1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Йўл қоидаларига риоя қилайлик

15-07-2021, 09:58 484 Ўқиш режими + -
ЙЎЛ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ҚИЛАЙЛИК

Инсоният яшаётган бугунги даврни автотранспорт воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бажараётган хар бир ишимизни енгил қиладиган, ишимизни унумдорлигини ошириб берадиган техника воситалари хисобланади. Хар бир мусулмон инсон ҳаёти давомида автотранспорт воситалридан фоёдаланар экан, ундан фойдаланишнинг шариатимизда белгилаб берган йўл қўйриқларини билмоқлиги, ўқиб ўрганмоқлиги ва амал қилиши лозимдир. Энг аввало автотранспорт воситаларини бошқаришни яхши билмоқлик, йўл қоидаларини ўрганмоқлик ўрни келганда ибодат масалаларига қандай йўл тутишликни хам билмоқлиги керак. 
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида Ерни инсонлар учун ёйиб қўйганини, унда йўллар барпо қилганини алоҳида эслатади. Дарҳақиқат, агар Аллоҳ ерни юришга мос қилиб тўшамасдан, фақат тоғу-тошлардан, жарлик ва дарёлардан иборат қилиб қўйганида, биз ожиз бандалар нима ҳам қила олардик?! 
У Зот Зуҳруф сурасида шундай марҳамат қилади:
«У сизга ерни бешик қилиб берган ва шоядки, ҳидоят топсангиз, деб сизга унда йўллар қилиб қўйган Зотдир». (10 оят).
Нуҳ сурасида ҳам худди шу маъно таъкидланган:
«Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди, унда сиз кенг йўллардан юришингиз учун». (19-20 оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида йўлнинг ҳам инсонлар зиммасида ҳақи борлигини айтганлар ва: «Йўлга ўз ҳақини беринглар», дея амр қилганлар. Йўл четида уй қурмоқчи бўлганларга йўл учун керакли бўлган миқдорда оралиқни сақлашни тавсия берганлар. Йўловчиларнинг ҳақини эътиборга олиб, йўл ўртасида намоз ўқишдан қайтарганлар. Ҳадисларда йўлнинг одоб ва аҳкомлари, пиёда ва уловда юришга доир таълимотлар шунчалар мукаммал баён қилинганки, улар орадан ўн тўрт аср ўтиб ҳам ўз қийматини заррача йўқотгани йўқ, балки борган сари уларнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Уларнинг ёғдуси билан бугунги куннинг йўловчиси учун ҳам етарли кўрсатмалар бериш мумкин.
Демак, йўл ҳаракати қоидалари умумий манфаатларни, инсон ҳаётининг эминлигини таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айни шу. Бугунги кунда амалда жорий қилинган йўл ҳаракати қоидалари билан танишар эканмиз, уларнинг бир қанча фиқҳий қоидаларга, жумладан, «зарар бартараф этилади», «зарарни бартараф этиш ва фойдани жалб қилиш», «зарар келтириш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ», «жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устун туради» каби шаръий қоидаларга ҳамоҳанг асосларга таянганини кўрамиз. Ушбу зарар ва манфаатлар жонга бўладими, молга бўладими, фарқи йўқ.  Бу борда асосий далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бўлиб, у Ислом фиқҳида энг машҳур шаръий асослардан бирига айланган: «Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ».
Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган кишига нима бўлади деса,  аввало ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида қатъий ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг». (Бақара: 195). Қолаверса, бошқаларнинг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солган бўлади, тажовуз этишга қадам қўйган бўлади.
Мана шу маънолардан келиб чиқиб, Ислом фиқҳи уламолари йўл ҳаракати қоидалари шариатнинг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайдилар ва уларга амал қилиш ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчисига шариат нуқтаи-назаридан вожиб, уларни бузиш мумкин эмас, дейдилар. Зеро, бу қоидалар  инсоннинг жони ва молини муҳофаза этиши эътиборидан Ислом шариати аҳкомларини татбиқ этишнинг бир бўлаги ҳисобланади. Шунга кўра, мазкур қоидаларга хилоф иш тутиш йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликгина эмас, балки вожибни тарк қилганлик, мусулмонларга зарар келтириш, одамларнинг ҳаётини таҳликага қўйиш жиҳатидан улкан гуноҳ ҳамдир. 
Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик гоҳида кимгадир қайсидир даражада фойда келтириши ҳам мумкин. Аммо, бунда кўпчиликка зарар етиши хавфи борлиги сабабидан уларни бузиш мумкин эмас. Зеро, Ислом фиқҳида «зарарни бартараф этиш фойдани жалб қилишдан олдин қўйилади» ва «жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устувор туради».
Йўл омманинг мулки, унда бошқаларга зарар етказиш уларнинг ҳаққини поймол қилишдир. Бировларга зиён етказиш жоиз бўлмагани каби, зиёнга олиб борадиган феълга қўл уриш ҳам мумкин эмас. Шу боис, йўл юрганда бировларга зиёни тегадиган бўлса, йўл юриш ножоиздир. Аммо киши ўз ихтиёридан ташқари зарарларга масъул бўлмайди.
Исломда ҳар бир инсон тўла ҳур, эркин ҳисобланади. Фақат, бу эрк бошқаларнинг эрки ва ҳақ­ҳуқуқи чегарасида адолат чизиғи билан чекланади. Шунга кўра, йўлдан фойдаланиш бир тарафдан ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчисининг ҳаққи бўлса­да, иккинчи томондан бошқаларнинг ҳақлари ҳисобига маълум даражада чекланади. Ушбу чеклов меъёрлари одатда йўл ҳаракати қоидалари ва одобларида акс этади. Бинобарин, мазкур қоидаларга риоя қилмаслик бошқаларнинг ҳақ­ҳуқуқларига тажовуз ҳисобланади.
Йўл омманинг мулки бўлса-да, жиддий зарурат туғилганда, тартибга солувчи қоидалар орқали гоҳида маълум йўлларда ё вақтларда йўл юришни ёки тўхташни тақиқлаш мумкин. Шунингдек, кишиларнинг ҳаётини ёки молларини сақлаш ва бошқа шу каби заруратлар юзасидан йўлларда маълум тезликни белгилаш ҳам шаръан дуруст. Бу, албатта, умумий манфаатлар эътиборидан бўлгани учун жоиз ҳисобланади. Зотан, фиқҳий қоидалардан бирида: «Оммадан зарарни бартараф этиш учун якка шахсга етадиган зарарни қабул қилинади», дейилган.
Исломда инсон зиммасида ҳар бир нарсанинг ҳақи борлиги уқтирилади ва ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини бериш буюрилади. Мусулмон киши зиммасида йўлнинг ҳам ҳақи борлиги ҳадисларда келган. Бу ҳақларни ҳар бил йўл ҳаркати қатнашчиси, у хоҳ пиёда бўлсин, хоҳ ҳайдовчи бўлсин, хоҳ йўловчи бўлсин, адо этиши лозим.
Барро ибн Озиб айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ ансорлар олдидан ўтдилар ва: «Агар шундай қилишингиз (йўлда ўтиришингиз) зарур бўлса, саломни ёйинг, мазлумга ёрдам беринг ва йўл кўрсатинг», дедилар».
Абу Саъид Худри розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўчаларда ўтиршдан сақланинглар!», дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Росули, биз гаплашиб олишимиз учун ўтирмасак бўлмайди», дейишди. У зот: «Агар ўтиришдан бошқа иложингиз бўлмаса, у ҳолда, йўлнинг ҳаққини беринглар», дедилар. Улар: «Йўлнинг ҳаққи нима, эй, Аллоҳнинг Росули?», дейишди. У зот: «Кўзни тийиш, озордан тийилиш, саломга алик олиш, маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш», дедилар».
Ушбу икки ҳадисда йўлнинг бир нечта ҳақлари зикр қилинган. Келинг, биз аввал уларни бирма-бир ўрганиб чиқиб, кейин бошқа ҳақларга ўтайлик.
1. Саломни ёйиш. Салом Ислом шиорларидан ҳисобланади. Саломнинг жамият жипслиги, ривожи учун аҳамияти катта. Бунда, албатта, саломлашиш одобларига риоя қилиш лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмассиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлмассиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми?» дедилар.
«Ҳа, ё Расулуллоҳ!» дейишди.
«Орангизда саломни кенг тарқатинг», дедилар».

 2. Мазлумга ёрдам бериш.
Демак, кўча-кўйда бирор киши томонидан зулмга учраган мазлумга ёрдам бериш ҳам йўлнинг ҳақларидан ҳисобланар экан. Бу ҳам бўлса, Исломнинг нақадар инсонпарвар дин эканидан дарак беради. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модамики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади», деганлар.
Ҳадиси шарифларда мусулмон киши мазлумга ёрдам бериш билан бир қаторда, золимга ҳам ёрдам бериши кераклиги таъкидланган.
Анас ибн Молик розияддоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродарингга золим бўлганида ҳам, мазлум бўлганида ҳам ёрдам бергин», дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Расули, мазлум бўлганда-ку ёрдам берамиз, золим бўлганда қандай ёрдам берамиз», дейишди. У зот: «Уни зулмдан қайтарасан», дедилар».
3. Йўл кўрсатиш. Яъни, йўл йўқотган кишига тўғри йўл кўрсатиш. Бу ҳам инсоний бурчлардан саналади. Эринчоқликданми ё кибрданми, айрим кишилар йўл кўрсатишга ҳам бахиллик қилишади. Ислом нуқтаи-назарида, бу иш йўлнинг ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади ва уни қилган киши гуноҳга қолади.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўлга йўллаб қўйишинг ҳам садақидир», деганлар».
4. Кўзни тийиш. Кўз инсонга маълумот узатувчи энг қулай аъзо ҳисобланади. У етказган маълумотлар кишининг ҳаётига қаттиқ таъсир этиши табиий. Шу боис, Исломда кўзни ношаръий, зарарли нарсаларга, бировларнинг аврат жойларига тикишдан қайтарилган. Бунга амал қилмаслик инсоннинг ахлоқий тубанлашишига ва бошқа ёмон оқибатларга олиб келишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида шундай деган:
«Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир».
Бу иш ўта муҳим бўлганидан, кейинги оятда уни аёлларга алоҳида таъкидланган:
«Сен мўминаларга айт, кўзларини тийсинлар..».
Ғофир сурасида: «У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар  яширган нарсаларни ҳам билур», дейилган.
Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига шундай иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.
Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир мусулмоннинг бир аёлнинг гўзалликларига назари тушсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», деганлар.
5. Озордан тийилиш. Исломда ҳар бир мусулмон кўчанинг тозалигига масъул ҳисобланади. Кўчани ифлос қилиб турган, кишиларга озор берадиган нарсаларни бартараф этишни «иймон шохларидан бир шох» деб эътироф этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳаётлари мобайнида йўлларни тоза тутишга тарғиб қилганлар. Саҳобаи киромлар ҳам бу масалага алоҳида эътибор беришарди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида волийларга жўнатган мактубларида кўчаларнинг тозалиги масаласига алоҳида тўхталардилар. Макка кўчаларида ўзлари айланиб, уларнинг тозалигини текширар, қайси хонадон олди агар қаровсиз бўлса, ўша хонадон аҳлларини бунга масъул қилиб, кеийн талаб қилиб олардилар. Саҳобаи киромларнинг йўл тозалигига бунчалар эътибор беришларига исломий таълимотлар туртки бўлгани шубҳасиз. 
Имом Муслим ривоят Абу Ҳаурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон етмиш нечта ҳам шохдан иборат. Уларнинг энг олийси «Ла илаҳа иллаллоҳ», энг паси эса, йўлдан озорни кетказишдир», дедилар. 
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Одам боласининг уч юз олтмишта бўғини бор. Уларнинг ҳар бири учун ҳар куни садақа бор. Ҳар бир ширин сўз садақадир. Кишининг биродарига ёрдами садақадир. Тутадиган бир ичгулик суви ҳам садақадир. Йўлдаги озорни кетказиш ҳам садақадир», дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Батаҳқиқ, мен йўл юзидан одамларга озор бериб турган бир дарахтни кесиб ташлагани сабабли жаннатда айланиб юрган кишини кўрдим», дедилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга умматимнинг амаллари кўрсатилди, яхшиси ҳам, ёмони ҳам. Яхши амаллари ичида йўлдан озорни кетказишни топдим», деганлар.
Имом Табароний ва Байҳақийлар Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Ким йўлдан бир тошни олиб ташласа, унга бир ҳасана ёзилур. Кимга ҳасана ёзилса, у жаннатга киради».
Кишиларга озор етказадиган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатлардан четда бўлиш. Бунда барча моддий ва маънавий озорлар назарда тутилади. Моддий озор деганда, йўлни ифлос қилиш, унга ахлат ташлаш, одамларга халал берадиган тўсиқларни қўйиш, кишиларга моддий ва жисмоний зиён етказиш кабиларни келтиш мумкин. Одамларга тил билан азият етказиш, уларга ташвиш келтириш, тупик ва шунга ўхшаш нарсаларни қолдириш билан кишиларнинг табиатини хира қилиш каби ишлар маънавий озорларга мисол бўлади. Исломда озор етказишнинг ҳар қандай тури ҳаром қилинган.
«Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига бўҳтон ва очиқ ойдин гуноҳни олибдилар». («Аҳзоб», 58).
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир», дедилар».
Имом Табароний Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмонларга йўлларида озор берса, унга уларнинг лаънати вожиб бўлур», деганлар.
Йўл омманинг мулки ҳисобланади. Жамиятдаги ҳар бир инсон унга ўзини бевосита дахлдор деб билиши лозим. Ҳар бир шахс кўчанинг бир бўлагини ўз уйи деб қараб, унга ана шу асосда муносабатда бўлиши даркор. 

 6. Саломга алик олиш.
Салом бериш суннат, аммо саломга алик қайтариш вожиб ҳисобланади.  
Нисо сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир». 
 7. Маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш. 
Маъруф бу – соф табиатга таниш бўлган, шариъат ва ақл яхши санаган амал, сўз ва ният. Мункар эса, унинг зидди. Қўлдан келганича маъруфга буюриб, мункардан қайтариш ҳар бир мусулмоннинг жамият олдидаги бурчи ҳисобланади. Бу маънода жуда ҳам оят ва ҳадислар кўп, биз улардан намуна келтириш билан кифояланамиз.
Аллоҳ таоло айтади:
«Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасиз ва мункардан қайтарасиз ҳамда Аллоҳга иймон келтирасиз». (Оли Имрон: 110).
Ҳа, маъруфга буюриб, мункардан қайтариш Ислом умматининг хусусиятларидан ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон шахс ушбу сифатга эга бўлишга интилиши лозим.
«Маъруфга буюр, мункардан қайтар ва ўзингга етган мусийбатга сабр қил. Албатта, булар азийматли ишлардандир». («Луқмон», 17).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё маъруфга буюрасизлар ва мункардан қайтарасизлар ёки Аллоҳ сизга Ўз томонидан иқоб юборгай. Кейин Унга дуо қиласизлар-у, сизга ижобат қилмас», дедилар».
Жамият худди бир кемада кетаётган йўловчиларга ўхшайди. Мункар ишга қўл урган одам кемани тешишга журъат қилган шахсдир. Агар унинг қўлидан вақтида тутилмаса, бутун кемадагилар ҳалок бўлиши аниқ.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар қодир бўлмаса, тили билан, агар қодир бўлмаса, қалби билан. Бу – иймоннинг энг заифидир. Ундан кейин ачитқининг уруғича ҳам иймон қолмайди»,  дедилар. 
Демак, мусулмон киши жамиятда кечаётган ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги керак. Кимларнидир жамиятни чўктиришига томошабин бўлиб туришга ҳаққи йўқ. Агар бирор яхши ишга эътиборсизлик бўлаётганини билса, кишиларни унга чорлаши лозим. Агар бирор ёмонлик содир этилаётганини кўрса, қўлдан келганича уни тўхтатишга ҳаракат қилиши, иложи бўлса, кучи билан, бўлмаса, сўзи билан уни бартараф этиш пайида бўлиши даркор. Ҳеч бўлмаса, қалбидан ўша ишга норози бўлиб туриши мўминлик бурчи ҳисобланади. Тўхтатишнинг имкони бўла туриб, «Менга нима, гуноҳи ўзига-да», деб бепарво кетиш ёки унга қалбдан рози бўлиб туриш иймоннинг зиддидаги сифатлардан саналишини унутмаслик керак.
 
Интернет нашрлари асосида тайёрловчи 
Жумаев Алишер, 
Шахрисабз туман бош имом хатиби