1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳага берилаётган катта эътибор дунё нигоҳида

5-08-2021, 09:24 345 Ўқиш режими + -

“Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади” Шавкат Мирзиёев.

 

Мамлакатимизда миллий анъана ва қадриятларимизни ривожлантириш, улуғ аллома аждодларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш, ёшларимизни Ватанга муҳаббат, илм-маърифатли, интеллектуал баркамол авлод этиб тарбиялашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда.

Бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар дунё миқёсида ҳам муносиб эътироф этилиб, диний бағрикенгликнинг намунали модели сифатида баҳоланмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг диний эркинликлар соҳасида алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхатидан чиқарилганлиги, БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг қабул қилинганлиги бунга яққол мисолдир.

Биз дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Истиқлол йилларида бу ифтихор боис мамлакатимизда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Бироқ бугун жаҳон айвонига назар ташлаган ҳар қандай онгли инсон тинчлик ва фаровонлик истагидаги халқ ўз юртида диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини ошириши ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратиши лозимлигини яққол кўра олади.

Президентимиз томонидан 2018 йил 16 апрелда қабул қилинган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон айнан шу мақсад-муддаони назарда тутиши билан аҳамиятлидир. Мазкур фармонга асосан маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш, ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш, динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш, диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш, диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш лозим.

Эндиликда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислигидаги Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга ва илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳатлар нафақат диний соҳани ва диний таълимни ривожига, балки Ватанимиз Ўзбекстонда истиқомат қилиб келаётган турли миллат вакиллари орасида миллатлараро тотувликни, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкам ўрнатишда, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатларни ўрнатишда ва бутун дунёда терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг долзарб масалаларига барҳам бериш учун хизмат қилиб келмоқда.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари