1442 йил 18 Зулҳижжа | 2021 йил 27 июль, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:00
Sunrise
05:34
Dhuhr
12:43
Asr
17:45
Maghrib
19:53
Isha
21:26


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Туркия вице-президенти Самарқандни зиёрат қилди

3-07-2021, 14:47 27 Ўқиш режими + -
Амалий ташриф билан мамлакатимизга келган Туркия Республикаси вице-президенти Фуат Октай Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ҳамроҳлигида Самарқандда бўлди.
ЎзА хабарига кўра, делегацияни Самарқанд халқаро аэропортида вилоят ҳокими Э.Турдимов кутиб олди.
Қисқа суҳбатдан сўнг ташриф дастурига мувофиқ, меҳмонлар Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари билан танишди, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.
Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи, Шоҳи Зинда зиёратгоҳи, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва бошқа тарихий обидаларни Туркия вице-президенти ҳайрат ва ҳавас билан томоша қилди.
Меҳмонлар буюк муҳаддис Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиб, айни пайтда бу ерда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Фуат Октай мажмуа қурилишида иштирок этаётган туркиялик мутахассислар билан суҳбатлашди. Ислом оламининг буюк алломаси номи билан боғлиқ маскан энг қутлуғ зиёратгоҳлардан бири бўлиши ва бу ерни обод этишга ҳисса қўшиш улкан шараф эканлиги таъкидланди.
Туркия вице-президенти Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм халқаро университетида ҳам бўлиб, таълим даргоҳининг замонавий кампусида талабалар ва ўқитувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Университет ректори, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ўқув даргоҳи фаолияти, хорижий давлатлар ва нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ҳақида батафсил маълумот берди.
Фуат Октай Туркиядаги олий таълим муассасалари мазкур университет билан яқин ҳамкорликда ишлаши ва бунинг учун имконият яратилишини маълум қилди. Шунингдек, университетга таълим жараёнига мос ўқув адабиётлар етказиб берилиши айтилди.
Регистон мажмуасида намойиш этилган миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам туркиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати