АБУ ҒУДДА КИМЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ?
Шайх Абдулфаттоҳ ибн Муҳаммад ибн Башир ибн Ҳасан Абу Ғудда 1335 ҳижрий сана 17 ражаб, 1917 милодий сана, 9 май куни Суриянинг шимолидаги Ҳалаб шаҳрида, диндор ва тақволи оилада таваллуд топганлар.
У киши уч ўғилнинг кичиги бўлиб, ўзларидан катта Шарифа исмли опалари, ўзларидан кичик Наима исмли сингиллари бор эди.
Оталари Муҳаммад танишлари ичида тақво, салоҳият, зикр, Қуръон қироати билан танилган шахслардан эдилар. Бу киши ота касблари тўқима газламалар савдоси билан шуғулланардилар.
Боболари Башир ҳам Ҳалабдаги тўқима газлама савдогари эдилар.
Оналари эса Фотима Музакталий бўлиб, 1956 милодий санада вафот этганлар.
Шайх жанобларининг ота томондан насаблари машҳур саҳоба Холид ибн Валидга бориб тақалади. Шайхнинг хонадонларида ушбу насаб шажараси сақланиб келади. Абу Ғудда исмлари эса нисбий сўз бўлиб, ундан ташқари Саббоғ ва Мақсуд деган номлари ҳам бор эди.
Шайх жаноблари аввалига оталари ва боболарини дўконларида ишладилар. Кейин Ҳасан Саббоғ билан Абий бозорида ижарачи бўлиб ишладилар. Мана шу дўкон ҳозирги кунимизда ҳам ишлаб турибди.
Шайх Суриядаги шаръий санавийни битиргач, 1944 йили Азҳари шарифга ўқишга бориб, шариат факултетига ўқишга кирдилар.
1944 йилдан 1948 йилгача у ердаги забардаст олимлар дарсида иштирок этдилар. Ундан кейин Азҳарнинг араб тили факултетида "Дарс ўтиш психология"си мутахассислигини қўлга киритдилар. 1950 йили мазкур даргоҳнинг дипломини олдилар.
Шайх Мисрдаги ўқишларини тамомлагач Сурияга қайтиб келиб, 1951 йилда Исломий тарбия мударрислиги учун ўтказилган мусобақада қатнашиб, энг юқори ўринни эгалладилар. Исломий тарбия фанидан 11 йил дарс бердилар. Бундан ташқари мактабларга дарслик ёзишда ҳам шуғулландилар. Ва яна имом ва хатиблар тайёрлайдиган даргоҳда дарс бердилар. Ундан кейин Дамашқдаги шариат факултетида мударрис бўлиб таъйин этилдилар. У ерда уч йил "усулул фиқҳ", "ҳанафий фиқҳи", "мазҳаблар орасидаги қиёсий фиқҳ"дан дарс бердилар. Ундан кейин Ибн Ҳазмнинг маҳаллий фиқҳи энциклопедиясини тузишда ҳам иштирок этдилар. У икки жилдда нашр этилди.
1996 йили шайх жаноблари кўзларида хираликни ҳис қилдилар. Даволаниш учун Ҳалаб шаҳридан муолажа учун Риёзга бордилар. 1997 мелодий, 16 феврал, (1417 ҳижрий, 9 шаввол) якшанба куни бомдод пайтида, 80 ёшда фоний дунёдан боқий ҳаётга сафар қилдилар.
У зотни ўғиллари шайх Салмон ва шогирдлари шайх Муҳаммад Рашидлар ювиб, кўмишга тайёрлашди. Пешин намозидан кейин Риёздаги масжидда жаноза ўқилди. Сўнгра махсус учқичда оилалари ва маҳбублари билан Мадинаи мунавварага олиб борилди.
У ерда ҳам хуфтон намозидан кейин жаноза ўқилиб, кейин Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам яқинлари дафн этилган Бақиъ қабристонига кўмилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадис ва суннатларига хизмат қилганлар мана шундай тақдирланар эди.
Аллоҳ таоло шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда жанобларини ўз раҳматига олиб, у зотга Ўзининг Фирдавс жаннатидан жой берсин. Ҳазратнинг қолдирган асарларидан фойдаланиб, унга амал қилишни барчамизга насиб этсин.
Элбек Боқиев,
ТИИ Махсус сиртқи бўлим битирувчиси
Бекмурод Саҳриев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими