ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – САОДАТ МАСАЛАСИ
Тарбия ҳақида сўз кетар экан, ўтган аср бошларида яшаб ижод қилган ўзбек халқининг улуғ мутафаккир жонкуяри, маърифат куйчиси Абдулла Авлонийнинг бир ҳикматли сўзини айтиб ўтмасдан бўлмайди: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир чақалоқ фитратда туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий қилиб тарбиялайди ва насроний қилиб тарбиялайди. …”, – дедилар. Ушбу ҳадисдан фарзанд қандай мақсадни кўзлаб тарбияланса, шу йўсинда вояга етиши ва улғайиши маълум бўлади.
Айюб ибн Мусо отасидан, у бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди”, – деганлар.
Ушбу ҳадис орқали ота-она фарзанди учун берадиган барча нарсаларининг ичида энг муҳуми ва афзали ҳусни хулқ ва тарбия эканини англаш мумкин.
Глобаллашув мураккаб жараён бўлиб, ўзининг ижобий ва салбий жиҳатларига эга. Унинг ижобий томони – бутун жаҳон миқёсида ахборот алмашинувининг осонлашгани, илм-маърифат тарқалиш имкониятларининг кенгайганида бўлса, салбий жиҳати шундаки, бу жараён оммавий ахборот воситаларини ғаразли мақсад йўлидаги қурол сифатида фойдаланишга уринаётган кучлар учун ҳам кенг йўл очади.
Мазкур жараёнлар кечаётган бир вақтда айрим инсонларнинг, аксар ҳолларда ёшларнинг бузғунчи ғоялар таъсирига берилиш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. Бундай ғоялар домига тушиб, унинг таъсирида жиноят кўчасига кириб, ўз жазоларини олганларидан сўнг қилмишларига пушаймон бўлган кишиларнинг қайта бундай ноқобил йўлга кирмасликлари, тўғри турмуш тарзига тўлиқ қайтишлари учун уларга жамоатчиликнинг алоҳида эътибори ва ёрдами зарур бўлади. Бузғунчи ғоялар орасида дин ниқобидаги экстремизм энг хавфли кўринишлардан биридир. Чунки дин – инсон қалбидаги энг қадрли туйғу. Экстремистик гуруҳлар ўз ғояларини ушбу нозик туйғу билан боғлашга уринадилар. Мусаффо туйғу нопок ғоялар билан булғанганидан сўнг уни қайта тозалаш анча мураккаб кечади. Бунинг учун инсоннинг ҳам ички дунёсини ҳам диний қарашларини – эътиқодини тўғри йўлга йўналтириш талаб этилади.
Бугунги глобаллашув даврида интернетнинг ривожланиши натижасида айрим «қора кучлар»нинг бирор мамлакатни босиб олиши учун унга қарши қурол кўтариб бориши «замонадан ортда қолган усул»га айланди. Бунинг ўрнига бугунги кунда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонларни «ўзига ром қилган», радио, телевидение, газета-ю матбуотни ортда қолдирган интернет ҳар қандай «қурол» ўрнини эгаллай бошлади. Илм-маърифатга асосланган диний эътиқод инсоннинг моддий ва маънавий ҳаётини тўғри йўлга солишга хизмат қилади. Боланинг ёшлигидан бошлаб унда тўғри дунёқараш ва эътиқодни шакллантириш унинг ҳар томонлама етук, динийлик ва дунёвийлик орасидаги фарқ ва муштаракликни англаб етадиган инсон бўлиб шаклланишига ёрдам беради. Аммо дин ва эътиқоднинг асл моҳиятини тўғри тушуниб етмаган, дин ҳақида фақат бир ёқлама фикрга эга бўлган, яъни «дин – бу зўравонлик, динсизларга қарши урушиш, жамиятдаги барқарорликка путур етказиш, давлатга қарши чиқиш», деган қарашга эга бўлган кишининг йўлдан адашиши, ғараз мақсадли гуруҳлар учун «қурол» воситасига айланиши жуда осон бўлади.
Дин ниқобидаги экстремистик гуруҳларнинг тузоғига тушган кишиларни қайтадан ижтимоий фаол, ватанпарвар инсонларга айлантириш учун уларнинг ўтмишини чуқур таҳлил қилиш лозим бўлади:
− бу инсон қандай муҳитда катта бўлди?
− дин ҳақида етарли ва тўғри маълумот олиш имкониятига эга бўлганми?
− у катта бўлган оила ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан қандай ҳолатда эди?
− у катта бўлган жамоада қандай «қаҳрамонлар» биринчи ўринда турар эди?
− у дўстлари орасида қандай мавқега эга эди? ва ҳ.к.
Тажрибалар шуни кўрсатадики, диний маърифатдан, унинг эзгулик моҳиятидан бохабар бўлмаган кишиларнинг дин ниқобидаги экстремистик гуруҳлар таъсирига кўпроқ тушиб қолиш ҳолати юз беради. Чунки унда дин ҳақида етарли маълумот йўқ, шунинг учун ҳам ашаддий экстремист у билан «яхшилаб», «чуқур» тарзда «тушунтириш ишлари»ни олиб борган тақдирда унинг йўриғига кетиш эҳтимоли кўпроқ. Аввалги «динсизлик» ҳолатидаги «гуноҳларини ювиш» учун жонини қурбон қилиши лозимлигини талаб қилганда эса, унинг чақириғига «лаббай» деб жавоб бериши кўпроқ юз бергани кузатилган.
Ёшларга дин ва диний ўртасидаги нозик муносабатларнинг моҳиятини ҳар томонлама тўғри тушунтириб боришимиз керак, Муқаддас динимиз арконлари ва қадриятларини доимо улуғлаб, шу билан бирга, дунёвий ҳаётга ҳам қатъий ишонч билан интилиб яшаган тақдиримизда эзгу мақсадларимизга ета оламиз. Ҳар бир ота-она фарзандининг тарбияси учун жавобгардир. Кўзимизнинг нури, қалбимиз сурури, ишимизнинг давомчиларидирлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “…фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…”(Қаҳф сураси, 46-оят). Чунки, Аллоҳ таоло фарзандларни дунёнинг зийнати демоқда. Шундай экан, бу неъматни қадрлаб асраб авайлаб қўймоғимиз бизлар учун бурчдир. Уларнинг таълим тарбияси, одоб аҳлоқи ва келажаги учун жавобгармиз.
Ёшларнинг барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб-ахлоқли бўлишлари лозим. Чунки одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ва Андижон вилоятига ташрифлари доирасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, одамларни турли диний оқимлар таъсиридан асраш тўғрисида қимматли фикрларни билдирган эдилар. Бунда ёшларни дин ниқоби остидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш ва унинг амалий механизмини яратиш муҳим вазифалардан эканлигига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги 3160-сонли қарорида дунёда юз бераётган мураккаб ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиб бориш, терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш белгиланган.
Яқин кунларда Мустақиллигимизни 30 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг раҳбар ва ходимлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида “Мамлакатимизда диний-маърифий соҳага берилаётган катта эътибор дунё нигоҳида”йўналишид амаънавий-маърифий ҳамда тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Бу тадбирларда иштирок этаётган юртдошларимиз Ўзбекистоннинг диний соҳадаги ютуқлари бу борада қилинаётган ишлар ҳақида маълумотга эга бўлишмоқда. Бу тадбирларнинг самараси ёшларни турли оқимларга қўшилиб кетмаслигига, ота-онага ҳурмат, қўни-қўшничилик одоблари, муомала одоблари ва турли ижтимоий одобларни ўрганишда хизмат қилади.
Хулоса ўрнида, глобаллашув жараёнида экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолганларни салбий оқибатларни бартараф этиш билан бир қаторда бу каби нохуш ҳолатни келтириб чиқарувчи сабабларнинг олдини олиш ишларига ҳам асосий эътиборни қаратиш давр талабидир. Бунинг учун биз ёшларни миллий ва диний қадриятларнинг ҳурматини ўз ўрнига қўядиган, динийлик ва дунёвийлик орасидаги мувозанатни мутаносиб тарзда олиб борадиган, замон талабларига жавоб берадиган маънавий ва илмий салоҳиятга эга қилиб тарбиялашимиз лозим бўлади.
Абдулазизхон Махсумов,
Қарши тумани “Имомайн” жоме масжиди имом хатиби