Илм олгани боришаяптими ёки
буюмларини кўз-кўз қилганими?
Яқинда фарзанди талаба бўлган бир аёл билан суҳбатлашиб қолдим. “Ўғлим анчадан буён “Айфон” телефон олиб беришимни сўрайди”,-деб бошлади гапини. З.исмли опахон. – тенгдошларининг олдида оддий “Нокия” телефонидан фойдаланишга уялар эмиш. Ўртоқларим масхара қилмасин деб, у телефон қўнғироғини овозсиз қилиб қўяди. Баъзан телефон қилиб, уни излаб тополмаймиз. Кунларнинг бирида у бизга кескин шарт қўйди “Айфон” олиб бермасангиз, ўқишга бормайман! Ёки шаҳарда бориб ишлаб келиб, ўзим сотиб оламан деб, туриб олди. Уни қандай йўлга солишни билмай қолдим.
-Бу қанақаси? дейман ўзимга-ўзим. Биз техника асрида яшаяпмизми ёки молпарастлар асридами? Фарзандларимиз ўқишга илм олгани боришяптими ёки ўзларини буюмларини кўз-кўз қилганими? Ўғлимни қандай йўлга солишни билмай бошим қотган.
Чиндан ҳам онанинг ташвишлари ўринли. Биз катталар бу масалани аллақачон жамоатчилик ўртасида муҳокама қилишимиз керак эди. Чунки гап фақат “Айфон” телефонида эмас, балки фарзандларимизнинг ўзаро муносабатида, дунёқарашида ота-оналар уларнинг барча айтганларини муҳайё қилиб, янглишмаяптилармикин?
Ҳозирги кунда кўча-куйда жамоат транспортида ўқув масканларида замонавий телефон ёки планшит кўтарган ёшларни кўплаб учратамиз. Ҳеч бўлмаса у ер бу ерда ёки жамоат транспортларида кап-катта эркаг-у аёлларнинг телефонда ўйин ўйнаётганларини кўриб, энсангиз қотади. Улар атрофда нималар бўлаётгани билан иши йўқ, телефондан бош кўтаришмайди. Ёки қиз-йигитлар бошқалардан зиғирча истиҳола қилмай, телефонда “қизи” ёки “йигити” билан мулоқотда бўлади. Улар энг аввало ўзбекона одоб-ахлоқ, этика-эстетика қоидаларини бузган ҳолда, ўзларининг тор дунёсига ўралиб олишади.
Кунларнинг бирида мақола юзасидан интернет кафега кирдим. Соат кундузги ўнлар, айни иш қизийдиган пайт. Не ажабки, зални тўлдириб, 20-25 ёшлардаги йигитлар ўтирарди. Уларнинг айни кучга тўлган пайти, кўпчилигининг оиласи бўлиши керак. Аммо улар ишлаб, пул топиш, ўқиб жамият ҳаётида иштирок этиш ўрнига жон-жаҳди билан ўйин ўйнашарди. Бу ерда талаффуз этилаётган сўзларга (сўз деб бўлармикин?) қулоқ чидамайди. Йигитлар ҳар 5-10 дақиқада ҳеч иккиланмай интернет бошқарувчисига фалон сўм пул санаб беришар ва яна ўйин учун вақт қўшиб беришини сўрашади. Бу ердаги носоғлом муҳитдан ранжиб, айни яратувчилик ёшидаги йигитларнинг вақтини, пулини, беҳудага сарфлаётганидан, бемақсад яшаётганидан асосийси инсонийлигини йўқотиб бораётганлигидан жуда ўкиндим.
