ҲАСАД ЎТИ Ёки ҳасадгўй киши Пайғамбаримиз (с.а.в.) умматидан эмасми?
5158
7-07-2021, 09:10
399
Ўқиш режими
+
-
ҲАСАД ЎТИ
Ёки ҳасадгўй киши Пайғамбаримиз (с.а.в.) умматидан эмасми?
Оёғимизга тушов бўладиган иллатлардан бири - ҳасадгўйликдир. Ҳасадни бежизга ўтга қиёслашмайди. Чунки ҳасад ўтида ҳасадгўй адойи тамом бўлади, савоб амаллари ҳам ёниб кулга айланади.
Айтишларича, ҳасадда бир қатор офат бор: Биринчидан, тоатнинг фасоди, чунки Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: "Ҳасаддан сақланинглар, чунки ҳасад яхшиликларни еб йўқ қилади, худди олов ўтинни еб юборгандек. Ҳасад куфрга олиб боради".
Иккинчидан, маъсият ишларга ундайди. Чунки ҳасад қилувчи, ғийбат қилиш, ёлғон гапириш, сўкиб сўзлаш одатидан ҳоли бўлмайди. Биров бирон бир ютуққа эришса, кўролмасликдан ўзини қўярга жой тополмайди, тинимсиз ғийбат қилади, унинг ортида оғиз олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўкинади. Зомра ибн Саълабадан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: "Инсонлар доимо яхшиликда бўладилар, токи (бир-бирларига) ҳасад қилмагунларигача". Учинчидан, ҳасадгўй қиёматда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шафоатидан маҳрум бўлади.
Абдуллоҳ ибн Бишрдан ривоят қилинади: Набий (с.а.в.) айтдилар: "Ҳасадчи, чақимчи, коҳинлик қиладиган киши мендан эмасдир".
Сўнгра Набий (с.а.в.) бир ояти каримани тиловат қилдилар: "Мўмин ва мўминаларга ҳам бирор гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар" (Аҳзоб сураси, 58-оят.)
Тўртинчидан, дўзахга киришга сабаб бўлади. Имом Дайламий Ибн Умар ибн Анас ибн Моликлардан (р.а.) ривоят қилганки, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: "Олти нафар киши ҳисоб-китобсиз дўзахга киради. Улар: золим, такаббур амирлар - жабр қилганликлари сабабли, бошлиқлари - кибрлари сабабли, (миллатчи) араблар - миллатчилик ва қабилачилик қилганлари сабабли, тижоратчилар - (тарози ва ўлчовда) хиёнатлари сабабли, қишлоқ аҳллари -жоҳилликлари сабабли, олимлар ўзаро ҳасадлашиб бошқаларга зарар етказгани сабабли".
Бешинчидан, фойдасиз ғам ва қийинчилик, шу билан бирга гуноҳкор бўлиш. Ибн Саммок айтдилар: "Ҳасад қилувчидан ҳам баттар одам йўқ, у мазлумга ўхшаган золимки, ҳар доим ғам унга ҳамроҳ, ақли эса уни нуқул адаштиради".
Олтинчидан, ҳасадгўйнинг қалби кўр бўлади. Аллоҳнинг ҳукмларини тушунмайди. Абу Суфён (р.а) айтган эканлар: "Ҳасад қилувчи бўлмагин, шунда тез тушунадиган бўласан".
Еттинчидан, охир-оқибат ҳасадгўй хорликка дучор бўлади. Ҳасад қилувчи одам ҳеч қачон муродига етолмайди, душманига ғолиб бўлолмайди. Шунинг учун айтишадики, "ҳасадгўй ҳеч қачон саодатли бўлолмайди".
Азизлар, донишмандлар энг катта хатолар учта - яъни кибр, ҳирс ва ҳасад деб қайд этади. Шунда экан, ҳасадгўйлардан бўлмайлик.
Илҳом Абдуллаев, Нишон туманидаги “Ҳазрати Усмон” жоме масжиди имом хатиби