Тинчлик ва барқарорлик , миллатлар аро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш -давр талаби.
5186
11-07-2021, 18:53
321
Ўқиш режими
+
-
Тинчлик ва барқарорлик , миллатлар аро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш -давр талаби.
Бугунки кунда жахон харитасига назар солар эканмиз, дунёда жойлашган давлатларда кўплаб миллат ва элатларни истиқомат қилаётганликларини кўрамиз. Уларнинг тиллари, урф–одатлари, маданиятлари турли-туман эканлигини, турли динларда эканликларини биламиз.
Жумладан бизнинг диёримиз Ўзбекистон республикаси ҳам минтақадаги энг кўп миллатли мамлакатдир. Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилигини ўзбеклар ташкил этсада, бу ерда кўпдан- кўп миллат ва элатлар бир осмон остида ўзаро тотув ва иноқликда яшаб келмоқда.
Тарихга назар соладиган бўлсак, бундан бир аср аввал Ўзбекистон ҳудудида 70 га яқин миллатлар истиқомат қилган бўлса, ҳозирда 136 миллат ва элат вакиллари истиқомат қилишмоқдалар. Шунинг учун бу муқаддас заминда турли – туман миллат ва элатларнинг истиқомат қилиб, бораётганликлари ҳам инобатга олиниб, улар ўрталаридаги муносабатларда барқарор тараққиётнинг муҳим омилларидан бири сифатида бағрикенгликни, яъни миллатлар ўртасида бағрикенгликни ва тотувликни ривожлантириб бориш амалга ошириляпди. Чунки миллатлар ва элатлар ўртасидаги тотувлик жамият ва мамлакат учун катта аҳамиятга эгадир. Миллатлар ўртасидаги турли урф-одатларни, маросимларни ва турли диндаги кишиларни бир-бирларига боғлайдиган, мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлайдиган риштага биз бағрикенгликни айтадиган бўлсак хато қилмаймиз.
Дунёда ўзига хос қадриятлари бўлмаган миллат йўқ, ҳар бир миллатнинг ўзига яраша анъаналари, тарихи ва фахрланадиган жиҳатлари бордир. Шунинг учун биз уларни кийинишларидан, ибодатларидан, маросимларидан қайси миллатга хос эканлигини англаймиз. Миллатлараро тотувликни жамият устуни дейишимиз мумкин, одатда айтилиши бир оғиз сўз бўлиб туюлсада, бунда жуда катта аҳамият ва хақиқат бордир.
Мамлакатимизнинг нуфузи, тараққиёти ошиб бораётган бир вақтда, ҳукуматимиз томонидан ҳам миллатлараро тотувликка имкониятларни яратилиб берилаётганлиги не чоғлиқ кишини қувонтириши табиий.
Миллатлар ўртасидаги тотувликка, бағрикенгликка муқаддас Ислом динимизда катта эътибор қаратилган. Ғарб давлатларида бағрикенглик ёки чидамийлик тушунчасига толерантлик дейилади. Улар айтишадики, Ислом динида ҳатто ўқиладиган намозларида ҳам толерантлик бор деб, эътироф этадилар. Хақиқатдан ҳам, динимизда ўқиладиган беш вақт намозга бир назар ташлайлик, биз кўпчилик билан адо этиш вақтимизда, ким миллатидан қатъи назар, бир сафга туриб адо этамиз, жумладан қурбонлик қилган жонлиқларимиздан ҳар қандай кишига бераверамиз, унинг дини ва миллатидан ажратмаймиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай мархамат қилганки:
“Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва аёл (Ҳавво) дан яратдик ҳамда бир – бирларингиз билан танишишларингиз учун сизларни (турли – туман) халқлар ва қабила (элат) лар қилиб қудик.Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
( Ҳужурот сураси – 13 )
Ушбу оятда Ислом динининг инсоният оламига нисбатан бўлган кўз қараши баён этилгандир.
Бу эса аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган бағрикенгликнинг амалдаги ёрқин ифодасидир. Асрлар давомида эъзозланиб келинаётган, дунё аҳлига диний ва дунёвий илмлардан устозлик қилган аждодларимиз ҳеч қачон миллатчилик ёки айирмачилик руҳида бўлмаганлар.
Юқоридаги оятдан шу нарса маълум бўлдики—
Биринчидан, барча инсонлар бир ота онанинг фарзандларидир.
Иккинчидан , инсонларнинг турли эл –уруғларга бўлинишлари бир бирлари билан ер ёки мол дунё талашиб уруш жанжал билан умр ўтказишлари учун эмас, балки бир бирлари билан танишиб, ҳамкорлик қилишлари ва бирга- ликда ўзлари халифа бўлган заминни обод қилишлари учундир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) марҳамат қиладиларки:
Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ва мол дунёларингизга эмас, балки қалбларингиз ва амалларингизга қарайди.
Учинчидан, демак инсонлар қилаётган амаллари ва қалбларига қараб баҳоланади,бирор миллатннинг иккинчи миллатдан устунлиги йўқ, фақат юқоридаги фазилатларга эришган миллатнинг даражаси кўтарилиб бораверади.
Дунёнинг қайси минтақасида бугун нотинчлик, беқарорлик ва ва турлик тўпалонлар бўлаётган бўлса, кузатишлар шуни кўрсатаяпдики, ўша жойда демак албатта ё миллатлар аро тотувлик тамойили бузилган, ёки диний бағрикенглик муносабатлари паймол бўлган.
Бугунги куннинг глобал муаммоларидан бири яна шу бўлиб турибдики- аслида Ислом дини инсонларни динидан, ирқидан, ва миллатидан қатъий назар бир-бировларини Инсон сифатида ҳурмат қилишга буюрсада, баъзи бир ўзларидан ясама қўштирноқ ичидаги “шайх” ясаб олган чала муллолар ижтимоий тармоқлар орқали Аҳли Сунна вал жамоа эътиқодининг асосчилари, бутун дунё Ислом уламолари эътироф этган тўртала буюк мазҳаб эгаларини кўрсатиб кетган йўлига амал қилиб келаётган мўмин –мусулмонларни бир-бировларига қарши қайраб, ҳаттоки умуман мазҳабсизликка чақириб, мусулмонлар ўртасида беқарорликни, ихтилофни ва керак бўлса ўзаро уруш ва жанжалларни келиб чиқишига сабабчи бўлмоқда.
Аслида Ислом -тинчлик дини эканини барчамиз яхши биламиз.
Шундай экан энг буюк неъмат аталмиш Тинчликни қадрига йитиб яшашга, ёшларимизни ижтимоий тармоқдаги “эътиқод овчиларининг” тузоғидан сақлаб, соф Исломий руҳда тарбиялашда барчамиз масъулмиз..
Шуҳратхон Хофизов
Шаҳрисабз шаҳар “Тўрабой охун” жомеъ масжиди имом хатиби