1442 йил 08 Зулқаъда | 2021 йил 17 июнь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:27
Sunrise
05:11
Dhuhr
12:38
Asr
17:48
Maghrib
20:04
Isha
21:48


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МИССИОНЕРЛАР АЛДОВИГА АЛДАНМАНГ!

9-06-2021, 14:04 21 Ўқиш режими + -
Миссионерлар алдовига алданманг!

Миссионерлик ҳар бир даврда жамиятга хавф солиб, инсонлар ўртасида турли хил фитналарга сабаб бўлаётган омиллардан бири ҳисобланади. Бу тушунчанинг мазмун моҳиятига назар соладиган бўлсак, ушбу сўз лотин тилидаги “missio” сўзидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш” деган маъноларни англатади. Миссионер сўзи эса “вазифани бажарувчи” маъносидадир. Миссионерлик термини ҳақидаги фикрлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бошқа дин вакиллари томонидан яна бир бошқа дин вакилининг динини тарк қилиб, ўз динига киргизишлик учун уларга тарғибот ва ташвиқотлар олиб боришга нисбатан ишлатиладиган тушунчадир. 
Миссионерлик ҳаракати ўзига хос кўринишда милоддан аввалги даврларда пайдо бўлиб, дастлаб III асрда буддавийлик дини монахлари томонидан амалга оширила бошлаган ва кейинчалик бу нарса бошқа дин вакилларида фаолиятида ҳам пайдо бўлган. Ҳозирги кунда энг кўп тарқалган миссионерлар христиан динига мансуб шахслар бўлиб, бу нарса уларда мелодий IV асрда пайдо бўлган. 
Миссионерлик фаолиятининг энг чўққиси бу прозелитизмдир. Прозелитизм – бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечтириш ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборат. Бугунги кунда миссионерлар ўз фаолиятларини замонга мос равишда замонавий технологиялар, оммовий ахборот воситалари, компютер технологиялари ва шу каби воситалар ёрдамида амалга оширишмоқда. Улар Уйма-уй юриб “Хушхабар” етказиш, яъни одамлар билан куннинг долзарб муаммолари ҳақида суҳбатлашиш, уларнинг дардларига қизиқиш билдириш ва ушбу муаммолардан чиқиш йўлларини кўрсатиб беришни таклиф қилиб, ўз ташкилотларига жалб қилиш миссионерликдаги яхши самара берадиган усуллардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари маҳаллий тилларда христианликни тарғиб қилувчи адабиётларни чоп қилиш ва тарқатиш, ҳам энг кўп қўлланиладиган усуллардан бири ҳисобланади. Кичик ҳажмдаги қўлланмалар жуда ҳам таъсирчан қилиб ёзилади ва одамларнинг эътиборини жалб қилиш учун чиройли суратларга бой бўлади. Хайрия ёрдамлари кўрсатиш ҳам миссионерликдаги энг қадимий ва самарали усуллардан бири ҳисобланади. Бунда турли хил маърифий тадбирлар уюштирилиб, уларга асосан ёшлар жалб этилади.
Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунининг 5-моддасига мувофиқ бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти- ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади.Чунки миссионерликнинг зарарлари шунчалик аянчлики, у биргина шахснинг ўзи билан чекланиб қолмасдан, бутун жамиятга ва мавжуд тузумга ҳам қаттиқ таъсир қилади. Катта-катта миссионерлик ташкилотларининг мақсади шу йўл билан бойлик орттириш, ёки сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун ундан қурол сифатида фойдаланишдир. Улар ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун йиллик дастурларни ишлаб чиқишади ва шу асосда ҳаракат қилишади. Унинг зарарларидан яна бири тинч, аксарияти мусулмон бўлган аҳоли ўртасида фитна келтириб чиқаришдир. Чунки бир мусулмоннинг динидан чиқиб, бошқа динга ўтиши оқибатида кўплаб кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқиши ҳаммага маълум. Зеро Аллоҳ таоло наздидаги энг тўғри дин бу ислом динидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 19-оятида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир. Китоб берилганлар фақат уларга илм келгандан сўнг ўзаро ҳасад қилишибгина ихтилоф қилдилар. Ким Аллоҳнинг оятларига куфр келтирса, бас, албатта, Аллоҳ ҳисобни тез қилувчидир”.
Миссионерларнинг алдовларига алданаётганларнинг аксарияти ўз динининг асосларини, ақидавий устунларини яхши билмаган ёшлардан иборатдир. Улар христиан ёки буддавийлик динига кириш учун ўз динини инкор қилишнинг аянчли эканлигини тўлақонли тушуниб етмаган кишилардир. Бугунги долзарб вазиятда, миссионерликнинг юқоридаги оқибатлари нималарга олиб келиши барчамизни огоҳ бўлишликка, атрофимиздаги яқинларимиз ва дўстларимизга ҳам бефарқ бўлмаслигимизга чорлайди.
 

Манбалар асосида Деҳқонобод тумани “Белибойли ота” масжиди имом хатиби Абдурашид Эсонқулов тайёрлади.