет бўлса, иккинчиси эса нос чекишдир. Булар иккаласи ҳам кашандаликка киради.
Дунё яралганидан бери Шайтон Одам фарзандларига очиқ душман бўлиб, у уларни доим тўғри йўлдан чалғитишга ҳаракат қилади. Бу соҳада шайтоннинг тажрибаси кўпроқдир. Ривоят қилишларича, Шайтон Одам фарзандлари орасида тамаки баргларини қуритиб чекиш каби инсон учун зарарли одатларни тарқатади. Шайтоннинг бундан мақсади инсонларни У аввал инсонга зарар берадиган нарсаларнинг зарарли томонларини яшириб, уни чиройли қилиб кўрсатиб боради.
Аллоҳ таоло китоби “ Қуръони карим”да инсон ўз ихтиёри билан ўзини соғлигини йўқотиб, соғлигига хавфни юзага келтириш қайтариб: “ Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг! Албатта, Аллоҳ сизларга меҳрибон бўлган зотдир”, дейди. ( Нисо сураси, 29-оят). Сигарет ёки нос чекиш ўз соғлигини аста-секинлик билан ҳалокатга олиб бориб қўйишдир. Бу ҳақда ҳам “ Қуръони карим”да: “ Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!”-дейилади. ( Бақара сураси, 19-оят).
Сигарет ва нос чекиш инсоннинг мол-мулкига зарар бўлса, иккинчи томондан у инсоннинг соғлигига қарши қилинган иш ҳисобланади. Шу туфайли инсон молнинг исрофи ва соғлиқни сақлаш ишига қарши бўлган кашандаликдан қайтарилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) инсонга зарар бериш ва қарши тарафдан зарар кўриш инсонгарчиликда йўқ эканлиги ҳақида: “Ислом динида зарар бериш ва қарши тарафдан зарар кўриш йўқдир”, дейдилар. Инсон ўзи ва болаларининг ризқи бўлган мол-мулкини сигарет ва нос олиб чекишга сарфлаши мутлақо ножоиздир.
Сигарет чекиш инсон соғлигига катта зарар келтиради. Шу туфайли сигаретларда “ Сигарет чекиш соғлиғингизга зарар беради”, деб ёзиб қўйилади. Яқинда сигаретнинг зарари ҳақида шифокор билан суҳбатлашдим. У шундай деди: “ Сигаретнинг таркибида бетапирин алколиди бўлиб, у никотин дейилади, сигарет чекилганда никотин тери, оғиз ва нафас шиллиқ пардаси орқали сурилиб қонга ўтади. Никотин заҳарлидир. Шу сабабли сигарет чекувчиларнинг дастлаб нерв ва бошқа тўқималарини “ қўзғотиб” кейинчалик турли аъзолар фаолиятига зарар етказади. Бундан айниқса, нерв, юрак томирлари, нафас, эндокрин ва овқат ҳазм қилиш системалари кўпроқ жабр кўради. Сигарет чекишнинг ошқозон-ичак, марказий асаб ва қон айланиш тизимига қиладиган салбий таъсири каттадир. Узоқ йиллар сигарет чекиш натижасида инсон танаси тўқималаридаги ўзгаришлар чуқурлашиб, касалликларга қарши чидамлиги кескин пасаяди ва нафас олиш органлари бузилади. Бу сигарет чекувчиларда ўпка касалликларини, айниқса, ўпка сили, ўпка раки каби касалликларини келтириб чиқаради. Сигарет тутунининг ёш болалар, чақалоқлар учун, айниқса зарари катта. Сигарет чекиладиган хонадонда бўлган болалар заҳарланади, натижада уйқуси камаяди, иштаҳаси йўқолади, тез-тез ичи ўтадиган бўлиб қолади. Шу сабабли ёш болалар, ҳомиладор аёллар бўлган жойларда сигарет чекиш қатъийян ман қилинади. Хуллас, сигарет чекиш инсон ва унинг атрофидалар учун зарарлидир”.
Дарҳақиқат, сигарет чекиш шарқ халқлари урф-одатларига ёт нарсадир. Сигарет чекиш шарқ халқлари орасига четдан кириб келган ёмон одатлардан ҳисобланади.
Кашандаликнинг иккинчиси нос чекишдир. Нос чекиш ҳам сигарет чекишдек инсонларнинг соғлигига зарар бериб, унинг мол-мулкининг исрофидир. Нос чекиш ҳақида ҳам шифокор: “ Мени билишимча, носни оҳак, ўсимлик ёғи, тамаки барги ва уларга озгина кул қўшиш билан ҳосил қилинади. Носда қанчалик оҳак моддаси кўпроқ бўлса, у шунчалик ўткир бўлади. Нос кишининг асаб системасига таъсир қилиб, унга кайф бергандек бўлади. Бу ҳолат нос таркибида канцероген моддасининг қонга сўрилиб, бош мияга таъсир қилиши туфайли юзага келади. Нос таъсирида одамнинг вужудида ёт нарсалар учун беҳузурлик пайдо бўлади. Кўнгил айнийди, қусади, бош айланади, юрак уриши тезлашади, совуқ тер босади, юрар йўлини билмай маст одамдек гандираклаб қолади. Нос тил остидаги қонга сўрилишини тезлаштириш учун унга оҳак қўшилади. Бу эса тил остини заралашинини ва сўлак безларини бузилишини олиб келади. Натижада оғиз бўшлиғида турли хил касалликларни келтириб чиқариш эҳтимолини кучайтиради. Нос сўлак орқали ютилиб, ошқозон безларининг фаолиятини бузади, гастрит, ич қотиш, ошқозон яраси ва ҳаттоки рак касаллигини келтириб чиқаради”, дейди.
Ҳақиқатдан ҳам нос чекувчи киши бошқа инсонларнинг кўзига хунук кўринади. Нос чекувчи кишилардан бадбўй ҳид тарқалиб туради. Улар оғзидаги носларини тўғри келган жойларга ташлаб, атроф –муҳит тозалигига ҳам зарар берадилар. Одамлар носга худди сигаретдек ўрганиб қолиб, уни ташлашга қийналадилар. Сигарет, нос чекиш ўзбекчилигимизга тўғри келмайдиган одатлардандир. Халқ оғзаки ижодида шундай тўрт қатор шеър мавжуд:
Носвой чеккан кишини,
Мазаси йўқ ишини.
Сигарет чеккан кишини,
Тутун босган ичини.
Маълумки, инсон табиатида яхши сифатлар билан ёмон сифатлар ёнма-ён бўлади. Ақллини ишлатадиган одам ўзидаги яхши сифатларни асрайди. Ўз навбатида эса ўзидаги ёмон сифатларнинг зарарини билиб, улардан холос ва саломат бўлиш йўлини қидиради. Шу сабабли соғлигимизга зарар берадиган, атрофдагиларда нохушлик туғдирадиган сигарет, нос каби иллатлардан узоқ бўлайлик. Ўзимиздаги яхши сифатларни камолотга
етказишга ҳаракат қилайлик.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими