1442 йил 08 Зулқаъда | 2021 йил 17 июнь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:27
Sunrise
05:11
Dhuhr
12:38
Asr
17:48
Maghrib
20:04
Isha
21:48


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“МУРИД” ДЕГАНИ КИМ?

9-06-2021, 14:00 27 Ўқиш режими + -
“Мурид” дегани ким?
 
Баъзан “фалонча мурид бўлибди”, “фалончанинг муридлари бор” деган гапларни эшитиб қоламиз. Авваламбор, “мурид” сўзи нима маънони беришига эътиборимизни қаратсак.
Маълумки “мурид” сўзи араб тилидан ўзбек тилига кирган сўзлар сирасига киради. У ўзбек тилида “хоҳловчи”, “ирода қилувчи” деган маъноларини англатади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да эса “Издош, эргашувчи, шогирд” маъноларини ифодалаши айтилган.  
“Мурид” сўзининг маъноси ҳақида “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобида шундай дейилади: “Мурид сўзи арабча бўлиб, “ирода қилувчи” деган маънони англатади. Аҳли тасаввуф бу истилоҳни Қуръони каримдаги “Ўзингни эртаю кеч Роббиларига, унинг юзини ирода қилиб, дуо қилувчилар билан бирга тут. Дунё ҳаётининг зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат этма” (Каҳф сураси, 28-оят) ояти каримасидан олинган, дейдилар[1]". 
Демак,  Аллоҳ таолонинг юзини ирода қилувчи, эрта-ю кеч Унинг розилигини иставчи киши мурид дейилади. “Мурид” сўзини Аллоҳ таолога нисбатан ишлатиш тўғри бўлади. Чунки ҳар бир мурид Аллоҳ таолонинг муриди бўлади, ва шунга кўра “шайхнинг муриди” деган истилоҳ мутлақо нотўғри бўлади. Бу ҳақда “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобида: “Бинобарин, мурид Аллоҳ таолонинг муриди бўлади. Муридларнинг асосий аломати “эртаю кеч Робларига, Унинг юзини ирода қилиб дуо қилиш” билан содир бўлади. Ушбу далил ва маънодан келиб чиқадиган бўлсак, “шайхнинг муриди” деган истилоҳ мутлақо нотўғри бўлади. Баъзи бир “шайхларнинг “ўз муридим бор” дейиши ва муридларни худди ўзининг қулидек кўриши ҳам мутлақо нодуруст бўлади[2]” дейилади.
Юқоридагилардан шуни хулоса қиламизки, Аллоҳ таолога иймон келтириб, Унинг буюрганини қилиб, қайтарган нарсаларидан қайтиб, фақат Унинг розилигини топишни истовчи кишини ҳақиқий маънода мурид деб атаймиз. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилигини топиш учун ҳаракат қиладиганлардан бўлишимизни муваффақ қилсин!
 

Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими 
         
 
[1] Шайх М. Содиқ. М. Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур.  Ҳилол нашр. Т.  2019. 179-бет.
[2] Шайх М. Содиқ. М. Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур.  Ҳилол нашр. Т.  2019. 179-бет.