Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан
Замон ва одамлар, таълим ва тарбия улкан ҳаёт дарахтининг забардаст илдизларига ўхшайди. Кишилик жамияти яратилибдики, одамлар ана шу теран илдизлардан маънавий озуқа оладилар. Уларнинг сурат ва сийратларишу илдизларнингқанчалик бақувват ва чуқурлиги биланбелгиланади.
Юртнинг ривожи, халқнинг бахт-саодати ва баркамоллиги келажак авлод қўлидадир. Келажак авлод қанча яхши тарбия кўрган бўлса, давр, замон ҳам шунча яхшилик томон ўзгаради ва фаровонлик ортиб боради. Шу боис ҳар бир ота-оналар, устоз ва мураббийлар олдидадавлат аҳамиятига молик улкан ва муҳим вазифалар турибди. Кўп йиллик педагогик тажрибалар тарбиянинг эрта кечи, бошланиши, охири бўлмаслигини кўрсатмоқда. Уни бир нафас ҳам ўз ҳолига қўйиб бўлмайди. Чунки, бугун қандай кўчат эксак, эртага шундай мева оламиз.
Тарбия – узлуксиз жараён, жисмоний вамаънавий жиҳатдан етук, соғлом ёшлар эса жамиятнинг бардавомлигини таъминловчи олтин занжирдир. Жамиятнинг мағзи эса комил инсонлардир. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в “Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан” деганлар. Аллоҳ таоло боланинг ким бўлиб етишишига ота-она томонидан бериладиган тарбияни сабаб қилиб қўйган. Бу дунёдаги барча жараёнларни сабабият қонуни асосида кечадиган қилиб қўйган Аллоҳ таоло инсон боласининг одобли бўлиб етишишини тарбияга боғлаб қўйган. Бир киши донодан бу ҳақда сўраганда, донишманд унга: “Ҳовли жойинг, одобу илминг кимдан қолди? – деди. У киши “Отамдан” – деб жавоб берди. Доно унга: “Шунинг ўзи насиҳатдир. Агар сен яхшилик қилсанг, яхшилик қолади ёмонлик қилсанг, ёмонлик қолади”, - деди.
Тарбия ҳозирги кундаҳаётимизнинг бош мезони бўлиб қолди, чунки у – келажак мевасидир. Шундай экан, ақл идрокимизни, фаҳму фаросатимизни ишга солиб, дунёва охират саодатига эришайлик. Азалдан болажон халқимиз уларни севиш билан бир қаторда уларнинг тарбиясига ҳам катта эътибор бериб келганлар. Фарзанд тарбияси, энг аввало, ота-она зиммасидадир. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в шундай деганлар. “Ота-онанинг ўз фарзандига берган яхши таълим-тарбияси ва одобидек фазилатли ҳадяйўқдир”.Дарҳақиқат, ота-онанинг ўз фарзандига меҳри беқиёсдир. Тарбияни ҳам шу меҳр нурига пайваста қилиб, мурғак қалбларга сингдириш лозим. Фарзандларда катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ширинсуханлик каби олий сифатларнинг мужассамбўлиши ҳам муҳим омиллардан ҳисобланади. Ҳар бир ота-она фарзандининг дўсти кимлигига ҳам катта эътибор бермоғи лозим. Уни ёмон улфатларга қўшилиб, нобакор кимсалар билан суҳбатдош бўлиб қолишдан асраши керак.
Охирги пайтларда кўпинча катталарнинг ёшлардан шикоятини эшитиб қоламиз. Ёшларнинг катталарга бўлган ҳурматсизлиги, салом бериш каби улуғ ва савобли фазилатларнинг камайиб бораётганлиги, шарм-ҳаё, муомала одоби, ўзбек халқининг ўлмас қадриятлари ўрнига оммавий маданият таъсирига кириб қолаётганларидан нолийдиганлар учраб туради. Тўғри, ҳамма айбни ёшларга тўнкаш – осон иш, лекин бу билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бу иллатларнинг ёшларимиз ҳаётига кириб қолишидан асраш – аввало ота-онанинг бурчи, мураббий, ўқитувчилар ва қолаверса маҳалла фаолларининг олдида турган энг муҳим вазифа ҳисобланади.
Болаларимизга нисбатан ўта меҳрибонлик, уларни ортиқча суйиш, қилиқларининг яхши-ёмонлигига эътибор бермасдан эркалатиш ёки бўлмаса аксинча, болага нисбатан қўпол муомалада бўлиш, калтак билан тарбиялаш, унинг қизиқиш ва орзу-истакларига бепарво қараш каби иллатлар болаларнинг ёмон хулқ касб этишларига сабаб бўлади.
Хуллас, гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, балалар тарбиясига эътибор бериш катталарнинг зиммасига юклатилган. Зотан, Абдулла Авлоний айтганидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот – ё нажот – ё ҳалокат – ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Шундай экан, зиммамиздаги энг олий бурчни адо этиш – жондан азиз фарзандларимизниэл-юрт манфаати учун хизмат қиладиган баркамол авлод қилиб вояга етказишга бор салоҳиятимизу ақл-заковатимизни ишга солиб,сидқидилдан ёндашайлик.
Бугунги маънавий таҳдидлар, ғоявий курашлар авж олган бир пайтда фарзандларимиз онгига, уларнинг қалбига ўз Ватанига бўлган меҳр муҳаббатни сингдириш, мустақиллик – бу Яратганнинг Ўзи инъом этган улкан неъмат эканлиги, бунинг қадрига етиш, теварак атрофимизда бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга теран кўз билан қараш, холисона ёндашишни ўргатиш вамуқаддас динимиз ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган дин бўлиб, фақат эзгуликка чорловчи дин эканлигини тушунтира олишимиз – бизнинг ютуғимиз. Дарҳақиқат, жисмонан соғлом, маънавий жиҳатдан тарбиялибаркамол авлод – бизнинг келажагимиздир.
М.ҚОРАЕВ
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.