1442 йил 08 Зулқаъда | 2021 йил 17 июнь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:27
Sunrise
05:11
Dhuhr
12:38
Asr
17:48
Maghrib
20:04
Isha
21:48


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚИБЛА АҲЛИНИ ГУНОҲ САБАБЛИ КОФИРГА ЧИҚАРМАСЛИК...

1-06-2021, 16:07 188 Ўқиш режими + -
Қибла аҳлини гуноҳ сабабли кофирга чиқармаслик...

     Хаворижлар  Улуғ Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг олдиларига мунозара учун келишди. У кишининг қибла аҳлини гуноҳ сабабли кофирга чиқармасликларини билган хаворижлар у зотга шундай дейишди:
- Мана, масжид эшиги олдида иккита маййит турибди. Бириси арақхўр. Ароқ ичиб ўлган. Иккинчи маййит эса зинокор аёл. У зино қилиб, қорнида бола бўлиб қолгач ўзини ўлдирган. 
Шу иккиси кофирми ёки мусулмонми?
Шунда Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу хавориждан:
- Булар қайси миллатдан? Яҳудийми? -, деб сўрадилар. 
- Йўқ!
- Насронийми?
- Йўқ!
- Мажусийми?
- Йўқ!
- Ундай бўлса бу иккиси қайси миллатдан?
- Шаҳодат калимасини айтадиган Ислом миллатидан!
- Ўзинглар буларни Ислом миллатидан, деб туриб яна кофирми, деб сўряпсизларми? Ёки сизларнинг наздингизда шаҳодат калимаси иймоннинг учдан бири, тўртдан бири ёҳуд бешдан бири ҳисобланадими?
- Йўқ, иймон учдан бир, тўртдан бир ёки бешдан бир бўлмайди. Шаҳодат калимаси бутун иймонни ифода қилади.
- Шундай экан ўзинглар мусулмон эканини тан олиб турган ҳолингларда мендан уларни, кофирми, деб сўрашинглар нақадар тўғри?!
Хаворижлар жавобнинг салобатидан довдираб қолишди. Лекин яна саволларини давом эттиришди:
- Эй Шайх! Гапни айлантирма! Бу иккиси жаннатийми ёки жаҳаннамийми?
Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу шундай жавоб бердилар:
- Агар бу далилдан ҳам юз ўгирсанглар мен бу икки маййит тўғрисида Иброҳим алайҳис саломнинг ўз қавми борасида айтган сўзини айтаман. Ваҳоланки у қавмнинг жинояти бу иккисининг жиноятидан кўра оғирроқ эди:
--Эй Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан ~. (Иброҳим сураси 36). 
Мен бу икки маййит тўғрисида Ийсо алайҳис саломнинг ўз қавми борасида айтган сўзини айтаман. Ваҳоланки у қавмнинг жинояти бу иккисининг жиноятидан кўра оғирроқ эди: 
--Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азиз-ғолиб ва ҳикматли зотсан», деганини эсла ~ . 
(Моида сураси 118). 
Мен бу икки маййит тўғрисида Нуҳ алайҳис салом ва Набиййимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларини айтаман: 
-- Мен сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», демайман. Ғайбни ҳам билмайман. «Мен фариштаман», демайман. «Кўзингизга ҳақир кўринаётганларга Аллоҳ ҳаргиз яхшилик бермайди», демайман. Уларнинг дилларида нима борлигини Аллоҳ яхши биладир. Акс ҳолда, мен, албатта, золимлардан бўлиб қоламан», деди ~. 
(Ҳуд сураси 31)
Бу гапларни эшитиб хаворижлар таъсирланди. Қуролларини қўйишди ва:
- Ўзимиз қаттиқ туриб олган ҳар қандай диндан қайтдик ва сизнинг динингизга ўтдик. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизга улуғ фазл, ҳикмат ва илм берган экан!- дейишди...


 М.Абдураҳманов