1 ИЮНЬ-БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ
4936
31-05-2021, 09:07
316
Ўқиш режими
+
-
1 ИЮНЬ-БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га саловатларимиз бўлсин!
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бутун оламларни яратиб, уларнинг барчасини зийнатлади. Дунё осмонини юлдузлар билан безади. Бу ҳақда “ Қуръони Карим”да: “Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик...”. (Мулк сураси, 5-оят). Инсонни яратиб, уни ҳаётининг давомчиси бўлган болалар билан безади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:“Мол-мулк, болалар дунё ҳаётининг зийнатидир ...”. ( Каҳф сураси, 46-оят). Болалар инсон ҳаётининг зийнатидир. Инсон ҳаётининг зийнати бўлган болаларни ҳимоя қилиш муҳим ишлардан биридир. Мана шу мақсадда ҳар йили ёзнинг биринчи куни дунё миқёсида болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланади.
Маълумки, халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни 1954 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан барча мамлакатларга 1956 йилдан бошлаб нишонлашни тавсия қилган байрам ҳисобланади. Ушбу байрам дунё болалари ҳаётини, сиҳат-саломатлигини яхшилашга йўналтирилган байрам тадбири саналади. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни жаҳон жамоатчилиги эътиборини болаларни турли хил хавфлардан сақлашга қаратиш кунидир. Бу кун болаларни турли хил шовқин-суронли ўйинлар ўйнатадиган кун эмас, балки болалар катталарнинг ҳимоясига муҳтож эканлигини эслатиб қўйиш кунидир. Ва болалар учун ота-она, барча-барча ёши катта кишилар жавобгар эканлигини таъкидлаш ҳамдир.
Шарқ халқлари азал-азалдан болалар тарбиясига алоҳида эътибор бериб келишади. Болаларни маънавий етук ва жисмонан бақувват бўлишлари уларни келажакда комил инсон бўлиб вояга етишлари учун муҳимдир. Ана шу эътибор туфайли шарқда кўплаб алломалар, фозилу-фузалолар етишиб чиқди.
Шўролар даврида болаларга эътибор кам эди. Шўро туғриқхоналарида бола туғилганидан онасидан ажратилиб, бола ўз онаси меҳри ва кўкрак сутидан маҳрум қилинар эди. Туғруқхоналарда оналар кўкрак сути махсус идишларга тўпланиб туғилган болаларга тарқатилар эди. Натижада туғилган болалар ўзлари билмаган ҳолда бошқа болалар билан ака-ука бўлиб қолишар эди. Ислом динида бир бола бошқа аёлнинг сутини ичса, у шу аёлга фарзанд, унинг болаларига ака-ука бўлиб қолади. Ва сут эмишган болалар вояга етгач она сути жиҳатидан ака-ука бўлганликлари сабабли уларнинг ўзаро никоҳланишларига рухсат берилмайди. “ Қуръони Карим”да: “Эмизган она ва эмикдош опа-сингиллар худди ўз онаси ва опа сингиллари каби никоҳи ҳаром қилинганлар қаторида бўлади”, дейилади. ( Нисо сураси, 23-оят). Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар: “Насаб орқали никоҳланиши ҳаром бўлган кишиларнинг эмикдошлик сабабли ҳам бир-бирига никоҳланишлари ҳаром бўлади”. Шу жиҳатдан Ислом дини инсонларни бундай никоҳланишдан қайтаради. Ҳозирги замон тиббиётида ҳам ўз яқинлари билан никоҳланиш туғиладиган болаларни ногирон, ақлан заиф туғилишига олиб келиши аниқланган.
Аллоҳ таолога шукрки, Мустақиллик туфайли болаларга бўлган эътибор кучайди. Бола туғилган кундан ўз онасининг бағрида, давлатимиз ғамхўрлигида униб ўсадиган бўлди.
Ёшлигидан ҳар томонлама соғлом бўлиб тарбияланган бола ота-онага меҳрибон, Ватан ва халқига содиқ инсон бўлиб етишади. Ана шундай ҳар томонлама соғлом бўлиб етишган инсон ўзининг кимлигини, қандай буюк зотларнинг авлоди, қандай бебаҳо мерос ворислари эканини теран англаб етади ва у она юртга муҳаббат ва садоқат ҳисси билан яшайдиган, она юртимизни ёт ва бегона таъсирлардан, бало-қазолардан сақлашга, Ватанимизни ҳар томонлама равнақ топишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшадиган бўлиб вояга етади.
Хулоса қилиб айтамизки, халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунининг бутун ер куррасида оммавий нишонланиши халқлар ўртасида бирдамлик ва ҳамкорликини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Болаларимиз ҳар кунимизнинг диққат марказида бўлмоғи шарт ва лозимдир. Чунки болалар порлоқ келажагимиз пойдевори ва эртанги кунимизнинг эгаларидир.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими