ОЛИМЛАР ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ МЕРОСХЎРЛАРИДИР
Аллоҳ таоло мўминларни ва шаръий илм соҳиблари бўлган уламоларни олий даражаларга кўтариши ҳақида башорат бериб бундай деган:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир» (Мужодала сураси, 11-оят).
Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқиш олимларнинг сифати эканлигини қуръони каримда шундай эътироф этилади: “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли Зотдир”.
Уламоларнинг фазли ҳақида Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Олим учун осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди тўлин ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан фазлига ўхшайди. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди» (Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг ҳалқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ: «мен дуода аввал Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қилиб, кейин ота-онамни тилга оламан», дер эди.
Имом Шофеийнинг шогирди Рабийъ айтади: «Аллоҳга қасамки, Шофеий қараб турган пайтда ҳатто сув ичишга ҳам журъат қилолмасдим».
Имом Шофеийнинг ўзлари эса шундай хотирлайдилар: «Имом Моликнинг ҳузурида ўтирсам, шарақлаган товуши эшитилмасин деб, китобни ўта эҳтиёткорлик билан варақлардим».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ шундай ҳикоя қиладилар: «ўттиз йилдан бери бирон-бир кеча ўтмаганки, агар Шофеийнинг ҳаққига дуо қилмай ухлаган бўлсам».
Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а)нинг саҳобаларнинг улуғлари ва уламоларидан бири бўлган Зайд ибн Собит (р.а)га қилган қуйидаги ишлари эҳтиромнинг намунасидир: Абдуллоҳ ибн Аббос Зайд ибн Собит миниб олган уловнинг узангисидан тутиб, етаклаб юрар, Зайд унга миниб олиши учун ўз қўлини қўйиб турар ва: “Уламоларимизга мана шундай қилишга буюрилганмиз”, дер эди. Товус ибн Кайсон шундай деган: “Тўрт нафар кишиларни иззат-икром қилмоқлик суннатдандир: олим, қария, султон ва отани”.
Ҳасан Басрий шундай деган: “Улар: “Олимнинг ўлими исломдаги бўшлиқ бўлиб, кеча ва кундузларнинг ўзгариб туриши билан унинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди”, дер эдилар”. Яъни, вақтнинг ўтиши билан бошга тушган барча мусибатлар унут бўлади, унинг ўрнини шодликлар тўлдириб юборади, аммо вафот этиб кетган олимнинг ўрнини тўлдирадиган ҳеч нарса топилмайди.
«Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир». Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қилиб қолдирганлар. Кимда-ким ўша пайғамбарлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади.
Аллоҳ таоло ўтган олимларимизни Ўз раҳматига чўмдирсин, тирикларини умрини узоқ қилсин. Хизматларига Ўз фазли ила баракотлар, манфаат ва мукофотлар ато этсин!
Зайниддин Бозоров,
Китоб туманидаги “Шайхон”
жомеъ масжиди имом хатиби