1442 йил 08 Зулқаъда | 2021 йил 17 июнь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:27
Sunrise
05:11
Dhuhr
12:38
Asr
17:48
Maghrib
20:04
Isha
21:48


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РИЁКОРЛИКДАН САҚЛАНИШ ҲАҚИДА

9-06-2021, 14:02 22 Ўқиш режими + -
РИЁКОРЛИКДАН САҚЛАНИШ ҲАҚИДА
 

Риё – банданинг зоҳиран Аллоҳ ризосини топишни, ботинан эса қандайдир бир мақсадни кўзлаб қилган бирор бир амални қилиши ёки қайтарилган амалдан тийилишидир. 
Жаноби Расулуллоҳ (сав) Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда риё нақадар улкан гуноҳ эканлиги ҳақида марҳамат қилганлар:
“Мен сизларда содир бўлиб қолишидан қўрқадиган нарсамнинг энг ёмони – кичик ширкдир”. Саҳобалар: “Ё Расуллуллоҳ, кичик ширк нима?” – деб сўрадилар. Расулуллоҳ (сав): “Риё” – деб жавоб бердилар.
Демак, ушбу ҳадисдан маълум бўлаяптики, ширк икки хил бўлади. Катта ширк ва кичик ширк. Катта ширк ҳаммамизга маълум бу очиқ ойдин Аллоҳга ширк келтириш, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш, ибодатларга Аллоҳга бирор зот ёки нарсани шерик қилишдир.Ушбу ҳадис маъносига асосан амалларнинг Аллоҳ ризоси учун бўлмай одамларга кўрсатиш, улар ўртасида обрў топиш ёки одамлардан ажралиб қолишдан қўрқиб қилиниши риё яъни ширк ҳисобланар экан.
Риёнинг ширк деб қаттиқ қораланишининг боиси ислом дининг негизи бу, инсониятни ягона Аллоҳга ибодат қилишга буюришдир. Риёкор эса ўзининг ҳатти-ҳаракати билан ушбу илоҳий қонунни бузади. Яъни зоҳиран ўзини Аллоҳнинг буйруғини бажараётган киши қилиб кўрсатиб, ботинида эса бошқа бир мақсадни кўзлаган бўлади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бандаларнинг зоҳирига эмас, балки қалбларидаги ниятларига қараб охиратда ҳисоб-китоб қилади. Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қилган ҳадисда жаноби Расулуллоҳ (сав) шундай деганлар:
“Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Балки, қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади”.
Қатода (рз.) айтадилар: “Банда қачон риё билан амал қилса, Аллоҳ: “Бандам мени қандай масхара қилаётганини қаранглар” – дейди”.
Риё билан қилинган амал қиёмат куни ўз соҳибига ҳеч қандай наф ва манфаат келтирмайди. 
Барча иллатларнинг давоси, яъни ундан қутулишнинг йўли бўлгани каби риёдан сақланиш ва ундан қутулишнинг ҳам чоралари бор. Уламолар Қуръони карим ва суннатга таянган ҳолда риёдан сақланишнинг бир қанча йўлларини кўсатганлар. Жумладан: Биринчи: Аллоҳ таолодан қўрқиш, яъни қилаётган амаллари учун Аллоҳ таолодан ажр ёки жазо берилишини ва Аллоҳ таоло уни кўриб турганини ҳис қилиш. яъни: “Аллоҳга гўё уни кўриб тургандек ибодат қилингиз! Гарчи уни кўрмасангиз ҳам, билингким, у сизни кўриб тургувчи зотдир”.
Иккинчи: Банда унга берилаётган неъматларни барчаси Аллоҳ таоло томонидан деб билмоғлиги: яъни: “...Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганда эди, сизлардан бирор киши (туҳматдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”.
Учинчи: Риёнинг дунё ва охиратдаги салбий оқибатларига эътибор бериш. Бу ҳақда Жаноб Расулуллоҳ (сав) марҳамат қилиб: яъни: “Аллоҳ таоло одамларни ҳеч шубҳасиз бўладиган қиёмат куни жам қилганда нидо қилучи: - Аллоҳ учун қилинган амалга бирор бир нарсани шерик қилганлар амалларнинг савобини Аллоҳдан бошқадан (яъни шерик қилганлардан) сўрасинлар! Чунки Аллоҳ ҳар қандай шерикдан холи зотдир” – деганлар.
Тўртинчи: Тунги (нафл) ибодат, махфий садақа ва ёлғиз қолганда Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш каби амалларни кўп қилишлик. Расулуллоҳ (сав): яъни: “Эй инсонлар, намозларингизни уйингизда ўқинглар. Чунки фарз намозларидан бошқа намозларининг энг яхшиси уйда ўқилганидир” – деганлар.
Илоҳо парвардигор сизу бизларни мана шундай иллатдан асрасин. Қилаётган ҳар бир ишимиз, хайру эҳсон ва ибодатларимизни Ўзи рози бўладиган даражада адо этишликка муваффақ этсин. Барчаларимизни саҳий қалб, қўли очиқ бандаларидан бўлиб, риёдек иллатдан омон бўлишимизни насиб айласин!
 


Х. Хонимов
Деҳқонобод тумани “Тангаором” масжиди имоми