1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АСРЛАРНИ ЗАБТ ЭТГАН АСАР

2-06-2021, 11:22 253 Ўқиш режими + -
АСРЛАРНИ ЗАБТ ЭТГАН АСАР
 
  
Ҳар бир тилнинг ўзига хос жозибаси ва тараннуми бор. Ҳар бир тил вакиллари ўзларининг тилларини бор жозибаси ҳамда балоғат қоидалари, сўз ифодалари, ўйинларидан фойдаланиб, шеърлар, назмий ва насрий асарлар битганлар. Аммо араб тилининг ўзига хос шундай бир жозибаси ва луғат бойлиги борки, бир олим айтганидек: “Араб тилида қушнинг қанотидаги ҳар бир патнинг алоҳида номлари бор”, мана бу сўзнинг ўзи араб тили нақадар бой ва ажиб тил эканлигини кўрсатади.
 
Аллоҳ азза ва жалла ўзининг динини мукаммал қилиб нозил қилар экан, унга тил ўлароқ араб тилини танлади. Динининг пайғамбари ўлароқ араб бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни танлади. Ўзининг каломи шарифи бўлмиш Қуръони каримни нозил қилар экан, унинг тили ўлароқ араб тилини танлади. Чунки мукаммал дин ва Аллоҳ таолонинг каломини маъноларининг кенглиги ва чуқурлиги ҳамда гўзаллик ва тароватини араб тилидан ўзга тил ифодалай олмас эди.
 
Араб тили “Наҳв” фани, яъни грамматикасининг шаклланиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейинги замонларга тўғри келди. Сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида саҳобийлар араб тилини туғма истеъдод ўлароқ жуда ҳам мукаммал билар эдилар. Уларнинг грамматикани ўрганишларига ҳожат йўқ эди. Умар розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб Ислом сарҳадлари кенгайиб, дини мубин, Қуръони карим, Ҳадиси шарифлар араб тилида сўзлашмайдиган халқларга етиб борганидан сўнг араб тили грамматикасини қоғозга битишга эҳтиёж вужудга келди. Чунки улар Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларни тушуниш учун аввало араб тилини ўрганишлари лозим эди. Араб тилини эса бошқа баъзи тиллардан фарқли ўлароқ грамматикаси бўйича битилган қўлланмасиз ўрганиб бўлмайди. Шу сабабли уламолар араб тили грамматикасига қуйидагича таърифлар бердилар: “Наҳв (грамматика) овқатдаги туз кабидир” ҳақиқатдан ҳам, овқатда туз бўлмаса, овқат бемаза бўлади. Шунингдек, агар тилни грамматикасини ўрганмасдан, эшитиш орқали ўрганиб олинса, унинг барча гўзаллик ва латофатларидан бебаҳра қолиб кетилади. Асмаъий роҳимаҳуллоҳ ҳам наҳв борасида ўз фикрларини қуйидагича билдирганлар: “Толиби илмнинг наҳв (грамматика)ни яхши ўзлаштирмаганлиги ва натижада Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг “Ким мен ҳақимда қасддан ёлғон тўқиса жойини дўзахдан тайёрлайверсин” деган сўзлари жумласига кириб қолиши менинг энг қўрққан нарсам”, деб айтганлар. Асмаъий роҳимаҳуллоҳнинг бу сўзларидан наҳв фанининг қадри юқори эканлигини яна бир карра билиб олишимиз мумкин.
 
Чексиз уммон бўлган араб тили уламоларининг сафи кенгдир. Ана ўшаларнинг самосида тўлин ой каби бўлган ёрқин намоёндаларидан бири Мулла Абдураҳмон Жомий ҳазратларидир. Ҳазратнинг тўлиқ исми Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад Жомий бўлиб, милодий 1414-йилда Жом шаҳрида таваллуд топганлар ва ёши кичиклигида отаси билан Ҳирот шаҳрига кўчиб ўтган. У киши шу ерда Жомий номи билан танилди. Диний ва дунёвий илмларни олишни Ҳирот шаҳрида бошлади. Дастлаб Ҳиротдаги Низомия мадрасасида таълим олди. У ерда тилшунослик йўналишида, хусусан, наҳв илмида шуҳратлари ошди. Наҳв илми бўйича у ерда Самарқандий ва Шиҳобиддин Ҳажирийлардан таҳсил олди. Сўнг илмини ошириш мақсадида замонасинг машҳур илм марказларидан ҳисобланган Самарқанд шаҳрига бордилар. Самарқандда Қозизода Румий роҳимаҳуллоҳ билан учрашди. Мулла Абдураҳмон Жомий ҳақида Қозизода Румий ҳазратларининг айтган тасанно ва мақтовлари у зотнинг шуҳратини Машриққа ёйди. Сўнг яна Ҳирот шаҳрига қайтиб, Темурийлар салтанатининг сўнгги султони Абулғози Ҳусайн Мирзо билан яқин бўлди. Ҳазратнинг шуҳратлари тобора ёйилиб, ҳатто Усмоний султонларгача етиб борди. Ҳазрат Жомий ҳаж сафарига чиққанларида Муҳаммад Фотиҳ Султон элчи юбориб, ҳазратни Истанбул шаҳрига қайтишларини таклиф қилди. Лекин ҳазрат бу таклифни рад этдилар ва Ҳирот шаҳрига қайтдилар. Мулла Абдураҳмон Жомий умрларининг охиригача Ҳирот шаҳрида истиқомат қилдилар ва милодий 1492-йилда 78 ёшларида вафот қилдилар


Акбаров Сайидолим