“Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”
5112
29-06-2021, 17:28
346
Ўқиш режими
+
-
“Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”
Ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссалом ислом дини орқали башариятни ислоҳ қилиш, тўғри йўлга бошлаш, уйғотиш ва ривожлантиришда беқиёс ҳисса қўшдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга пок ва равшан тавҳид ақийдаси туҳфа қилдилар. Инсоннинг мукаррамлиги ва улуғлигини эълон қилдилар. Умидсизлик ва шумланишга қарши кураш ва инсонда орзу-умидни, ўзига ишонч руҳини тирилтирдилар. Дин ва дунёни жамлаш, тарқоқ сафларни ҳамда тижорий жамоатларни бирлаштирдилар. У зот инсонни ўзига яраша жойга қўйиб, унга куч-қувватини ва имкониятларини энг тўғри ва фойдали равишда сарфлашни ўргатдилар. Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келганларидан кейин, Ислом таълимотлари туфайли олам худди об-ҳаво ўзгаргандек бутунлай ўзгариб кетди.
Муҳаммад алайҳиссалом оламларга раҳмат пайғамбар бўлдилар. У зот инсонларнинг энг буюги ҳам пайғамбар, ҳам нотиқ, ҳам даъватчи, сиёсатчи, жангчи, қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом (раҳбар), давлат арбоби эдилар. У зотга ҳеч қайси буюк инсон тенглаша олмайди!
Пайғамбар алайҳиссалом бутун пайғамбарликлари даврида уммат қайғуси билан яшадилар, умматни ҳақ йўлга бошладилар. Ҳатто жонлари чиқаётганда ҳам умматларини ўйладилар. Имом Табароний шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим онларида Жаброил алайҳиссаломдан: “Мендан сўнг умматимнинг аҳволи нима бўлади?” деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга ваҳий этди: Ҳабибимга хушхабар бер, уммати ичида уни уялтирмайман. Ҳашр кунида у қабрдан энг олдин чиқадиганлардан бўлади ва Маҳшаргоҳда тўпланганларнинг саййиди қилинади. То унинг уммати кирмагунича бошқа умматларга жаннатга кириш ҳаромдир”. “Ана энди кўзим қувончга тўлди”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрашди. У зот эса: “Биродарларимни соғиндим!”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга имон келтирадилар!”, дедилар.
Ана шундай умматига меҳрибон зотга салавот айтишда мўминлар учун улкан нажот ва Аллоҳ таолонинг мислсиз ажру-мукофотлари бор. Зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Унга саловот айтинг ва салом йўлланг.” (Азҳоб сураси, 56-оят).
Аллоҳумма солли аълаа саййидинаа Муҳаммад ва аълаа аали саййидинаа Муҳаммад!
Азамат УСМОНОВ,
Касби туманидаги “Фазли” жоме масжиди имом-хатиби