ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ, ЁШЛАРНИНГ ИЛМ-МАЪРИФАТГА ЭЪТИБОРИНИ ҚАРАТИШ (1-қисм)
4967
3-06-2021, 09:02
278
Ўқиш режими
+
-
ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ,
ЁШЛАРНИНГ ИЛМ-МАЪРИФАТГА ЭЪТИБОРИНИ ҚАРАТИШ
(1-қисм)
Маълумки, фарзанд неъмати Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат бўлиб, ҳар бир ота-она бу неъматни қадрига етиб, ҳаққини адо қилиши зарурдир. Динимизда фарзанд тарбиясига катта аҳамият берилган бўлиб, уни фарзанд ҳатто дунёга келмасидан олдин бошлаш керак экани бир қанча китобларимизда баён қилинган.
Муқаддас динимиз отанинг зиммасига фарзанди дунёга келишидан олдин бир қанча вазифаларни юклаган. Қуйида улардан баъзисини баён қиламиз:
- Бўлажак фарзанд учун одоб-ахлоқли, дину диёнатли она танлаш. Чунки фарзанд тарбиясига отадан кўра онанинг таъсири кўпроқ экани барчамизга маълум. Сабаби – оталар кўпроқ вақтларини оиласининг моддий таъминоти учун кўча-кўйда ўтказадилар. Фарзанд эса кўпроқ онаси билан уйда қолади. Фарзанд ким билан кўпроқ мулоқотда бўлса, табиийки ўшанинг таъсири катта бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада шундай деганлар:
تَخَيَّرُوا لِنُطَفِكُمْ فَانْكِحُوا الْأَكْفَاءَ
(رواه الإمام ابن ماجه عن عائشة رضي الله عنها)
яъни: “Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинглар!” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, фарзанд одоб-ахлоқли бўлиши учун унинг биринчи суҳбатдоши бўлмиш – онасини ҳусни хулқли ва солиҳасини танлаш отанинг бурчи экан.
- Эр-хотинлик муомаласидан олдин ота ҳадиси шарифда келган дуони ўқиши керак. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Агар сизлардан бирингиз ўз аёлига яқин келишни хоҳласа: “Бисмиллаҳи, Аллоҳумма жаннибнаш шайтона ва жаннибиш шайтона маа розақтанаа” десин. Шундай муомаладан кейин Аллоҳ уларга фарзанд тақдир қилган бўлса, ўша фарзандга шайтон ҳеч қачон зарар бера олмайди” (Имом Бухорий ривоятлари).
Уламоларимиз айтадиларки, “бисмиллоҳ” билан бўлган фарзандни шайтон маълум миқдорда васваса қилиши мумкин, лекин ҳеч қачон уни буткул ўзига бўйсиндира олмайди.
Демак, фарзандни шайтон васваса қилмаслиги учун отанинг ҳиссаси жуда катта экан.
- Ҳомиладор бўлган онага ҳалолдан едириш – отанинг зиммасидаги фарзанд учун бажариши керак бўлган вазифалардан биридир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар:
لَا يَرْبُو لَحْمٌ نَبَتَ مِنْ سُحْتٍ إِلَّا كَانَتْ النَّارُ أَوْلَى بِهِ
(رواه الإمام الترمذي عَنْ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Қайси гўшт ҳаромдан улғайса, жаҳаннамга киришга лойиқ бўлади” (Имом Термизий ривоятлари).
Маълумки, ҳомила она озуқасидан ривожланади. Шунинг учун онанинг луқмаси ҳомилага албатта таъсир қилади. Шундай экан, ҳомиладор она истаган нарсасини ота олиб келишда биринчи навбатда ҳалол эканига эътибор қаратиши айни муддаодир.
Динимиз отанинг зиммасига фарзанди дунёга келгандан кейин бир қанча вазифаларни юклаган. Қуйида улардан баъзисини баён қиламиз:
- Ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтиш. Агар ота буни ўзи бажара олмаса, бошқа кишини ўзидан вакил қилса ҳам бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмайди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Умму Сибён – болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир. Унинг қиладиган иши гўдакларга зарар етказишдан иборат. Аммо боланинг қулоғига азон ва такбир айтиб қўйилса, мазкур жин болага зарар етказа олмай қолади. Бундан ташқари, янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса Аллоҳнинг зикри бўлиши қандай ҳам яхши. Шунингдек, азон ва такбир боланинг қалбига, бутун вужудига яхши таъсир қилишидан умидворлик ҳам бор.
- Фарзандга маъноли ва чиройли исм қўйиш – ота-онанинг бурчларидан биридир. Фарзанд келажакда ўз исмидан уялмайдиган бўлиши керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِنَّكُمْ تُدْعَوْنَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِأَسْمَائِكُمْ وَأَسْمَاءِ آبَائِكُمْ فَأَحْسِنُوا أَسْمَاءَكُمْ
رَوَاهُ الإمام أحْمَدُ عَنْ أَبِى الدَّرْدَاءِ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ
яъни: “Қиёмат кунида ўз исмингиз ва оталарингиз исмлари билан чақириласизлар. Шунинг учун фарзандларга чиройли исм қўйинглар!” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмларнинг яхшиси – бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир”, – деганлар. Шунинг учун, “Аллоҳ таолога бандалик” маъносини англатувчи Абдуллоҳ, Абдураҳмон ва “Аллоҳ таолога ҳамд” маъносини англатувчи Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади.
Шунингдек, Пайғамбарлар, саҳобалар ва тобеинлар каби улуғ зотларнинг исмлари ҳам қўйишга тавсия қилинган яхши исмлар ҳисобланади.
Қизларга ҳам ўтган улуғ момоларимиз, саҳобия аёллар ва “эзгулик” маъносини англатувчи исмларни қўйиш тавсия қилинади.
(давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди)