Илм – икки дунё азизлигидир.
5295
2-08-2021, 15:07
1 009
Ўқиш режими
+
-
Илм – икки дунё азизлигидир.
Илм ўрганишдек шарафли ва лаззатли нарса йўқ. Илк “Ўқи” амри билан бошланган Аллох таоло Қуръонда, билувчилар ва билмайдиганларни асло тенг бўлмаслигини таъкидлаб бундай марҳамат қилган:
قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ
«…Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! …”» (Зумар сураси, 9-оят).
Илм дунёда азизлик, охиратда шарафдир. Ўтган азизлар илмга ана шундай таъриф беришган. Демак, кимга дунё керак бўлса, илм олсин, кимга охират керак бўлса, илм олсин, кимга икки дунё керак бўлса, илм олсин. Занжий ибн Холид р.а айтади: “Болалик пайтимизда Зуҳрий р.а нинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга: “Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, дедилар”.
Илмнинг даражаси ана шундай улуғдир. Илм динимизда улкан даражаларга, мақомларга кўтарилган улуғ бир хислат, ғўзал бир амал ҳисобланади. Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Роббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Ҳазрат Одам (алайҳиссалом)ни фаришталардан ҳам юксак мақомга кўтарган ҳам илм эди. Қуръони каримда ўқиш, ёзиш қуроли бўлган қалам улуғланади, айнан унга ва у ёзган сатрларга қасам ичилади. Аллоҳ таолонинг қалам билан қасам ичиши, қаламнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва қадри жуда кучли шаклда эканини ифодалайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ таоло қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. (“Мужодала” сураси, 11-оят). Аллоҳ таолонинг Ўзи аҳли илмларнинг, олимларнинг даражасини ана шундай кўтариб қўйган.
Илмнинг улуғлиги шу даражадаки, кимда ким илм талаб қилиш йўлида юрса у жаннат йўлида юрган деб эътибор қилинади. Агар вафот этадиган бўлса, кўзини жаннатда очади.
Бу ҳақда ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб, бундай дедилар: «Ким илм истаб йўлга чиқса, Аллоҳ таоло уни жаннатга йўллаб қўяди. Ва олим учун еру осмон ва хатто денгиздаги балиқлар ҳам мағфират сўрайдилар. Албатта, олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир». Ва яна Муовия ибн Абу Сўфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишларида фақиҳ қилиб қўяди” деганларини эшитдим, дедилар.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам илм ҳақида яна бундай мажозий ўхшатиш сўз гапирганлар: “Иймон ялонғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси илмдир”. Аллоҳ таоло Қуръони Каримни йигирма уч йил давомида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга оятма-оят, сурама-сура, бўлак-бўлак ҳолатда нозил қилди. Маълумки, биринчи нозил бўлган оятларнинг биринчи сўзи “Иқро” (ўқи) буйруғи билан нозил бўлди. Шунинг ўзи динимизда илмга қанчалик эътибор қаратилганлигига далолат қилади. Қуръонда илм тўғрисида жуда кўплаб оятлар нозил бўлган. “Илм” сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Чунки динимиз илм дини, динимиз маърифат дини, динимизда жаҳолат мазаммат қилинган, динимизда илмсизлик қораланган. Динимиз мўмин-мусулмонларни илм олишга тарғиб қилган диндир.
Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган эканлар: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан тирилтиради”.
Абу Ҳомид Ғаззолий шундай деганлар: “Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу-зулматдан нур бағишловчи ва заиф бандаларга куч-қувватдир, илм билан банда аброрлар даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади”.
Зубайр (раҳматуллоҳи алайҳ): “Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади”, дейди. Демак, илм қоронғиликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғиликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камол топишни истасангиз, илмнинг этагини маҳкам ушланг.
Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) илм хусусида: “Илм пастда турганларни юқори даражага кўтаради. Билимсизлик эса тепада турганларни пастга туширади. Илм мол-давлатдан устундир, чунки бойликни сен асрайсан. Илм эса сени асрайди”, деганлар.
Фойдали илм ўрганган кишини ўлимидан кейин ҳам инсонлар ҳурмат билан эслашади. Илм абадий тирикликдир, билимли инсон ҳаётдан кўз юмганидан кейин ҳам тирикдир! Жоҳил киши тириклигидаёқ ўлик ҳисобланади.
Машҳур мутафаккир Аҳмад Донишнинг таъбирига кўра, ҳар бир мусулмон одам, энг аввало, ўзига зарур бўлган илмларни ўқиши фарздир. Шундан сўнг тирикчилик учун бирор касб-ҳунар ўрганиши лозим. Қайси илм ва ҳунар кишининг ақлига, руҳига тарбия берар экан, ундай илм ва ҳунар ўз эгасини бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қўллаб-қувватлайди.
Инсон вафотидан кейин ҳам унинг амал дафтарига худди тириклигидек савоблар ёзилиб туришига сабаб бўладиган учта амал бор. Шулардан бири киши ўзидан кейин қолдирган фойдали илмдир.
Пайғамбаримиз марҳамат қиладилар:
"إِذَا مَاتَ الْعَبْدُ اِنْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ صَدَقِةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ"
(رواه الامامُ البخاري عن أبى هريرةَ رضي الله عنه)
яъни: “Банда вафот этса, унинг амаллари кесилади (яъни, тўхтайди). Лекин уч нарсадан (савоб келиб туради); юриб турувчи садақа, фойдали илм ёки унинг ҳаққига дуо қилиб турувчи фарзанд” (Имом Бухорий ривояти). Демак илм ўрганиш, уни бошқаларга ўргатиш, халққа фойдаси тегадиган китоблар ёзиш инсон вафотидан кейин ҳам худди тириклар каби савоб олишига сабаб бўлади.
Юқоридаги оят ва ҳадисга мукаммал ҳолатда амал қилинган юртимиздан довруғи дунёга кетган улуғ олимлар етишиб чиқишди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али ибн Сино” Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва таммадунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилган. Ҳеч қачон унутмайликки, биз ана шундай буюк инсонларнинг авлодларимиз.
Бугунги дунёда илм-фан шиддат билан ривожланиб кашфиётлар қилинаётган бир пайтда, шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди.
Бизнинг бурчимиз – дин ва дунё билимларини баробар ривожлантириб, аждодларимиз йўлини давом эттириш ва билимда дунё халқларига пешқадам бўлишдир. Зеро бу мақсадларни амалга оширишда биз учун аждодлар қўйган пойдевор ва намуна мавжуд.
Шунинг учун муборак ислом таълимотларига таянган ҳолда, ахлоқ одобимизни олий даражага кўтаришга ҳаракат қилайлик, муносиб равишда ўз фарзандларимизни дунёвий ва диний билимлардан баҳраманд қилиб, келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишишига эришайлик.
Жумаев Фурқат
Араловул жоме масжиди имом-хатиби