Афсуски кейинги вақтларда ўсмир ёшлар ўртасида турли ҳилдаги ахлоқсизлик ҳуқуқбузарликлар кўпаймоқда. Ушбу иллатларнинг туб илдизи айнан интернет ва мобил алоқа воситаларидан нотўғри фойдаланиш ва ёшлар тарбиясидаги бўшлиқда эмасмикин?. Шу ўринда яна бир мисол баъзи хонадонларда ўғил фарзанд дунёга келиб, “тили чиқа бошлаган” пайт кўпинча дадалари ёки бувалари томонидан сўкиш – сўзлар ўргатилади. Гўёки боланинг ўргатмани қайтариши (ҳали ўзи сўкиниш нималигини англамайди ҳам) улар учун завқ бағишлаб ўғил бола эканлигини билдириб қўйиш деб ҳисоблашади. Ахир тарбиянинг илк куртаклари мана шу ердан бошланмаяптими азизлар?! Энди яна мавзуга қайтсак, мобил алоқа турлари у хоҳ “Айфон” бўлсин хоҳ планшет ёшларнинг маънавий шаклланишига ёрдам бермайди. Чунки улар букчайиб олиб телефон экранидан кўз узишмайди. Атрофда нималар бўлаётгани, жараёндан четда қолиб кетаётганликлари аҳамятсиз. Бу бир! Улар интернет орқали тенгдошлари билан фикр алмашишади дейлик, аммо буни яккам-дуккам имло-хатолар-у қўпол жаргон сўзлар билан тўлиб тошган қисқа қораламаларни мулоқот деб бўлармикин?! Албатта йўқ, энг ёмони одамлар айниқса болалар бир-бирлари билан одатдагидай сўзлашмай қўйишди. Бу уларнинг ижтимоий шаклланишига ҳам таъсир қиляпти.
Ҳозирги аксарият ёшларимиз фикрини изҳор қилишга қийналади. Чунки улар бунинг учун етарли сўз бойлигига эга эмас. Киши фикрини етарли даражада ифодалай олмас экан, бу унинг руҳиятига ҳис туйғуларига ҳам таъсир қилади. Телефон ҳаёлини тўла банд этган бола дарсни эшита олмайди, чунки диққатини жамлолмайди.
Афсуски, биз билан бугунги ёшларнинг фикрлаши, воқеликка баҳо бериши турлича. Бунда гап тарбияда, муҳит ва қизиқишларда деб ўйлайман. Фикр доираси тор одам ўз қилмишига ҳам баҳо бера олмайди ёки уни оқибатларини қандай бўлишини тасаввур қилолмайди. Ўз қилмишини ва унинг оқибатини тасаввур қилиш учун ҳам киши маънавий шаклланган бўлиши керак. Авваллари бир болани етти қўшни тарбия қилган. Катталарга гап қайтариш одобдан ҳисобланмаган. Ҳозирчи, бирон бетайинроқ ўсмирга танбеҳ берганингизда пушаймон ейсиз. Мазкур вазиятнинг юзага келишида биз катталарнинг яхшигина айбимиз бор. Биз боламиз бировдан кам бўлмасин, деймиз. У истаган ҳамма нарсани муҳайё қиламиз. Эртага нима бўлишини, боламиз қўлидан ҳеч нима келмайдиган, барча нарсани буюм билан билан ўлчайдиган бўлиб вояга етишини ўйламаймиз. Буюмларга ташқи кўринишга бу қадар ружу қўйишнинг сабаби шунда эмасмикин?! Гўёки замонавий телефон, қимматбаҳо кийим бош ва тақинчоқлар улар қадрини кўтарадигандай туюлиб қолмаёптими? Аслида бола буюмлари билан эмас, ўқиган китоблари фикрини теранлигини, сўз бойлигининг сероблиги баҳоланиши керак ўзини. Илгариги замонларда шаҳзода ва маликаларни қандай тарбия қилишган? Улар инсон сифатида қадрли, бекзода эканликларини билишган, шу руҳда улар тарбия қилинганлар. Биз эса бирон хатога йўл қўйган боланинг қилмишини эмас, шахсиятини койишга, камситишга ўтиб кетамиз. Аслида уларни койиган тақдиримизда бола уларни қадрлашимизни билиши керак. Гўдак ўзи бетакрор инсон эканини англаши керак. Шунда у ўзидаги ишончсизликни қандайдир “Айфон” лар билан тўлдирмайди , уни масхара қилган ўртоқларига ҳам тегишли жавобни топиб беради. Ўз билим савияси, одоб ахлоқи билан тенгдошларини ортидан эргаштиради ҳам. Чунки у ўз қадр қимматини билиб, Эл-у юрт олдидаги масъулятини ҳис қиладиган келажакнинг ҳақиқий эгаси.
Ш.Мусахонов
Китоб туманидаги “Сарой” жомеъ масжиди имом хатиби