1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚИЁМАТНИНГ ҚАНДАЙ АЛОМАТЛАРИ БОР?

14-06-2021, 19:04 2 584 Ўқиш режими + -
Қиёматнинг қандай аломатлари бор?


Қиёмат бўлишидан олдин унинг  аломатлари бўлиши ҳақида ояти-карима ва ҳадис-шарифларда хабар берилган. Қиёмат аломатлари қиёмат яқинлашганда бўлиб ўтадиган воқеа-ҳодисалардир.  
Хўш, Қиёматнинг қандай аломатлари бор?  
Уламоларимиз томонидан қиёматнинг катта ва кичик аломатларга бўлиши таъкидланган.  Бу ҳақда “Сўраган эдингиз...” китобида “Қиёматнинг кичик аломатлари саҳиҳ ҳадисларда баён қилинган. Уларга асосланиб, баъзи уламолар қиёматнинг кичик аломатларини беш юзтагача санаганлар. Жумладан, жоҳилликнинг кўпайиши, илмнинг камайиши, ёш болаларни раҳбар бўлиши, аёллар кўпайиб, эркакларнинг камайиб кетиши, зинонинг, судхўрликнинг ва фитна-фасодларни кўпайиши қиёматнинг кичик аломатларидир. 
Қиёмат яқин қолганида унинг катта аломатлари содир бўлади. Шайх Нафровий уларни ўнта деб айтган. Имом Маҳдий ва Дажжолнинг чиқиши, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши ва қуёшнинг мағрибдан чиқиши қиёматнинг катта аломатларидандир[1]”дейилади.
Қиёматнинг аломатлари ҳақида сўралган саволга, Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатво ҳайъати томонидан қуйидагича жавоб берилади: “Қиёмат куни қачон бўлиши Аллоҳ таоло яширган сирдир. Лекин унинг аломатлари ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифларда бизга бир қанча маълумотлар етиб келган. Қиёмат аломатлари – қиёмат яқинлашганда содир бўладиган воқеа-ҳодисалардир. Қиёмат аломатларининг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса Аллоҳнинг иродаси билан бу дунё ниҳояси етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин – устин бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир. Кўплаб ҳадиси шарифларда қиёматдан олдин содир бўладиган катта ва кичик ҳодисалар ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Бир куни суҳбатлашиб турсак, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар ва: “Нима ҳақда суҳбатлашиб турибсиз?”, дедилар. “Қиёматни эслаб турибмиз”, – дейишди. У зот: “Ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат бўлмайди”, деб: Тутун (ўраб келиши), Дажжолнинг чиқиши, одамларга гапирадиган ҳайвоннинг чиқиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, Исо (алайҳиссалом)нинг ерга тушиши, Яъжуж-Маъжужнинг чиқиши, учта ер ютиши: машриқ, мағриб ва Арабистон ярим оролидаги ер ютишларини, Ямандан одамларни маҳшаргоҳга тўплайдиган оловнинг чиқишини эслаб ўтдилар” (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган). Баъзи қиёмат аломатлари ақида китобларимиздан ҳам жой олган ва мусулмон киши имон келтириши лозимлиги таъкидланади. Масалан, “Ақоиди Таҳовия” китобида бу борада шундай дейилади:

وَنُؤْمِنُ بِأَشْرَاطِ السَّاعَةِ: مِنْ خُرُوجِ الدَّجَّالِ، وَنُزُولِ عِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ مِنَ السَّمَاءِ، وَنُؤْمِنُ بِطُلُوعِ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِهَا، وَخُرُوجِ دَابَّةِ الْأَرْضِ مِنْ مَوْضِعِهَا.

“Қиёмат аломатларига: Дажжолнинг чиқиши, Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, ер ҳайвонининг чиқишига имон келтирамиз”. 
Хулоса қилиб айтамизки, илоҳий хабарларда келтирилган қиёматнинг катта ва кичик аломатлари бизни қиёматнинг бўлишидан огоҳлантириб, хайрли амаллар қилишга чорлайди. Аллоҳ таоло барчаларимизни қиёмат даҳшатларидан соғ-саломат сақлаб, икки дунёда юзимизни ёруғ қилсин! 
 



Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
 
 
 
[1] Шайх У. Алимов. Сўраган эдингиз...Т. 2012. 17-сон.20-бет.