МУҲАММАД АВВОМА КИМЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ?
Шайх Аввоманинг тўлиқ исмлари – Абу Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдулқодир ибн Умар ибн Алий Аввома Ан-Нуъаймий Ал-Ҳусайнийдир.
Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ ҳижрий 1358 йил 14 зулҳижжа куни (милодий 1940 йили 1 январь) Суриядаги Ҳалаб шаҳрининг машҳур «Бобул Мақом» маҳалласида дунёга келдилар.
Муҳаммад Аввома ҳазратлари тақводор, солиҳ хулқли ва шу билан бирга оддий ва самимий муҳитда ўсиб улғайдилар. Бу муҳит кичкина, содда бўлгани билан, лекин маънавий жиҳатидан катта, илмий ҳамжамиятда улуғ мавқега эга эди. Оталари ҳам тақводор, солиҳ ва илмли, юмшоқ табиатли, яхши дўст, сиёсатдон ва узоқни кўра билувчи киши эди.
Муҳаммад Аввома ҳазратлари диний маърифатли муҳитда яшадилар. Биринчи бўлиб оталарининг қалин дўсти, фазилатли шайх, фақиҳ, тақводор зот Муҳаммад Салқийний роҳимаҳуллоҳ ҳазратларига шогирд тушдилар.
Муҳаммад Аввома дастлаб 1952 йилда Умар ибн Абдулазиз номли бошланғич таълим мактабини тамомладилар. Сўнг ўша пайтда усмонийларнинг Ҳалабдаги ҳокимларидан бири Шаъбон пошога мансуб шариат мадрасасига ўқишга кирдилар.
1953 йилда биринчи устозлари – фазилатли шайх Муҳаммад Салқийний роҳимаҳуллоҳнинг тавсияси билан «Шаъбония» мадрасасига ўқишга кирдилар. У кишининг шариат мадрасаларида шаръий илмлар олишига авваламбор мана шу устозлари сабабчи бўлган.
Муҳаммад Аввома бу мадрасани 1962 йилда тамомладилар.
Шайх Аввома 1962 йилда Ислом шариати куллиётига ўқишга кириб, 1967 йилда ўқишни тамомлагач, устозлари шайх Абдуллоҳ Сирожиддин ҳазратлари тавсиясига кўра Шаъбония мадрасасида дарс бера бошладилар. Шу йилнинг ўзида уни ушбу мадрасага муаллим ва кутубхона бошлиғи қилиб тайинлашди. 1979 йилда Суриядан кетгунларига қадар ушбу мадрасада таълим бердилар.
Шайх Муҳаммад Аввома 1980 йилда Мадинаи мунавварага кўчиб ўтдилар. У ердаги Ислом университетига жойлашиб, “Пайғамбар алайҳиссалом суннатлари ва сийратлари” номли бўлим очдилар.
Шайх Муҳаммад Аввоманинг вақтни ғанимат билишлари, уни беҳудага сарфламасликлари ҳаётлари ва шахсиятларининг шаклланишига таъсир кўрсатган устозларининг одатлари, фазилатлари эди. Вақтни ниҳоятда қадрлашлари барчага зарбулмасал қилинадиган фазилатли аллома, шайх Аҳмад Қоллашнинг ҳам одатлари шундай эди. Бир куни у киши Муҳаммад Аввомага: «Умримнинг бир соатига ҳам ачинмайман», деган эканлар. Бу эса олий даражаларнинг энг юқори чўққисидир.
Шайх Муҳаммад Аввоманинг бир қатор асарлари бўлиб, улар бугунги кунда деярли дунёнинг барча мамлакатларига тарқалиб улгурган:
• Умар ибн Абдулазиз. Муснад. Ушбу китобнинг ҳадислари шарҳланган, ривоятларини мукаммаллаштириб, ҳадисларнинг ровийлари ёзиб чиқилган.
• Самъоний. Ал-Ансоб (асарнинг бир қисми шарҳланган).
• Ҳофиз Ибн Ҳажар. Тақриб ат-Таҳзиб (таҳқиқ).
• Заҳабий. Ал-Кошиф.
• Ибн Носириддин ад-Димашқий. Мажолис.
• Мин сиҳоҳил-ҳадисил-қудсийя.
• Ал-мухтор мин фароид ан-нуқул вал-ахбор.
• Ал-қавл ал-бадиъ фис-солати алал-Ҳабиб аш-Шафиъ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
• Шарҳу Сунан Абу Довуд (таҳқиқ ва таълиқ).
• Имом Термизий. Шамоили Муҳаммадия (таҳқиқ)
• Ибн Абу Шайба. Мусоннаф (таҳқиқ ва тахриж, насслар қувватланган. Ушбу асар ўн олти йиллик меҳнат самарасидир).
• Диросату ҳадисийя.
• Хутувот ал-манҳажийя.
• Ривоя ал-ҳадис аш-шариф билмаъно.
• Маолим ал-иршодийя лисаноъа толиб илм.
• Ҳужжияту афъоли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам усулийян ва ҳадисийя.
• Тадриб ар-ровий (таҳқиқ).
Шайх Муҳаммад Аввома 2008 йили Ўзбекистонга ташриф буюрдилар. Мамлакатимизнинг кўплаб вилоятларига сафар уюштириб, машҳур алломаларимизнинг қадамжоларини зиёрат қилдилар.
Умаржон Абдуманнонов,
ТИИ Махсус сиртқи бўлим битирувчиси
Бекмурод Саҳриев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими