1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Экстремизм ва терроризм – жамият барқарорлигига таҳдид

2-07-2021, 08:19 240 Ўқиш режими + -
Экстремизм ва терроризм –
жамият барқарорлигига таҳдид

Яқинда ижтимоий тармоқ орқали огоҳликка чорланган бир маълумотни ўқиб қолдим. Суратлар билан далил келтириб кўрсатилган хабарда болалар учун ўйин, ниқоби остида террористик руҳдаги, пухта ўйланган “заҳар” интернет орқали тарқатилмоқда экан. Яъни, бунда “беозор” қўпорувчи “қаҳрамон” биринчи босқичда масжидга кириб одамларни ўлдирар экан. Иккинчи босқичда эса Каба вайрон қилиниши кўзда тутилган. Энди бу “ўйин”ни шунчаки ўйнаган боланинг онгида қанчалар бузилиш бўлишини тасаввур қилаверинг.  
Юртимиз аҳолисининг 96 фоиздан зиёди ислом динига эътиқод қилади. Қолган фоизини бошқа конфессия вакиллари ташкил этади. Кам фоизли бўлишига қарамай, бошқа диний ташкилотлар ҳам эркин фаолият олиб бораётгани ҳукм сураётган хотиржамлик, диний бағрикенгликнинг амалий ифодаси эмасми? Ҳолбуки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараён кечмоқда. Бошқа ўлкалардаги сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Кейинги пайтда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Экстемистлар ўзига эргашмаган барча мусулмонларни “кофир”га чиқариб, эркакларни қатл қилиб, аёллар ва болаларни эса қул сифатида сотиш каби қабиҳ ишларни мақсад қилгани бугун сир эмас. Қуръони Каримда айнан шундай ҳолатлар ҳақида “Зулм (ноҳақлик) қилганларга суянмангиз, токи сизларга (дўзахдан) олов етмасин!” (“Ҳуд” сураси, 113-оят) дейилган. 
Ҳозир бутун дунё уламолари террорчи гуруҳларнинг исломга умуман алоқаси йўқ экани ҳақида иттифоқ қилишган. Пул топиш истагида хорижга кетганларнинг баъзилари чет элдаги ясама “дин даъватчилари”нинг қармоғига илиниб, сохта “ҳижрат” ва “жиҳод” даъватларига учаётгани, уч-тўрт сўм учун низо ва уруш ўчоқларида қўлларини қонга белаб, ўз она-юртига қурол ўқталиш даражасидаги манқуртга айланиб қолаётгани масала нақадар жиддий эканини кўрсатади. 
Улуғ неъматлар ичра эканмиз, бунинг шукронасини нафақат амал билан, балки тил ва дил билан қилишимиз керак. Шу нуқтаи назардан, юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимизнинг мутасадди идоралари томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва қўлдан келганча ёрдам бериш барчанинг вазифасидир.
 

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши туманидаги “Чим” жоме-масжиди имом-хатиби