Порахўрлик-лаънатланган иллатдир
Ҳозирги глобаллашув замони, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб шароитда порахўрлик барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда. Афсус, каттами-кичикми, бойми-камбағалми, қудратлими-кучсизми биронта давлатни бу иллатдан холи деб айтолмаймиз. БМТ ва Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти коррупция туфайли йилига 2,6 триллион долларгача зарар кўрар экан. Бу масалага дунёвий бир нигоҳ билан қаралгандаги нисбий зарар, холос.
Фуқаролари мусулмон бўлган давлатлар, хусусан, биз учун бу иллатга динимизда қандай муносабат билдирилганини яхши билиб олиш жуда муҳимдир. Давраларда: “Порахўрлик қилган киши динимизда лаънатланган”, десангиз, айнан шу ишни қилиб юрган одамлар ҳам бепарво эшитади. Чунки улар ўзларига мослаб чиқариб олган фатволарига кўра, ўзларини савоб иш қилаётган “ҳожатбарор” кишилар деб ўйлайди. Ана шундай одамлар хаёлларини жойига қўйиб бир ўйлаб кўрсин. Илло, “лаънат” дегани “Аллоҳнинг раҳматидан қувилган” деган маънони англатади. Аллоҳнинг раҳматидан қувилган ва рожим бўлган махлуқ эса шайтондир! Савбон розияллоҳу анҳу айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воститачини лаънатладилар” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳнинг лаънати бўлсин!”, дейишлари нимани англатади? Бу ўша лаънатланган инсоннинг охирати куйди дегани. Қиёмат кунида ҳам, бу дунёда ҳам уни бу мушкул аҳволдан қутқарувчиси йўқ дегани. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ана ўшалар Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир. Кимни Аллоҳ лаънатлаган бўлса, унга (ҳеч қандай) ёрдамчи топа олмайсиз” (Нисо сураси 52-оят).
Шундай экан, жамиятда порахўрликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда ниҳоятда долзарб масала бўлиб, бу борада нафақат масъул идоралар, балки кенг жамоатчилик ҳам ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлмоғи мақсадга мувофиқ. Шундан келиб чиқиб, қаердадир таъмагирлик, порахўрлик ҳолатига дуч келсак, бефарқ бўлмаслигимиз, лоқайдлик қилмаслигимиз, аксинча, бу иллатни томири билан қуритишга қаратилган саъй-ҳаракатларни виждонан бажармоғимиз лозим.
Аллоҳ барчамизни ҳаром йўл билан кун кечиришдан асрасин!
Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби