1443 йил 19 Рабиъул аввал | 2021 йил 25 октябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:42
Sunrise
06:56
Dhuhr
12:21
Asr
16:04
Maghrib
17:45
Isha
18:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Дўстлик нима?

27-07-2021, 19:34 53 Ўқиш режими + -
     Дўстлик нима? 

Икки ва ундан ортиқ кишилар ўртасида вужудга келган самимий меҳр-муҳаббат ва узвий ришта дўстлик ҳисобланади. Дўстликнинг акси душманлик, адоват ва гина сақламоқдир. Барча инсонлар бир-бирлари билан дўстдирлар. Ҳадисда: “Бир-бирларингизга нисбатан гина (адоват) сақламанг, ҳасад қилманг, бир-бирларингиздан юз ўгирманг” дейилади. Инсон учун яқин кишилардан бири дўстларидир. Дўстсиз инсон ўзини ғариб сезади. Дўстлашиш орқали инсонга ҳар қандай оғир ишлар енгил бўлади. 
Донишмандлар айтишларича, дўстлар икки хил бўлади. Бири хил дўст чин дўст бўлиб, уни жон ошноси дейилади.   Иккинчи хил дўст сохта дўст дейилади. У мол-давлат, мансаб ошносидир.  
Инсон дўст танловчи ва дўст бўлиб танланувчидир. Дўст бўлиб танланмаган ва дўст танламаган одамда яхшилик йўқ. Инсон ўзига ўхшаган инсонлар билан дўст-улфат бўлишни хоҳлайди. Шу сабабли халқларда: “Дўстингни кимлигини айт, мен сени кимлигингни айтиб бераман” деган ҳикматли сўз мавжуд. Ҳар ким ўзига мувофиқ келадиган кишини дўст қилиб танлайди. Дўст бўлишда дўст танлаш муҳим аҳамиятга эга.
Биров билан дўстлашишдан илгари уни аввал яхшилаб ўрганиши ва уни текшириб кўриши лозим. Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига: “Эй ўғилчам, беш тоифа инсонлардан ташқари хоҳлаганинг билан дўст бўл, аммо бу беш тоифадаги кишилар билан дўстлашишдан тийил. Ёлғончини дўст тутма, чунки ёлғончининг сўзи сароб каби яқинни узоқ, узоқни яқин кўрсатади. Ахмоқни дўст тутма, фойда бераман деб зарар келтиради. Тамагирни дўст тутма, чунки у егулик ва ичимликни сотади. Бахилни дўст тутма, чунки у керак бўлганда ёрдамини бермайди. Қўпол билан дўстлашма, чунки у сени ҳам, ота-онангни ҳам ҳурматини жойига қўймайди. Қўполлик қилаётгани эса, унинг хаёлига ҳам келмайди” деб насиҳат қилган эканлар. Дўст танлашда дўстнинг насли-насабини, унинг ақли, одобини билиш муҳимдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Бир киши танлаган дўстининг исмини, авлод ва аждодини сўрасин. Албатта, бу дўстлар орасида меҳрни кўпайтиради”. (Термизий ривояти).
Инсон учун берилган энг яхши неъматларнинг бири муносиб дўстдир.  Аллоҳ таоло ўзи учун дўстлашган кишиларни қиёмат куни  аршининг соясида соялантиради. Дўст дўстнинг айбларини гапиришдан, у билан талашиб тортишишдан ва дўст сирини бировга фош қилишдан тийилиши лозим. Ҳадисда: “Кимки дўстини хожатини раво қилса, унинг ҳожатини Аллоҳ таоло раво қилади. Кимки бир дўстини ғамини кетказса, уни ғамини Аллоҳ таоло кетказади. Кимки бир дўстини айбини беркитса, уни айбини Аллоҳ таоло беркитади” дейилади.
 Дўст ўз дўстининг ҳолидан хабар олиши,  дўсти касал бўлса бориб кўриши лозим. Ҳадисда: “Кимки бир касал дўстини бориб кўрса, ёки Аллоҳ учун дўстини зиёрат қилса, Нидо қилувчи унга: Сен ўзинг ва юришингни яхши қилдинг ва жаннатда ўзинг учун ўрин тайёрладинг, дейди” дейилади. 
Инсон ўз дўсти билан уч кундан ортиқ хафалашиши, гина-кудурат қилиши яхши ҳисобланмайди. Инсон ўз дўсти айбини кечириб яшаши лозимдир. Пайғамбар (с.а.в.): “Бир киши ўз дўсти билан уч кундан ортиқ гина сақлаши ҳалол эмас”дедилар. Дўстнинг ғам-ғуссасидан суюниш душманлик аломати бўлиб, у ичи қора кишиларнинг ишидир.  Пайғамбар (с.а.в.): “Дўстингни бахтсизлигига суюнма, Аллоҳ таоло унга ўз марҳаматини, кейин эса сенга эса ўз офату балосини юборади” дедилар. Ҳазрат Али айтадилар: “Дўстларнинг ёмони  дўстини тангликка солади. Муросага муҳтож қилади ва узр айитишга мажбур қилади” дедилар. 
Жалолиддин  Румий: “Ким дўстлар билан ўтириб-турса, жаҳаннам бўлса ҳам, гулзордадир. Аммо душман билан ош-қатиқ бўлган кимса гулзорда бўлса ҳам дўзахдадир. “Биз, мен” деб дўстни ранжитмаки, ҳеч ким душманинг бўлмасин! Аллоҳ йўлида халққа хайр қил ва доимо кўзингга дўст кўринсин, адоват туфайли кўнглингга  ёмон гап келмасин! Бирор кишига душман бўлдингми, ундан узоқроқ юр. Сени қадрловчи дўст билан кўриш, у билан маслаҳатлаш!” дейди.   
Дўстнинг аҳволидан хабар олиб, уни яхшилик томон чорлаб туриш ҳақиқий дўстларнинг ишидир. Инсон дўстларини душманга айланиб қолишидан эҳтиёт бўлиши лозим. Инсон учун душман битта бўлса ҳам оғирлик қилади. Бу ҳақда Али ибни Толиб: “Тўрт нарсанинг ози кўпдир. Улар: 1. Оғриқ; 2. Камбағаллик; 3. Олов; 4. Душманчилик” дейдилар. 
Дўстликнинг синови дўстнинг баъзан ўзгариб қолганлигига сабр қилиш, уни яна қайта ўз ҳолига келишига умидвор бўлишдир. Бу ҳақда: “Дўстнинг ўзгариб, аввалгидан бошқачароқ бўлиб қолса,  уни шу сабабдан тарк қилма. Чунки дўстнинг бир эгри, бир тўғри бўлиши бор” дейилади.  Дўстнинг хато қилганидан хафа бўлиб, ундан алоқани узмаслик лозим. Дўст хато қилса ҳам, уни кечириб, уни яна тўғри бўлишига умидвор бўлиш лозим.
Дўстдан айб қидирган одамнинг дўстлари бўлиши қийин, чунки беайб парвардигордир. Инсон бошқа инсонлар билан бўлган дўстлигини мустаҳкамлаб бориши лозим. Дўстлар билан очиқ юз билан кўришиш, уларга совға саломлар бериш, инсонлар орасидаги меҳр-муҳаббатни, дўстликни мустаҳкамлайди.  
Инсонлар бир-бирлари билан дўстлашганларида ўзаро меҳр-муҳаббатни кучайтирадилар. Инсонларнинг дўстлиги эса жамият кишилари орасида хотиржамлик, ўзаро иноқликни таъминлайди. 
 

Р.Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг 
Қашқадарё вилоятидаг и вакиллик ходими