1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ёшларнинг таълим-тарбияси ҳаётий долзарб вазифа!

4-07-2021, 13:33 287 Ўқиш режими + -
Ёшларнинг таълим-тарбияси ҳаётий долзарб вазифа!

Давлатимиз раҳбари 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йили деб эълон қилиши муносабати билан бутун  Ўзбекистонни олқишлар тутиб кетди, десак муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, бугун дунё кўзда ҳалқаланган ёшдек қалқиб турган бир пайтда ёшларни  чалғитувчи, уларни ўз домига тортишни истовчи турли кучлар кўпайиб боряпти. Энг  ачинарлиси, дунёнинг қайси бурчагида бирор жиноят содир этилса, албатта, бу   жараёнда ёшларнинг «қўлидан» фойдаланиляпти.
Ёшлар тарбияси ҳар бир даврнинг ўта долзарб масаласи бўлиб келгани айни ҳақиқат.  Муаррихларнинг ёзишича, Геродот Шарққа қилган сафарлари чоғида Миср   эҳромларидаги бир битикка ажабланган: «Ёшларнинг тарбияси бузилиб кетяпти.  Нима қилиш керак?!”
Муаррих бу ёзувни ўқиганига ҳам икки минг йилдан ошиб кетди. Ёзувнинг  битилганига эса, ким билсин қанча вақт бўлган? Демак, ёшлар масаласи ҳамиша ўз  долзарблигини йўқотмаган, бунга ҳамма даврларда ҳам турли даражада муносабат   билдирилган экан-да.
Ислом таълимотида ёшлар тарбияси жуда муҳим ўрин тутади. Исломнинг дастлабки  ўн уч йилида, яъни Макка даврида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам  инсонларнинг онгу шуурига Аллоҳнинг яккаю ягоналигини сингдириш баробарида  уларга одоб-ахлоқ масалаларини ўргатишга алоҳида эътибор қаратганлар. Бу борада   ўз ёнларига 8–16 ёшли (Али, Талҳа, Зубайр) каби кўплаб ёшларни олиб, аввало,  уларнинг таълим-тарбиясига алоҳида аҳамият берганлар.
Ҳадиси шарифда: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли  қилинглар», дейилган (Имом Муслим ривояти).
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд дин» китобида бундай дейилади:  «Бола – ота-она қўлидаги омонат. Унинг қалби турли нақш ва расмлардан холи.  Қандай нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар  яхшиликка ундалса ва ўргатилса, саодатли бўлади. Ота-онаси ҳамда одоб, таълим- тарбия берган устозлар унинг савобига шерик бўлди. Агар ёмонликка ундалса, ҳалок   бўлади».
Ёшлар тарбиясини – ҳаёт-мамот масаласи, деб таърифлаган мутафаккир нақадар ҳақ  эканини барчамиз яхши биламиз. Чунки тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла  ёки оила учун ҳеч қандай наф йўқ. Ёшларнинг ҳаётда адашиши, тузатиб бўлмас  хатолари тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ инъикосидир.
Бу борада олиб борилган изланишларнинг аксари шуни кўрсатмоқдаки, тарбияда,  аввало, ота-онанинг ҳиссаси катта. Бежиз Пайғамбаримиз   Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч бир ота-она фарзандига гўзал  тарбиядан кўра қимматлироқ мерос қолдира олмайди», демаган.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади.  Уларнинг улғайиб, комил инсон бўлишлари учун янги 2021 йилда улкан имкониятлар  эшиклари очилишига шубҳа йўқ.  
Тарихини билмаган, ўзлигини англамаган халқнинг келажаги йўқ. Шу боис  мустақиллигимизни кўз қорачиғидай асраш, мустаҳкамлаш, Ватанга садоқат сингари муқаддас тушунчаларни ёшларимиз онгига чуқур сингдириш даркор. Улар  оқни қорадан, ҳақни ноҳақдан ажрата олсин. Зеро, ватанпарварлик ғояси онгига   чуқур муҳрланган, дунёқараши кенг, ҳар жиҳатдан билимли, зукко, ҳамиша огоҳ  авлодни ҳеч ким енголмайди. Элим деб, юртим деб ёниб яшаётган бундай навқирон авлодга четдан ҳеч ким ўз таъсирини ўтказа олмайди. 
Ватан озодлиги, юрт тараққиёти йўлида жонини фидо қилган аждодларимизни  хотирлаш, уларнинг руҳи покларини шод этиш эзгу амаллардандир. 
Мустақиллик шарофати билан миллатимиз, халқимиз шаъни, қадр-қиммати, ғурур- ифтихори, маънавияти ва миллий қадриятлари қайта тикланди. Мустабид тузумнинг  турли даврларида қатағон қилинган, қатл этилган юзлаб юртдошларимиз,   Ватанимизнинг фидойи фарзандлари хотираси абадийлаштирилди, уларга юксак  ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.  
Қадимий Мовароуннаҳр ва Хуросон фарзандларининг жаҳон илму зиёси тарихига  зарварақлар ила битилган асарлари оз эмас, Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний,  Ибн Сино, Мусо Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа юзлаб  зотларни дунё яхши билади. Қадимда Шарқ халқларининг илмий-маданий алоқалари кучли бўлган ва сизу-биз ёшлар ҳозирги тинч ва осуда юртнинг тинчлиги учун Аллоҳ таолога шукрлар қилиб аждодларга муносиб ворислар бўлишга ҳаракат қилмоғимиз зарур бўлади. 
Ўзбекистонда яшайдиган кимки бўлмасин, ҳар қайси оиланинг, ҳар-бир фуқаронинг, меҳрибон оналарнинг, улуғ боболаримизнинг тинчлиги осойишталиги  ва тотувлиги учун бутун борлиғимизни бахш этсак аждодларга муносиб авлод  ҳисобланамиз. 
 Шунинг учун дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ҳамиша огоҳ бўлиш,  она-Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини  қўшмоғи, эл-юрт тақдири, келажаги учун дахлдорлик туйғусини дилига жо қилмоғи  даркор. 
Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат  қилишимиз керак. Шу азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва  барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш барчамизнинг, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. 
 

 Меҳмонали Ғуломов
 
«Санчиқул» жоме масжиди имом хатиби