СИЛАИ РАҲМ – ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯХШИЛАШ (1-қисм)
5064
17-06-2021, 11:39
293
Ўқиш режими
+
-
СИЛАИ РАҲМ – ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯХШИЛАШ
(1-қисм)
Силаи раҳмнинг ўта муҳимлиги сабабидан ушбу мавзуни яна бир бор шарҳлашга қарор қилдик. Динимизда ўзгаларга яхшилик қилиш, улар билан дўстлик алоқаларини боғлашга буюрилади ва тарғиб қилинади. Хусусан, қариндошлар ўртасидаги яхши муносабатларни мустаҳкамлаш жуда савобли экани, бу ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги илоҳий бурч экани кўп таъкидланади.
“Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош, яъни “қариндошлик алоқаларини боғлаш”, деган маънони билдиради.
Силаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир. Қариндошлар ичида бошқаларга нисбатан энг ҳақдорлари ота-она, ака-ука, опа-сингил каби яқин қариндошлардир.
Умуман олганда силаи раҳмни боғлаш динимиз ҳукмига кўра вожибдир. Уни узиш эса катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бунга уламолар иттифоқ қилишганини Имом Қуртубий ва Қози Иёзлар нақл қилганлар.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган. Жумладан, қуйидаги оятда қариндошликни боғлайдиган кишилар мақталади:
وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الْحِسَابِ
яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси 21-оят).
Аллоҳ таоло бандаларини яхшиликларга буюради ва ёмонликлардан қайтаради. Буюрилган амаллар ичида муҳимларидан бири силаи раҳм қилишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси 90-оят).
Ояти карималарда қариндош уруғлик алоқаларини узганларга қаттиқ таҳдид қилинади:
فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ
яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир” (Муҳаммад сураси 22-23-оятлар).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини таъкидлаб шундай деганлар:
مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ باللهِ وَاليَومِ الآخِرِ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ
مُتَّفَقٌ عَلَيهِ
яъни: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга силаи-раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирадилар:
من أحَبَّ أنْ يُبْسَطَ لَهُ في رِزْقِهِ، ويُنْسأَ لَهُ في أثَرِهِ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ
مُتَّفَقٌ عَلَيهِ
яъни: “Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳ таолонинг изни билан силаи раҳм, уни боғлаганларни дуо, узганларни дуоибад қилиб туради. Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар:
لرَّحِمُ مُعَلَّقَةٌ بِالْعَرْشِ، تَقُولُ: مَنْ وَصَلَنِي وَصَلَهُ اللهُ، وَمَنْ قَطَعَنِي قَطَعَهُ اللهُ
أخرجه البخاري عن عائشة رضي الله عنها
яъни: “Раҳм (қариндошлик) Аршга осилиб: “Ким мени уласа, Аллоҳ уни уласин! Ким мени узса, Аллоҳ уни узсин!”, дейди” (Имом Бухорий ривоятлари).
Силаи раҳмни узиш гуноҳи кабиралардандир. Шуни билиб ҳам ҳеч бир сабаб ва шубҳасиз силаи раҳмни узишни ҳалол санаган, мумкин деб эътиқод қилган киши жаннатга кирмайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:
لَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَاطِعٌ" قَالَ سُفْيَانُ فِي رِوَايَتِهِ: "يَعْنِي قَاطِعَ رَحِمٍ
متفق عليه
яъни: “Кесувчи жаннатга кирмайди”. Суфён раҳимаҳуллоҳ ўз ривоятларида: “Қариндошликни узувчи назарда тутилган”, дейдилар (Муттафақун алайҳ).
Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифларга кўра силаи-раҳм мусулмон кишига фарз бўлган амалдир. Агар ҳар биримиз силаи-раҳмга амал қилиб, қариндош уруғларимизнинг ҳолидан хабардор бўлсак, жамиятдаги жуда кўплаб муаммолар барҳам топади. Акс ҳолда дунёда ҳам охиратда ҳам кўп қийинчиликларга дучор бўлинади.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ وَلَكِنْ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قَطَعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا
رواه الامام البخاري
яъни: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир” (Имом Бухорий ривоятлари).
(Давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди