1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

СИЛАИ РАҲМ – ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯХШИЛАШ (2-қисм)

18-06-2021, 09:28 247 Ўқиш режими + -
СИЛАИ РАҲМ – ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯХШИЛАШ
(2-қисм)
 
Саҳоба Абу Талҳа разияллоҳу анҳу Мадинада энг бадавлат ансорлардан эдилар. Унинг Масжиди Набавий рўпарасида Байраҳо номли боғи бўлиб, уни жуда яхши кўрарди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам боққа кириб, ундаги булоқнинг сувидан ичар эдилар. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар...” ояти нозил бўлган пайтда, Абу Талҳа разияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менинг энг яхши кўрганим Байраҳо боғим. Уни Аллоҳ йўлида садақа қилдим. Мен уни охиратга захира бўлишини умид қиламан. Боғни Аллоҳ буюрган жойга ишлатинг”, деди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сенга барака берсин! Бу жуда фойдали мол бўлди, жуда фойдали мол бўлди. Эй Абу Талҳа, уни ўзингнинг муҳтож яқинларингга сарфлашингни фойдали деб биламан”, дедилар. Абу Талҳа разияллоҳу анҳу боғни қариндошлари ва амакиларининг ўғилларига бўлиб бердилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Маймун ибн Миҳрон айтадилар: “Умар Ибн Абдулазиз менга: “Силаи раҳмни узган кишилар билан дўст бўлмагин, чунки Аллоҳ таоло уларни Қуръони каримнинг икки оятида лаънатлаган”. (Бу ерда Раъд сураси 25-оят ва Муҳаммад сураси 22-23-оятлари назарда тутилган).
Демак, силаи раҳм қариндошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.
Бугунги кунимизда силаи-раҳм билан боғлиқ, гоҳида кўзга ташланадиган нохуш воқеалар динимиз кўрсатмаларига зиддир. Масалан, ота-оналар дунёдан ўтгач, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида арзимаган мол-мулк, ерни деб келишмовчиликлар чиқиши ёки секин-секин муносабатлар ёмонлашиб, ўзаро узоқлашиб, бегоналардек бўлиб кетишлари, бир-бирларини йўқлаш, тез-тез хабарлашишни ҳам унутишлари ўта аянчли ҳолатлардир.
Силаи раҳмга амал қила олмасликнинг яна бир сабаби исрофдир. Ака бой, ука камбағал. Ака еб-ичиш, кийиниш, уй-жой, улов ва тўй-маракада ҳашамат ва  исрофга йўл қўяди, лекин атрофидаги “жигар”ларини унутади. Уларга етарлича аҳамият бермайди. Аслида одам мўътадил йўл тутса, ҳам ўзига яхши шароит, ҳам силаи раҳмга амал қилиши мумкин. Аллоҳ таоло ҳатто инфоқ-эҳсон қилишда ҳам ўрта йўлни тутишга буюриб шундай дейди:
 وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا
яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
 Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида:
لُوا وَاشْرَبُوا، وَالْبَسُوا وَتَصَدَّقُوا، فِي غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلاَ مَخِيْلَةٍ
(رواه الإمام البخاري)
яъни: “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мақтанчоқлик қилмаган ҳолда” (Имом Бухорий ривоятлари).
Исрофгарликдан қутулиш йўллари:
  1. Ҳар ишда Аллоҳ таоло буюрган мўътадил йўлни тутиб, ҳаддан ошиш ва исрофгарликдан ўзни сақлаш;
  2. Пайғамбаримиз алайҳиссалом, саҳоба ва тобеинлар ҳамда улуғ зотларнинг ҳаёт тарзларини ўрганиб, уларга эргашиш;
  3. Дунёдаги фақир ва мискинлар, уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юрган халқларнинг ҳолатини кўз олдига келтириш;
  4. Исрофгар, дунёпараст одамлардан узоқлашиб, қалби синиқ, хоксор кишиларга яқин юриш;
  5. Оила ва фарзандларни сабр ва қаноат каби гўзал фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш.
Хулоса қиладиган бўлсак, динимиз талабига кўра яқин қариндошлар доим бир-бирларини ҳолларидан огоҳ бўлиб, ўзаро ёрдамчи бўлиб туришлари керак. Ўтган улуғларимиз: “Қариндошникига қадам ранжида қилмасанг, муҳтож бўлганида молингдан бермасанг, силаи раҳмни узибсан”, дер эдилар.
Одатдаги ва хурсандчилик кунлари, айниқса ҳайит кунлари ўзаро зиёратлашиш, ҳадялар алмашиш, олисда бўлса, телефон ёки интернет ёрдамида ҳол-аҳвол сўраш одамга катта савоб келтиради.    
Аллоҳ таоло барчамизни силаи-раҳм қилувчилардан қилсин, ризқимизни мўл, амалимизни солиҳ, умримизни узун қилсин!
 
 
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди