ВАҲДАТУЛ-ВУЖУД (2-ҚИСМ)
5305
4-08-2021, 11:59
400
Ўқиш режими
+
-
ВАҲДАТУЛ-ВУЖУД (2-ҚИСМ)
Ваҳдатул вужудчиларнинг асосий далилларидан бири имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадиси қудсий эди:«Ким менинг валийимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш очаман. Бандам учун Менга Ўзим унга фарз қилган нарса ила яқинлашишидан кўра маҳбуб яқинлашиш йўқ. Бандам Менга нафллар ила яқинлашишда унга муҳаббат қилгунимча бардавом бўлур. Бас, Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитар қулоғи, кўрар кўзи, ушлар қўли ва юрар оёғи бўлурман. Ва у Мендан сўраса, албатта унга берурман. Мендан паноҳ сўраса, албатта унга паноҳ берурман».
Аллоҳ таолонинг иродаси ила ҳар нарса бўлиши мумкинлигига ваҳдатул вужуд назариясининг мусулмонлар орасида тарқалиши ёрқин мисол бўлса, ажаб эмас. Бўлмаса, «Анал Ҳақ» («Ҳақ менман») деганлар юқоридаги ҳадиси шарифни ўзларининг фикрига далил қилиб келтириб, бошқа одамлар ўша сафсатани қабул қилармидилар?! Ахир ҳадиснинг ўзида «бандам» деган сўз турибди-ку! Банда бўлгандан кейин, қандай қилиб Ҳақ ҳам бўлиш мумкин?! Бу ҳадиси шарифда фарз ибодатларни тўлиқ адо этадиган банда Аллоҳ таолога яқин бўлиши, у нафл ибодатларни ҳам кўпроқ қилаверса, дуоси тўсиқсиз қабул бўладиган ҳолга эришиши мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда-ку!
Мансур Халложнинг қатли учун чиқарилган ҳукмга йиғлаб қўл қўйган уламолар каби, биз ҳам бу улуғ зотнинг «Анал Ҳақ»лари худолик даъвоси эмаслигини, Аллоҳнинг валийси илоҳлик даъвосини қилмаслигини яхши тушунамиз. Лекин Аллоҳ таолонинг муҳаббатини юрагига сиғдиролмай, Аллоҳ азза ва жалланинг яқинлигидан завқи тошиб, ўзини йўқотиб, жазавага тушган ошиқ авлиёнинг шатаҳотини ҳам, жазавасини ҳам оқламаймиз. Агар бошқа валий зотларда бўлгани каби, бу шатаҳот, бу жазава фақат ўткинчи бир ҳолат бўлганида, ҳеч бир уламо Мансур Халложга эътироз билдирмасди. Зеро, ҳадиси шарифда баён қилинишича, баъзан банда завқининг зўридан адашиб, ўзини Робб, Роббни банда деб хитоб қилиб юбориши ҳам мумкин ва бу ўткинчи янглиш ҳолат узрли ҳисобланар экан.
قَالَ: «لَلَّهُ أَشَدُّ فَرَحًا بِتَوْبَةِ عَبْدِهِ حِينَ يَتُوبُ إِلَيْهِ مِنْ أَحَدِكُمْ كَانَ عَلَى رَاحِلَتِهِ بِأَرْضِ فَلَاةٍ، فَانْفَلَتَتْ مِنْهُ، وَعَلَيْهَا طَعَامُهُ وَشَرَابُهُ، فَأَيِسَ مِنْهَا، فَأَتَى شَجَرَةً فَاضْطَجَعَ فِي ظِلِّهَا، قَدْ أَيِسَ مِنْ رَاحِلَتِهِ، فَبَيْنَا هُوَ كَذَلِكَ إِذَا هُوَ بِهَا قَائِمَةً عِنْدَهُ، فَأَخَذَ بِخِطَامِهَا، ثُمَّ قَالَ مِنْ شِدَّةِ الْفَرَحِ: اللَّهُمَّ أَنْتَ عَبْدِي وَأَنَا رَبُّكَ، أَخْطَأَ مِنْ شِدَّةِ الْفَرَحِ». رَوَاهُ الشّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.r:أَنَّ رَسُولَ اللهِ tعَنْ أَنَسٍ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ Ўз бандасининг тавбасидан бирингизнинг суви ва таоми ортилган, кимсасиз биёбонда қочиб кетган уловидан умидини узиб, бир дарахт тагига бориб, соясида ётганда, уловидан мутлақо умиди узилганда, ана шу ҳолда ётганида бирдан қараса, у (улов) олдига келиб қолган бўлса, унинг жиловидан тутиб, азбаройи хурсанд бўлиб кетганидан: «Эй Аллоҳим! Сен бандамсан! Мен Роббингман!» деб юборган пайтидаги хурсандлигидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади. Чунки у (банда) жуда хурсанд бўлиб кетганидан хато қилганди».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Аммо Мансур Халлож шатаҳот ҳолатида туриб қолди. Аллоҳ таолонинг инсонларни ва жинларни яратишдан мақсади уларнинг ибодати, яъни қуллиги эканини унутди.
Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Заарийаат сурасида:
وَمَا خَلَقۡتُ ٱلۡجِنَّ وَٱلۡإِنسَ إِلَّا لِيَعۡبُدُونِ٥٦
«Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим», деган (56-оят).
Аслини олганда, Аллоҳ таолога қуллик қилиш ва Уни севиш айнан бир тушунчалардир. Зеро, банда ўзини яратган Зотни севгандагина Унинг ҳар бир амрини муҳаббат билан қабул қилади ва Унга сўзсиз итоат этишдан ҳузурланади. Аслида Роббул оламиннинг ҳар бир амри бандасининг ўз фойдаси учундир. Мўмин-мусулмон учун эртаю кеч бир лаҳза ҳам Аллоҳ таолонинг зикридан ғофил қолмаган ҳолда, У Зотнинг амрларига бўйсуниб, қайтарганларидан қайтиб, ҳалол-пок ризқ талабида меҳнат қилиб, жамиятнинг ишончли, солиҳ бир вакили, вафодор эр, меҳрибон ота, содиқ дўст, силаи раҳм қилувчи қариндош, масжидга шошилиб бориб, секин қайтувчи намозхон, ўзига раво кўрган яхшиликларни ўзга мусулмонларга ҳам раво кўрувчи қалби сахий инсон ва энг муҳими, ҳар бир яхши амалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилувчи содиқ муқтадий бўлишдан кўра тўғрироқ йўлни биз билмаймиз. Зеро, бу айтилганларнинг барчаси севимли Роббимиз биздан талаб қилган, У Зотнинг элчиси, Ҳабибуллоҳ Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аллоҳ таолонинг амри ила етказган вожиботлардир. Тўғри эътиқоддаги ҳеч бир мутасаввиф, тўғри тариқатдаги ҳеч бир мустаршиду мурид бу вожиботларнинг биронтасини инкор қилмайди. Буларни инкор қилганларнинг эътиқоди ҳам, тариқати ҳам шубҳалидир.
(давоми бор)
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан олинди