1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Салом бериш суннат, алик олиш вожиб

26-06-2021, 17:20 1 086 Ўқиш режими + -
Салом бериш суннат, алик олиш вожиб

Халқимизда инсонлар бир-бирларига салом берганларида ўзаро тинчлик  тилаш тушунилади. Зеро, “Ассалому алайкум”  дейишликнинг ўзи бошқа бир кишига тинчлик тилашдир. Одамларнинг бир-бирларига тинчлик тилашлари замирида катта маъно, катта фазилат ётади. Чунки берилган неъматлар ичида энг буюк неъмат бу-тинчлик неъматидир. 
Қуръони каримда одамларни бир-бирларига саломлашишга буюриб шундай дейилади:“Қачон сизларга бирор (ибораси) билан салом берилса, сиздан ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора) ни қайтарингиз....”. (Нисо сураси, 86-оят).   
Ислом шариатига кўра салом бериш суннат, алик олиш вожиб. Салом бериш ва унга жавоб бериш билан савоб кўпаяди, инсоннинг умри ва ризқига хайру-барака киради.  Пайғамбар с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “Эринмасдан мукаммал ювин, умринг зиёда бўлади,  ким билан учрашсанг салом бер, савобинг кўпаяди, ўз уйингга кирганингда аҳлингга салом бер, уйингга хайру-барака киради”.
Инсон бошқа бир инсонга чин кўнгилдан ёруғ юз билан чиройли қилиб салом бериши яхшиликни кўпайтиради. Бу ҳақда ҳадисда:
“Бир киши пайғамбар (с.а.в.) олдиларидан ўтиб кетаётиб:
“ассалому алайкум”, деди. Пайғамбар с.а.в.:
“Ўнта”, дедилар.
Яна бир киши ўтаётиб:
“Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди.
Пайғамбар с.а.в.:
“Йигирмата”, дедилар.
Яна бир киши ўтиб кетаётиб:
“Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ ва баракатуҳ”, деди.
Пайғамбар с.а.в: “Ўттизта”, дедилар.   Шунда бошқа бир киши “Ўнта, йигирмата, ўттизта “ дейишларининг сабабини сўради. Пайғамбаримиз с.а.в: “Биринчи кишига ўнта деганим, у салом бериш билан ўн савобни, иккинчи ва учинчи киши эса салом бериш билан йигирма ва ўттиз савобни қўлга киритди”, деб жавоб бердилар. 
Салом бериш билан инсон сахийлик қилади. Зеро, дунёда энг бахил киши саломга бахиллик қилган кишидир. Ҳадисда: “Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган кишидир”, дейилади.
Салом беришда инсонлар ким олдин салом беришда мусобақалашишлари лозим. Чунки ким олдин салом берса. Салом ва алик олингандаги савобнинг кўпроғини қўлга киритади. Олдин салом бериш камтарликка, бошқаларни олдин салом беришини кутиш эса ман-манликка киради. Мени ёшим катта, уни ёши кичик, у салом берсин, дейиш кибр ҳисобланади. Инсон ўзидан кибрланишни ювиш учун ҳам ўзидан кичикларга салом бериши лозим. Шу сабабли олдин салом бериш инсондаги кибрни кетказиб, унга камтарлик камолотини беради. Бу ҳақда халқимизда шундай бир мақол бор:
“ Ман-манга завол, камтарга камол”.
Халқимиз орасида уловдаги киши пиёдага, озчилик киши кўпчиликка, юрган киши ўтирган кишига салом бериш одати бор.
Баъзи бир кишилар салом беришда уни тўғри айтилишига эътибор бермайдилар. Инсонлар бошқа бир инсонлар билан учрашганларида  “Ассалому алайкум” дейиш ўрнига, “Ассам –алайкум” дейишса,  “Сизга ўлим бўлсин”, дейилгани бўлади. 
Баъзи бир кишилар “ Ассалом” деб қўйишади. Бу ҳам нотўғри салом бериш ҳисобланади. Чунки “ Ассалом”ни ўзини айтиш ноаниқликни , яъни кимга, тилак тилашми, ёки хабар беришми, деган саволларни юзага келтиради. Шу сабабли “Ассалому-алайкум” деб тўлиқ ва аниқ салом берилиши лозим. Саломлашиш пайтида қўл бериб кўришиш фазилатли амаллардан ҳисобланади. Инсонлар саломлашиб, бир-бирларини қўлларини олиб кўришсалар улар ўртасида меҳр мустаҳкамланади. Икки инсон қўл бериб кўришар экан уларнинг савоблари кўпайиб, гуноҳлари тўкилади. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади:
“Икки киши учрашганда қўл бериб кўришса, ҳар иккисининг гуноҳи ҳали бир-биридан узоқлашмасдан мағфират қилинади”, дейилади.
Шу сабабли халқимиз  аросида қадимдан қўл бериб кўришиш одати кенг тарқалган. Салом беришда қўл билан кўришишдан ташқари қучоқ очиб кўришиш ҳам мавжуд. Инсонлар бир-бирларини соғинганликларини изҳор қилиш мақсадида қучоқлашиб кўришади.
Ойша р.а шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз Зайд ибн Ҳорисни узоқ вақт соғинганлари учун уни қучоқлаб, пешонасидан ўпдилар”.
Қўл бериб ёки узоқ вақт соғинганда   қучоқлашиб саломлашиш миллий ва диний қадриятимизда мавжуд бўлган одатлардан ҳисобланади.  
     Донишмандлар қуйидаги ўринларда салом берилмай турилади, дейишади. Улар: 
1.  Мажлисда маъруза қилиб турган кишига.
2.   Ухлаб ётган кишига.
3.   Оғзида луқма бўлган овқатлаётган кишига.
4.  Ҳожат ёки бавл қиладиган кишига.
5.  Ҳаммомдаги кишига.
6.  Дарс қилаётган кишига.
7.  Китоб ўқиётган кшига.
8.  Ибодат билан шуғулланиб ётган кишига.
9.  Кураш тушаётган кишига. 
Инсонларнинг бир-бирлари билан учрашганидаги чин кўнгилдан, очиқ чеҳра билан саломлашиши халқимизнинг энг яхши одатларидандир. Саломлашиш одобларини яхши билиб, унга амал қилишлик одамлар ўртасида инсоннинг мартабасини кўтаради, улар орасида меҳр-муҳаббат ёйилади. Ва у инсонлар орасида бузғу-адоватни йўқолишига, яхшилик жорий бўлишига хизмат қилади. Халқимизнинг саломлашиш каби одатлари фарзандларимиз онгида миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришга, уларнинг миллатга, қадриятларимизга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.



Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоят вакиллик ходими 
Р. Акбаров.