ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИ АСРАЙЛИК!
Барча замонларда ёшларни илм-маърифатли қилиб тарбиялаш ва одоб-ахлоқини яхшилаш катта аҳамият касб этган. Фарзандларимизни таълим-тарбияли бўлиб улғайиши, касб-ҳунар эгаллаши учун оила аъзоларининг ҳамкорликда иш юритиши бугунги тезкор замонга келиб янада долзарб масалага айланди. Фарзанд- Аллоҳ томонидан берилган энг азиз неъмат.
Имом Ғаззолий р.а. шундай деган эканлар: “Фарзанд ота-она ҳузуридаги омонатдир. Унинг покиза қалби нафис гавҳардир. Агар унга яхшилик ўргатилса, яхшилик узра вояга етади, дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Агар ёмонлик ўргатилса ёки бепарволик қилинса, бахтсиз бўлади. Уни асраш эса, унга одоб бермоқлик, кераксиз нарсалардан сақламоқлик ва гўзал ахлоқ ила тарбия қилмоқлик билан бўлади”.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”, деганлар. Шунингдек, яна бир ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, - деб марҳамат қилганлар.
Фарзандга тарбия беришдан мурод, келажакда уни имонли, эътиқодли, Ватанига, динига, миллатига, қадриятларига содиқ этиб камолга етказишдир.
Агар мана шундай аҳамиятли масалада бепарво бўлсак, куни келиб бу лоқайдлик, бепарволик учун жавоб берамиз. Чунки, пайғамбаримиз с.а.в: “Ҳар бирингиз қўл остингиздагиларга масъулсиз, ҳар бирингиз жавобгарсиз”, деган эдилар.
Соғлом оилада- соғлом фарзандлар дунёга келади. Соғлом деганда жисму-жон соғлиги эмас балки онг, қалб, руҳият, дунёқараш соғлиги ҳамдир. Аввало оилада соғлом муҳит яратиш муҳим аҳамиятга эга. Демакки, ота-она аввало ўз онгини тозалаши, соф ҳолатга келтириши лозим. Биринчи навбатда фарзанд тарбиясига асосан оналаримиз маъсул, бола она қорнида илк нишона бўлганиданоқ онанинг маъсулияти ошади. Кундан-кунга ўсаётган бола дунёни онанинг онги билан ҳис қилади. Сиз дунёга қандай назар билан қарасангиз фарзандингиз ҳам ўша назарда кўради. Шундай экан, нафақат ўзини, балки ватанимиз келажагини ўйлаган инсон фарзандларига тўғри тарбия бериб, маънавий дунёсини бойитиб бориши лозим.
Маьлумки,фарзанд тарбияси мураккаб жараён ҳисобланади. Шунинг учун ота-она фарзанд тарбиясида ниҳоятда ҳушёр бўлиши керак. Бу тўғрисида ўзбек мумтоз адабиётининг намояндаси ҳазрат Алишер Навоий ўзининг “Xазоинул маоний’’ асарида:
Одам асрорининг ижмолини қилдинг тафсил
Мундин эркинки дединг “ал валаду сирру абиҳ’’.
Мазкур байтда келтирилган “ал валаду сирру абиҳ’’ ибораси ҳадис бўлиб, “бола ота-онанинг сиридур’’деган маьнони билдиради. Кўриниб турибдики, ота-она оилада боладан ҳеч нарсани яшира олмайди ва шу асосда фарзанд тарбия топади. “Қуш уясидаги кўрганини қилади’’, деган мақол бежиз эмас. Ота-она асосий тарбиячи ҳисобланади. Педагогларнинг айтишича: “Тарбиячи болани тарбиялаш учун ўзи тарбияланган бўлиши керак”.
Оиладаги coғлoм муҳит ва тўғри тарбия фарзанднинг кейинги оладиган билим ва касб – умуман олганда келажаги учун пойдевор вазифасини ўтайди. Фарзандлар тарбиясига бепарволик бу болаларимизга ўзгалар тарбия қилишлари учун йўл очиб бериш ҳисобланади. Ҳозирги замонда халқаро доираларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган терроризм, экстремизм, зўравонлик каби жаҳолатлар қурбонларининг аксарияти болалардан иборат. Бугунги кунда виртуал тармоқлардан 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган инсонлар фойдаланиб келишмоқда. Бу ёшларимизнинг билим ва керакли ахборотларни олиш учун катта имкониятдир. Аммо фарзандларга бундан оқилона фойдаланиш кераклигини, ижтимоий тармоқлар ёт ғояларни тарғиб қилувчи ахборот қуроли эканлигини ҳам тушунтириб қўйиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”. Ушбу сўзларнинг маъносини тушунган ҳолда унга қаттиқ амал қилсак, келажагимиздан кўнглимиз тўқ бўлади.
Мамлакатимизда фарзанд тарбияси ва уларнинг ота-отаси олдида маъсулиятини ошириш, оналик ва болаликни давлат томонидан муҳофаза қилиш мақсадида мазкур масала мамлакатимиз Конституциясига ҳам алоҳида боб қилиб киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5- моддаси. Фарзандлар ота-оналарининг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатьий назар, қонун олдида тенгдирлар.
66-модда. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдилар.
Ушбу моддалар ота-оналарнинг фарзандлар билан муносабати, оила тақдири давлатимиз ва жамиятимиз тақдири билан чамбарчас боғлиқлигининг ифодасидир.
Имом Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Кимда-ким фарзандининг тарбиясида бепарво бўлиб, уни ўз ҳолига қўйиб берар экан, ундай одам ўз фарзандига энг катта зулм қилган саналади”.
Шундай экан, огоҳ бўлайлик, фарзандларимиз онгига илму ирфон, поклик, диёнат, одоб-ахлоқ, диний-миллий қадриятларимизни сингдиришга бор кучимизни сафарбар этайлик.
Садатова Наргиза - ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими