1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ёшлар – буюк ишлар давомчиларидир

30-07-2021, 12:37 471 Ўқиш режими + -
Ёшлар – буюк ишлар давомчиларидир

Ҳозирги кунда фарзандларимиз дунёнинг энг ўткир, фаол, уддабурон, ватанпарвар ёшларига айланиши, уларни фидойилик, ватанпарварлик, тадбиркорлик, миллатпарварлик, садоқатга ўргатишда ота-онанинг ўрни беқиёс. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган  мақол бор. Бу борада албатта ота-онани ҳиссаси катта бўлади. Шу ўринда ота-онага ёрдам беришда бутун жамоатчилик, маҳалла оқсоқоли, диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, имом-хатиб, ноиб имом, профилактика нозири, “Маънавият ва маърифат” маркази, хотин-қизлар қўмитаси ва “Камолот” ЁИҲ каби ташкилотларнинг жойлардаги масъуллари биргаликда фаол ишлаш керак. Ёшларга ушбу офатларнинг салбий жиҳатлари ва зарарли оқибатларини, ғаразли ниятларига қарши  кенгроқ тушунтиришда инсоний таъсир қилишнинг барча восита ва услублари қўллаш керак. Баландпарвоз шиорларни такрорлаш ўрнига фикрни ҳаётий мисоллар орқали тушунарли қилиб етказиш маъқулроқдир.
Халқимизда мақол бордир “Бекорчидан худо безор” деган. Ёшларимиз турли мутассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақтларини унумли ўтказиш учун касб-ҳунар қилишликка, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли спорт тўгаракларида қулай имкониятларни яратиб бериш муҳимдур.
Донолар  айтганидек, беғамлик лоқайдликнинг онасидир. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга, тубанлик, лаганбардорлик, андиша-қўрқоқлик, ибо-мутелик, уялиш, журъатсизликка айланади. Ер бузилса, деҳқон зиён кўради, бола бузилса ота-она уялади ва боши эгилади. Ниҳол экиб қарамаса, у нобуд бўлади ва кутилган натижа бермайди. Фарзанд кўриб, қаровсиз қолдирилса, у фидоий ватанпарвар бўлмаслиги кундай равшан. Гиёҳванд, жиноятчи ёки ўғри-фирибгар риёкор бўлади. 
Муқаддас динимизда ҳам фарзандни соғлом ҳолда вояга етиши учун кўплаб кўрсатмалар мавжуд. Фарзандларнинг яхши хулқли, одобли, иродали, соғлом ва ҳар томонлама салоҳиятли бўлиб улғайиши аввало уларнинг оналарига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимизда бўлғуси онани танлашга алоҳида эътибор қаратилади. Келажакда дунёга келадиган фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан аввал қайғурилади.
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар.
Ҳар бир ота-она фарзанд кўрганда беқиёс хурсанд бўлади. Ана шу хурсандчилик кунидан бошлаб уларнинг зиммасига масъулият ҳам тушади. Бу масъулиятни бўйинларидан соқит қилишга ота-онада ихтиёр қолмайди. Фарзанд тарбияси, унинг диёнатли бўлиши ва соғлигини сақлаш ота-она зиммасидаги вазифалардан ҳисобланади.
Бироқ ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат деган фикрга бориш ҳам тўғри эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, эс-ҳушли, жисмонан соғлом, диёнатли, эътиқодли, жамият ва миллатга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришлари керак. Ҳар бир туғилган фарзанд Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек покиза табиатда туғилади, шу сабабли соғлом эътиқодни ва гўзал одоб ахлоқларни қабул қилишга тайёр ҳолда бўлади, сўнгра ота-онанинг тарбияси билан у ёки бу динга эътиқоди ва одоб ахлоқи пайдо бўлади. Фарзанднинг тўғри фикр ва соғлом эътиқодга эга бўлишида ҳамда унинг ахлоқи гўзал бўлишида ота-онанинг ўрни беқиёс.
Фарзандларимиз ҳам кўз ўнгимизда улғайиб камол топмоқда. Биз хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам, бу жараён давом этаверади. Кишини ўйлантирадиган жиҳати шуки, фарзандларимиз биз истаган, биз интилган, ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган даражада ўзгараяптими? Бугун умид билан қараётган ниҳолларимиз, эртага кутилгандек мева берадими?” 
