1442 йил 18 Зулҳижжа | 2021 йил 27 июль, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:00
Sunrise
05:34
Dhuhr
12:43
Asr
17:45
Maghrib
19:53
Isha
21:26


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Дунёдан ўтганларнинг номидан қурбонлик қилса бўладими?

19-07-2021, 11:26 9 Ўқиш режими + -
Дунёдан  ўтганларнинг номидан қурбонлик қилса бўладими?

Бу дунёга келган одам бир куни бу дунёдан кетади. Инсон дунёдан ўтганидан сўнг унинг фарзандлари ота-она, бобо-момаларини ва бошқа ўтганларининг номидан қурбонлик қилиши жоиз.  
Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати қуйидагича жавоб беради: “ Жумҳур уламолар – ҳанафийлар, моликийлар ва ҳанбалийларга кўра вафот этиб кетган кишилар номидан, гарчи васият қилишмаган бўлса ҳам қурбонлик қилиш жоиз эканини, қурбонликнинг савоби уларга етишини айтишган.
Жумҳур уламолар ўзларининг айтган сўзларига ҳадисдан, қиёсдан бир қанча далилларни келтирадилар. Жумладан: Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қурбонлик қилиш учун бир қўчқор олиб келинди. У зот уни ётқизиб, сўйдилар. У зот: “Бисмиллаҳ, эй Аллоҳ, Муҳаммаддан, Муҳаммаднинг оиласидан ва Муҳаммаднинг умматидан қабул қилгин”, деб қурбонлик қилдилар” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом иккита қўчқор сўйиб, бирини ўзларининг номларидан бошқасини эса, қурбонлик қила олмаган умматларининг номидан қурбонлик қилганлари зикр қилинган.
Абу Рофеъ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик қилганларида иккита семиз, шохдор, оқ-қора рангли қўчқорни сотиб олган эдилар. Намозни ўқиб, одамларга хутба қилиб, намозгоҳда турганларида қўйлардан бири олиб келинди. Шунда у зот уни пичоқ билан сўйдилар ва “Эй Аллоҳ, бу Сенинг ягоналигинг ва мени (Сен тарафингдан нозил бўлган нарсаларни) етказганимга гувоҳлик берган барча умматим номидан”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти). Демак, Расули акрам алайҳиссалом барча умматлари номидан қурбонлик қилганлари очиқ ойдин зикр қилинмоқда. Маълумки, ўша пайтда вафот этиб кетган бир қанча саҳобалар ҳам бор эди. Улар ҳам умматлари қаторида ҳисобланишади. Расулуллоҳ умматлари номидан қурбонлик қилсалар, уларнинг номидан ҳам қурбонликни адо этган бўладилар. Демак, бундан васият қилмаган бўлса ҳам вафот этган кишининг номидан қурбонлик қилиш жоизлиги келиб чиқади.
Шунингдек, кўплаб ҳадиси шарифларда вафот этган кишининг номидан ҳаж қилиш, садақа қилиш жоизлиги айтилган. Ҳаж баданий ибодат, садақа эса молиявий ибодат бўла туриб, ўтганлар номидан адо этиш жоиз экан – молиявий ибодат саналмиш қурбонлик ҳам батариқи авло жоиз бўлиши керак (Аллома Алоуддин Косоний, “Бадоиъус саноиъ” китоби).
Бир киши вафот этган кишининг номидан қурбонлик қилса, худди ўзи учун қурбонлик қилгани каби унинг гўштидан ўзи истеъмол қилиши ва садақа қилиши мумкин. Бунда қурбонликнинг савоби вафот этган киши учун, гўшти эса, сўйган киши учун бўлади.
Агар вафот этган киши қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, унинг ворислари бутун бир ёки еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилишлари вожиб бўлади. Бунда қурбонлик гўштини барчасини фақир, мискинларга садақа қилиб юборишлари лозим бўлади (Аллома Ибн Обидин “Раддул муҳтор” китоби).
Хулоса қилиб айтганда, нисобга етарли мол-мулкка эга бўлган киши қурбонлик қилиши вожиб бўлади. Шу билан бирга киши қодир бўлса, бир неча киши номидан ҳам қурбонлик қилиши мумкин бўлади. Масалан: ўтган ота-оналари, аждодлари ва ёру биродарлари номидан. Баъзи уламолар жанобимиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан қурбонлик қилишни ҳам яхши санашган. Чунки бунда У Зотга бўлган муҳаббатни ифода этиш бор (Зафар Аҳмад Усмоний, “Эълоус сунан” китоби). Валлоҳу аълам”.
Аллоҳ таоло қилаётган қурбонликларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин!  Барамизни икки дунё саодатига еткарсин!
 


Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими