Эҳсон қилишнинг фазилати
Биз мўъмин мусулмонларни эҳсон қилишга қодир қилган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду сано бўлсин. Эҳсону садоқотга буюрган Пайғамбаримиз(с.а.в)га салоту дурудлар бўлсин.
Буюк роббимиз Калом уш-шарифида шундай марҳамат қилган:“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг)мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради.Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини)янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”. (Бақара сураси 261-оят).
Яратган роббимиз бу мисол билан битта хайрлик иш учун битта эмас 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда. Бу оятнинг нозил бўлиши Пайғамбаримиз (с.а.в) Табук ғазотига чиқиш вақтида саҳобаларни садақа қилишга ундадилар. Шунда Абдураҳмон(р.а) 4000 дирҳам эҳсон қилдилар .
Ҳазрати Усмон (р.а) эса “жиҳозсиз аслаҳасиз аскарларнинг таъминоти менинг бўйнимда” дедилар. Шунда юқоридаги оят нозил булди .
Азизлар яна бир нарсани таъкидлаш керакки, қилинадиган эҳсонимиз хуфёна бўлса яна ҳам яхшироқ бўлар экан.
Ҳазрати Али (р.а) улуғ ажрга ноил бўлиш учун у зотнинг бор-йўғи тўрт дирҳамлари бўлишига қарамай, бирини кечқурун, бирини кундузи, бирини махфий, бирини эса ошкора эҳсон қилганлар. Баъзи уломоларимиз юқоридаги оятнинг сабаби нузули мана шу воқеа ҳам дейишади. Валлоҳу аълам.
Бу ҳақда Ҳазрати Анас (р.а) Пайғамбаримиздан (с.а.в) қуйидагиларни ривоят қилганлар: “Аллоҳ ерни яратганида устидаги нарсаларнинг оғирлигидан ер титради. Шунда Аллоҳ тоғларни яратиб, унинг устига қўйди ва ернинг титроғи тўхтади. Малоикалар ажабланиб: “Парвардигоро! Халқинг ичида тоғлардан ҳам қаттиғи борми?” дейишди. Аллоҳ азза важалла: “Ҳа темир” деди. Улар: “Темирдан ҳам қаттиқроғи борми?” дейишди. Аллоҳ таоло: “Ҳа олов”, деди. “Оловдан ҳам қаттиқроғи борми?”дейишди. “Ҳа сув”деди. “Сувдан ҳам қаттиқроғи борми?” деб сўрашди кейин. Аллоҳ таоло: “Ҳа шамол” деди. “Шамолдан ҳам қаттиғроғи борми”дейишди. Шунда Аллоҳ: “Мазкурларнинг ҳаммасидан ашаддийси Ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмаган одам боласидир”, деди.
Шундай экан. азизлар эҳсонимизни махфий қилсак нур устига аъло нур бўлар экан. Тарихдан маълум бўлишича баъзи солиҳлар садақотларини бериш учун ҳатто кўзи ожиз кишиларни қидирар эканлар. Баъзилар эса ухлаб ётган эҳсонга ҳақлиларни ёнига, кийимига қўйиб кетар эканлар. Миннат ва озор етказишдан сақланишимиз лозим. Чунки Аллоҳ таоло миннат қилишдан қайтарган. Қовоқ солмай очиқ чехра билан бериш лозим. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в) айтганларки: “Хурсандлик билан ҳалол бир дирҳамни садақа қилиш норози бўлиб берилган юз минг дирҳамдан афзалдир”.
Яна бир ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз(с.а.в)шундай дейдилар: “Ким бир мусулмон биродарининг қорнини тўйдирса, Аллоҳ таоло уни дўзахдан узоқ қилади, дўзах ва унинг ўртасига ҳар бири беш юз йиллик масофага тенг бўлган еттита Ҳандак қўяди”.
Демакки, айни синовли кунларда ҳамжиҳат бўлиб, бирдам бўлиб, бир биримизни қувватлаб ёрдам бериб ва таъминоти камроқ бўлган биродарларимиз, қўни-қўшниларимиз, маҳалладошларимиз ва қишлоқдошларимизга қўлимиздан келганча эҳсонимизни аямайлик. Аллоҳ таоло юртимизни тинч ҳалқимизни фаровон қилсин. Бу касаллигу офатларни тезроқ кўтарсин. Амин.
Р.Райҳонов,
Қарши шаҳар Қиличбек Қўрғонча жоме
масжид имом хатиби