Дарҳақиқат, ёшларнинг келажак ҳаёт бусағаларига қўядиган қадамлари қутлуғ бўлишида ва жамиятда муносиб ўринларни эгаллашида уларнинг камол, одоб-аҳлоққа эга бўлишлари учун биз ота-она ва устозларнинг ўрни жуда муҳимдир.  Ёшларнинг барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввал одоб-аҳлоқли бўлишлари лозим, чунки одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади.
Ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларини энг олий ва афзалидир, чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади. Ўзига, оиласига, жамиятга, балки бутун атроф муҳитга ундан фақат манфаат етади. Фарзандларга чиройли одоб-аҳлоқ ва мусулмончиликни ўргатиш нафл ибодатдан кўра афзал ва савоблироқ. Яхши фарзанднинг садақаи жорияси, савобли ишлари ота-онасининг қабрини  нурга тўлдириб, руҳи покларини шод ва масрур қилади.
Яхши хулқ-одоб белгилари ўн хил булади. Биринчи, хайрли ишларда одамлар билан зиддияга бормаслик. Иккинчи, ҳис-туйғу ва эҳтиросларга берилмаслик. Учинчи, ўзгаларнинг камчиликларини қидирмаслик. Тўртинчи, бировларнинг бахтсизлигига ҳамдард бўлиб, уни тўғри тушуниш. Бешинчи, агар айбдор ўз айбига иқрор бўлса, уни авф этиш. Олтинчи, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш. Еттинчи, кишилар тўғрисида ғамхўрлик қилиш. Саккизинчи, ўз нуқсонларини кўра билишлик. Тўққизинчи, одоб ахлоқли бўлиш. Ўнинчи, хушмуомала бўлишдир.
Оиладаги соғлом муҳит ва тўғри тарбия фарзанднинг кейинги оладиган билим ва касб-ҳунарлари учун асос ва пойдевор ҳисобланади. Мамлакатимиз ёшлари ўлкан ижодий, ақл-заковатли, ижтимоий-сиёсий салоҳиятга эга. Ана шу куч ва салоҳиятни юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва ҳалқ фаровонлиги сари сафарбар этиш энг муҳим вазифалардан биридир. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик қадрини, миллий ва диний қадриятларимизни бемалол хотиржамлик билан тиклаш, ривожлантиришга, ислом фарзларини баркамол адо этишимизга яратилган имкониятларни улуғ неъмат эканини англаган ҳолда Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизнинг илму-фан ва касб-ҳунарли бўлиб етишишлари учун қўлимиздан келганича ёрдам кўрсатиш бизнинг ҳаммамизни  асосий мақсадларимиздан бўлишлиги лозимдир. 
Ота-оналар боланинг табиати, хулқ-атвори шу оиладаги муҳитга қараб шаклланишини эсдан чиқармасликлари зарур. Маълумки, солиҳ фарзандлар ота-она назоратида оилада тарбияланиб, вояга етишади. Болалар тарбиясига улар ёш вақтларида бепарво бўлиш, ёмон кишиларга аралашиб юришларига йўл қўйиш зарарли оқибатларга олиб келади. Улар тарбиясига астойдил киришиш, яхши кишилар бўлиб етишишлари учун бутун имкониятларни ишга солиш зарур. Муқаддас динимизда ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига эътибор бериш энг муҳим масалалардан саналади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:“Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”.
Шунингдек, фарзандни ақлан ва руҳан соғлом бўлиши билан бирга унинг жисмонан соғлом бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жисмонан соғлом, ақлан етук бола соғлом муҳит ва аҳил оилада камолга етади. Ана шундай муҳит таъсирида бола маънан етук, жисмонан соғлом ҳолда катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, одамийлик, меҳр-оқибат, ўз Ватанига, халқига, дину диёнатига ихлосли ва садоқатли бўлиш каби инсоний фазилатларни ўз қалбига жо қилади.
Маънавиятни юксалтиришда ёшларимизни миллий ва диний қадриятлар уйғунлиги руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама ақлли, билимли, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш ҳал қилувчи вазифалардан бирига айланди. Бу каби эзгу мақсадларни амалга ошириш мақсадида Республикамизда “Соғлом авлод”, “Соғлом бола-соғлом она”, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, “Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури” каби бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди ва ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. 2021 йилни Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинганлиги давлатимизни ёшларга бўлган эътиборидан десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари айтганидек “Албатта, [йилни] номлаш жуда қийин … Биз бунга жуда кўп тайёргарлик кўрдик. [Ҳозирги] муҳит яна бир бор маҳаллий кенгашлар, маҳаллий раҳбарлар ёшларга эътибор беришлари кераклигини кўрсатди. Иккинчидан, агар бугун биз пандемия даврида бошланган аҳоли саломатлигини яхшилаш ишларини давом эттирмасак, бу масалаларни бугун ҳал қилмасак, эртага кеч бўлади. Биз, бизнинг одамларимиз, пандемия пайтида, айниқса қишлоқларда, ушбу камчиликлардан жуда азият чекдик. Биз ваҳима қилмадик, лекин азоб чекдик”.
“Умуман олганда, ҳар қандай жамият тараққиётида ҳал қилувчи ролни ушбу жамиятнинг келажаги боғлиқ бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол ривожланиши ўйнайди. Шунинг учун ислоҳотларимизни кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш масалаларида биз замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган ёшларимизни ўзимизга таянч деб биламиз”.
У мамлакатда янги Уйғониш даврининг пойдеворини шакллантириш учун янги Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Навоий ва Бобурларни тарбиялаш учун муҳит ва шароит яратиш зарурлигини таъкидлади.
 “Бизнинг энг устувор вазифамиз улкан мақсадларни белгилаш ва уларга эришиш учун ваколатли ёшларни яратиш бўлиши керак. Шундагина болаларимиз халқимизнинг азалий орзуларини амалга оширадиган ҳақиқий кучга айланади”.
Шавкат Мирзиёев Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкентнинг Чилонзор вилоятидаги учрашувларда ёшлар томонидан билдирилган дадил ғоя ва ташаббуслардан жуда мамнунлигини айтди.
“Айниқса, яқинда бўлиб ўтган Ёшлар форумида йигит-қизларимизнинг иштиёқ билан ёнаётган кўзларини, билимга бўлган иштиёқларини кўриб, мен жуда катта куч олдим. Ва улар яна Ибн Сино айтган жасур ва қаттиятли ёшлар эканлигига яна бир бор амин бўлдим”, деди Президент.
“Ишончим комилки, биз қудратли ижодий салоҳиятга эга бўлган бундай билимли ёшлар билан биргаликда янги Ўзбекистонни барпо этамиз”, деди давлати раҳбари[1].
Ёшларимизнинг орзу-умидлари ва ўзлари танлаган ҳаёт йўлларида қоқилмасдан олға қадам босишда ёрдамчи бўладиган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Соғлом авлод учун”, “Сен ёлғиз эмассан” сингари жамғармалар, Зулфия номидаги “Ниҳол” каби мукофотлар ва “Келажак овози” танлови ташкил этилди. Буларнинг замирида бир эзгу мақсад-мамлакатимиз ёшларини ҳар томонлама камол топтириш, уларни келажагимизнинг ҳақиқий эгаларига айлантиришга қаратилган саъй ҳаракатлар тургани табиий, албатта.
Келажак авлод ҳақида қайғуриш, соғлом ва баркамол наслни тарбиялаб етиштиришга интилиш бизнинг милий хусусиятларимиздан бири эканлиги барчамизга маълум. Бу муқаддас заминда яшаётган ҳар қайси инсон ўз фарзандининг бахту-саодати ва фазлу камолини кўриш учун бутун ҳаёти давомида курашади, меҳнат қилади.
Ота-оналар дунёга келажак ҳар бир фарзанднинг аввало соғлом туғилишига асосий эътиборларини қаратсалар, уларга муносиб тарбия бериб камолга етказсалар, албатта бундай фарзанд келгусида уларнинг барча орзу умидларини рўёбга чиқаришга қодир бўлади.
Аллоҳ таъолодан барчаларимизни ҳидоят йўлида барқарор қилиб, залолат йўлларидан ўз паноҳида асрашни, фарзандларимизни салоҳиятли зурриёдлардан қилиб, элимиз юртимизга манфаатли, содиқ кишилардан қилишини сўраб, ўзини даргоҳига илтижо қилиб қоламиз.

Абдилазиз МАХСИМОВ,
Қарши тумани “Имомайн” жоме масжиди имом хатиби