ВАҲДАТУЛ-ВУЖУД (4-ҚИСМ)
Бир вақтлар Мансур Халложнинг қатл қилинишига сабаб бўлган гап-сўз ва эътиқодни қилганлар энди ўша нарсаларнинг ўзи билан обрў қозонадиган бўлиб қолдилар. Имом Суютий ўзларининг «Тарихи хулафо» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар: «Ҳижрий уч юз биринчи санада Халложни туяга миндириб, сазойи қилинган ҳолда Бағдодга олиб киришди ва: «Бу қарматийларнинг даъватчиларидан биридир! Уни таниб қўйинглар!» деб жар солишди. Сўнгра тўққизинчи йили қатл қилингунича қамаб қўйишди. Уч юз тўққизинчи йили Халложни қози Абу Амр, фуқаҳолар ва уламоларнинг унинг қони ҳалоллиги ҳақидаги фатвоси ила қатл қилишди».
Халложнинг қадимги ва ҳозирги мухлислари даъво қилганларидек, уни тўғри гапни айтгани учун баъзи жоҳиллар қатл қилган эмас. Балки уни энг нотўғри гапни айтиб, айтганида туриб олганидан кейин, тўққиз йил қамоқда қолиб ҳам ўзига келмаганидан кейин уламоларнинг ижмоъи ила қатл қилишга ҳукм қилишган.
Албатта, ҳижрий тўртинчи асрнинг бошида исломий илмлар ўзининг авжида, мусулмонлар динларида мустаҳкам ҳолларида, диний эътиқод ва таълимотлар мусаффо ҳолида эди. Аммо кейинчалик таназзулга юз тутилди. Турли омиллар таъсирида мусулмонлар ичида Ислом таълимотларига зид нарсалар ҳам тарқала борди. Одамлар Қуръон ва Суннатни қўйиб, турли фалсафа ва ажабтовур фикрларга берилиб кетишди. Бора-бора Мансур Халложнинг «Анал Ҳақ» («Ҳақ менман») ёки «Маа фил жуббати иллаллоҳу» («Чопоннинг ичида Аллоҳдан бошқа йўқ») каби иборалари ҳам ип эша олмайдиган гап-сўзлар ва ишлар кенг тарқалди. Ана шу нарсаларга мисолларни шайх Абул Ҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳининг имом Сарҳандийнинг ҳаётлари ҳақида ёзган китобларидан таржима ҳолида келтирамиз. «Тилмисоний вужудий мазҳабни амалда татбиқ қилар эди. У барча ҳаром нарсаларни ҳалол ҳисобларди. У: «Мавжуд Зот битта бўлганидан кейин, ҳалол билан ҳаромнинг орасини фарқлашнинг нима ҳожати бор?!» дер эди». Бир киши бошқа бировдан Ибн Арабийнинг «Фусусул ҳикам»ини ўқир эди. У ўз устозини Аллоҳнинг валий ва ориф бандаларидан деб билар эди. У китобни ўқиб туриб, унинг Қуръонга хилофлигини билиб қолди ва устозига: «Бу гап Қуръонга хилоф-ку», деди. Шунда ҳалиги устози: «Қуръоннинг ҳаммаси ширкдир. Тавҳид бизнинг каломимизда, холос», деди. Бир киши ваҳдатул вужуд назариясига амал қилувчи шахс билан юриб бораётиб, сасиб ётган ўлик итни кўрди ва: «Бу ҳам Аллоҳнинг зотими?» деди. Ваҳдатул вужудчи: «Ундан ташқарига чиқадиган нарса бормиди? Ҳа, ҳамма нарса Унинг зотидир!» деди.
Ваҳдатул вужуд назарияси тарафдорига: «Агар вужуд битта бўлса, нима учун хотин ҳалол бўлиб, она ҳаром бўлган?» дейилди. Шунда у саволга: «Бизнинг наздимизда ҳамма нарса битта. Аммо анави сўқирлар «ҳаром» дейишди ва биз сизларга «ҳаром» дедик», деб жавоб берди.
Бу ҳолат ваҳдатул вужуд назарияси танқидчилари қаторига баъзи илмли сўфийларнинг ҳам қўшилишига олиб келди.
Аҳли тасаввуфдан биринчи бўлиб ваҳдатул вужуд назариясига қарши чиққан киши Кубровия тариқати шайхларидан бири шайх Алоуддавла Самноний бўлди. У киши ўзининг илмий баҳсларида соликнинг мақсади ваҳдатул вужуд эмас, убудият – бандалик қилиш эканини исботлади.
Шайх Алоуддавла Самноний қурбатнинг юқори даражасига чиққан солик ваҳдатул вужуддан юқори мартабага эришиши ҳақида сўз юритди.
Кейинроқ имом Шарафуддин Яҳё Мунирий бу фикрни кенгайтирди. У киши: «Ваҳдатул вужуд» деб гумон қилинган нарса вожибул вужуд(Аллоҳ)дан бошқа барча вужуднинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши эмас, балки нарсаларнинг ҳақиқий мавжуднинг олдида кўринмай қолишидир», деди.
Шарафуддин Яҳё Мунирий нарсаларнинг йўқлиги ёки сингиб кетиши бир нарса, уларнинг кўринмай қолиши бошқа нарса эканини исботлади.
Шундай қилиб, ваҳдатул вужуд назариясига нисбатан уч хил қараш юзага келди.
- Ваҳдатул вужуд назариясини тамомила қўллаб-қувватлаш. Уни айни ҳақиқат ва маърифат деб билиш.
- Ваҳдатул вужуд назариясини бутунлай инкор қилиш.
- Ваҳдатул вужуд назарияси ўрнига ваҳдатуш-шуҳуд назариясини тақдим қилиш.
Аммо Нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган арбоби, улкан олим ва сўфий Имоми Роббоний (ҳижрий 971–1034 саналар ва милодий 1563–1625 саналар) бу хил қарашга ўзларининг тўртинчи йўлларини қўшдилар.
У кишининг фикрларича, ваҳдатул вужуд соликка ориз бўладиган бир ҳолдир. Ўшанда сўфийга кўринадиган ҳамма нарса бир вужуд бўлиб қолади. Аммо солик илоҳий тавфиқ ила набавий ҳидоятга рафиқ бўлиб турса, бошқа бир мақомга эришади. Бу мақом ваҳдатул вужуд мақомидан устин мақом бўлиб, «ваҳдатуш-шуҳуд» деб аталади. Ваҳдатуш-шуҳуд даражасига етган соликнинг шоҳидлиги фақат вожибул вужуд(Аллоҳ)нинг ёлғиз Ўзи бўлиб қолади. Бошқа нарсалар ўзлари мавжуд бўлса ҳам, унга йўқдек бўлиб қолади. Чунки қуёш чиққанда юлдузлар кўринмай қолганидек, Аллоҳ таолога етишганда, бошқа нарсалар кўзга кўринмай қолади.
Шу тариқа Имоми Роббоний сабаб бўлиб, ваҳдатул вужуд туфайли вужудга келган ихтилоф ва ноқулайликлар тугаб, ҳеч ким хафа ҳам бўлмай, мусулмонлар жумҳури ақийдасига, Қуръон ва Суннатга ҳамда исломий шариатга мувофиқ ҳолатга қайтилди.
Бу ишда Аллоҳ таоло Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳига улкан тавфиқ берди. Аввало, у киши забардаст олим эдилар. Қолаверса, донғи етти иқлимга тарқалган тасаввуф шайхи ҳам эдилар. Ўша вақтда Нақшбандия тариқатининг шайхлиги у кишида тўхтаган эди. Сўнгра масалани муолажа қилишда ҳам ҳакимона йўл тутилган эди. Бирор киши ҳақида бирор оғиз аччиқ сўз айтилмаган эди. Шу вақтгача бўлиб ўтган гап-сўзлар ва ишлар ҳам танқид қилинмаган эди. Ҳамманинг ҳурматини йўлга қўйган ҳолда янги бир қўшимча қўшиш билан иш ниҳоясига етган эди.
Айниқса Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳининг ўша пайт аҳли тариқатларнинг пешвоси бўлиб туришлари жуда ҳам қўл келган. Агар бундай бўлмаганда, аҳли тасаввуф бу каби гапни қабул қилмай, ваҳдатул вужуд фикридан қайтмай, туриб олишлари мумкин эди.
(давоми бор)
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан олинди