Фарзандлар одоби
Мўъмин-мусулмонлар ота -оналарига нисбатан катта меҳр-оқибат кўрсатадилар. Халқимиз орасида ота-онага нисбатан ҳурматда бўлиш фарзандларнинг ёшлигидаёқ шакллантирилади. Фарзандлар оилада, маҳалла ва жамоат жойларида ота-онага нисбатан катта эътибор руҳида тарбияланадилар.
Ота-она хизмати фарзанд учун шарт бўлган амалдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “ Раббингиз, ўзига ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни буюрди. Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар. Уларга “ Уф..” дема ва жеркима. Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан. Хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгил!””.( Исро сураси. 23-24оят).
Фарзандлар ўз ота-онасига яхши муомила қилиши, ширин сўз бўлиши, уларга меҳрибонлик, раҳм-шавқат кўрсатиши лозим. Бир киши Пайғамбар ҳузурига келиб:
“ Ё расулаллоҳ, кимга яхшилик қилай?”, деб сўради.
“ Онангга “, дедилар.
“ Сўнгра яна кимга?”, деди.
“ Онангга”, дедилар.
“ Сўнгра яна кимга?”, деди.
“ Онангга”, дедилар.
“ Сўнгра яна кимга?”, деди.
“ Отангга”, дедилар.
Пайғамбар ҳузурига келиб бир киши бирор ишга буюришларини сўради. Шунда Пайғамбар (с.а.в.): Ота-онанг тирикми?”деб сўрадилар. У: “ Ҳа” деб жавоб берди. “ Ота-онанг хизматини қил!”, дедилар.
Бу ҳақда ҳазрати Алишер Навоий шундай ёзадилар:
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа она бошиға.
Ота-онанинг борлиги фарзанд учун давлатдир. Ота-онани йўқотиш давлатини йўқотиш билан баробар. Ота-онаси бор фарзанднинг уйида барака, у манзил фариштаси бор ҳовлидир. Ота-онаси бор фарзанднинг насиҳатгўйи, тўғри йўлга бошлаб турувчи дуогўйи бор. Ривоят қилишларича қадим замонда бир мамлакат бўлиб, у мамлакатда ёши кексайиб қолган ота-оналарни баланд тоққа олиб чиқиб, пастга ташлаб келиш одати бор экан. Ўша мамлакатда бир йигит бўлиб, у йигитнинг ҳам кекса отаси бор экан. У йигит ҳам отасини орқасига кўтариб, тоққа қараб йўлга тушибди. Тоққа яқин бир катта тош устига тўхтаб дам олибди. Шунда отаси ўғилига қараб мийиғида кулибди. Ўғли эса отасидан бунинг сабабини сўрабди. отаси: “ Бир вақтлар мен ҳам отамни кўтариб келиб шу тош устида нафасимни ростлаган эди. Ойу кунлар тез ўтиб, умр ўтиб бўлди. Мана бугун ўғлим мени тоғдан ташлагани олиб келиб. Ўша тош устида тўхтади. Отамга қилганим ўғлимдан қайтиб турибди” деган экан. Отасининг бу гапидан қаттиқ таъсирланган ўғли отасини қайтариб уйига олиб келибди. Яхшиликнинг жазоси яхшиликдир. Кимки ота-онасига қилган яхшилиги унинг фарзандларидан қайтади. Инсон ота-онасига қандай муомила қилса, унга ҳам шундай муомила қилинади. Бу ҳақда А.Навоий ҳазратлари шундай дейдилар:
Фарзанд ато қуллуғин чу одат қилғай,
Ул одат ила касиби саодат қилғай,
Ҳар кимки атоға кўп риоят қилғай,
Ўғлидин анга бу иш сироят қилғай.
Аслида, бутун умри давомида инсон ўз ота-онасини хизматини қилса ҳам ота-онасини ҳаққини адо қила олмайди. Бу ҳақда ривоят қилинишича, бир киши онасини елкасида кўтариб келиб, пайғамбар (с.а.в.)дан сўрабди: “ Онам мени ёшлигимдан кўтариб катта қилган эди. Мен уни елкамда кўтариб Макка-Мукарримага олиб бориб келаяпман. Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?” деб, сўрабди. Пайғамбар ( с.а.в.) унга шундай дейдилар: “ Онангни елкангда кўтариб Макка-ю Мукарримага олиб бориб келсанг ҳам, онангнинг бир кечалик ухламай сут бериб чиққанлик ҳаққини адо қилолмаган бўласан”.
Фарзандлар хизмат қилиб ота-оналарининг дуоларини олиш керак. Зеро ота –оналарнинг фарзанд ҳақидаги дуолари мустажобдир. Инсон ота-онасига қанчалик хизмат қилиб, уларнинг розилигини қўлга киритиб, уларнинг дуосини олса, албатта бу нарсалар беҳуда кетмайди. Ҳадисда: “Ким ўз ота-онасини рози қилса, худони рози қилган бўлади. Кимки ота-онасини норози қилса, худони норози қилган бўлади” дейилади. Ва яна ҳадисда: “ Кимки эрталаб ота-онасини зиёрат қилиб, уларнинг дуосини олса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан иккита эшик очади. Агар улардан биттасини зиёрат қилса, жаннатдан битта эшик очади. Бола ота-онасидан қайси бирини хафа қилса, уни рози қилмагунча Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди”, дейилади.
Ота-она вафот этгандан сўнг ҳам фарзандларда уларнинг ҳақлари бўлиб туради. Ота-она вафот этгандан сўнг уларнинг ҳақларига дуо қилиш, васият ва омонатларини адо қилиш, ота-онанинг қариндош-уруғ, дўст-ёрларини йўқлаб туриш фарзандлар зиммасидаги ота-оналар ҳаққи ҳисобланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига ота-онаси вафот этиб кетган бир киши келиб:“ Менинг ота-онам вафот этиб кетишган, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилсам бўладими?”деб сўрайди. Шунда пайғамбар (с.а.в.) :“ Ҳа тўртта иш бор, уларни бажарсанг, ота-онангга яхшилик қилган бўласан. Ота-онанг ҳаққига дуо қилиб туришинг, ота-онангни бандачиликдаги билиб-билмай қилган гуноҳларига Аллоҳ таолодан мағфират сўрайсан, ота-онангни васият ва омонатлаприни адо қилишинг, ота-онангни дўст-ёрларини йўқлашинг ва уларнинг қариндош-уруғлари билан боғланиб туришингдир”, деб жавоб берадилар. ( Бухорий ривояти).
Минг афсуски, баъзан орамизда ота-онани ҳурматсиз қилиш ҳоллари учраб турибди. Бир киши отасини ранжитибди. Сўнгра отасидан кечирим сўраш учун келса, отаси мевали дарахт экаётган экан. Отасидан мевали дарахтни бунчалик кўп экаётганини сўрабди. Шунда отаси:« Итоатсиз фарзанддан кўра, мевали дарахтни кўпроқ эккан яхшими, деб ўйлаяпман. Ноқобил фарзанд ота-онага лаънат олиб келса, экилган дарахт инсоннинг орқасидан раҳмат юборади”, деб жавоб берган экан.
Ота-она олдида фарзанд ўз одобини сақлаши лозим. Пайғамбар (с.а.в.) Бир йигитдан сўрадилар:“Ҳой йигит, ёнингда ким?”. У: “ Отам”, деди. Шунда у зот йигитга шундай насиҳат қилдилар:“Отангдан олдин юрма, ундан олдин ўтирма, отангни исмини айтиб чақирма ва уни ҳақоратлама”.
Фарзанд ота-онасининг розилигини топиш учун қуйидаги одобларга амал қилиш лозим:
Ота-она дам олаётган ёки ухлаётган бўлса, фарзандлар уларни безовта қилмаслиги лозим. Қадим замонда бир кишининг явловда моли бўлиб, кун бўйи уларни боқар, кечқурун уларнинг сутидан кекса ота-онасига олиб келар экан. Кунлардан бир кун у явловдан кеч қайтибди. Ота-онаси ухлаб қолишган экан. У киши ота-онасини уйқудан уйғотиб, уларни безовта қилмасдан уларнинг ёнида то тонг отгунча қолади. Ота-онаси уйғонгандан сўнг уларга сутни беради. Кеча кечиккани учун ота –онасидан узр сўрайди. Ва ота-онасининг дуосини олади. Ота-онасининг дам олаётган пайтларида уларни нотинч қилмай, улар уйғонгунча сабр қилган фарзанд ота-онасининг, яратганнинг розилигига эришади. Унга жаннат эшиклари очилади.
Ҳазрати Алишер Навоий шундай дейдилар:
Оналариннг оёғи остидадур,
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғин висолин истар эсанг,
Бўл онанинг аёғи туфроғи.
Ота-она фарзанд учун давлат. Давлат учун ҳамиша шукр қилиш ва ота-она розилигини топиш учун ҳаракат қилиши лозим. Ота-онасини розилигини топган инсон эса икки дунё саодатига эришади.
Р. Акбаров
ЎМИ нинг Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими