Террорчида дин бўлмас
5346
9-08-2021, 23:10
273
Ўқиш режими
+
-
Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг асоси ҳам осойишталикдадир. Бу неъмат бебаҳо экани тўғрисида Ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган. Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16).
Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон кабидир. Қанча унумдор ерлари, боғлари бўлмасин фойда ололмайди. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, барчамиз жипслашиб, ҳамжиҳатликда иш тутишимиз зарур.
Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти).
Дунёнинг турли минтақаларида бўлаётган тўс-тўполонлар, уруш-жанжаллар, қотилликлар хақида фикр юритиб, такрор ва такрор юртимиздаги тинчлик учун шукр қиламиз. Бугун дунёнинг барча давлатларида тинчлик-хотиржамлик сув ва ҳаводек зарур эканлигини тушунтириш ҳожати қолмади десак муболаға бўлмаса керак. Ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда ҳар қандай қарама-қаршилик ва низоларни фақат тинч йўл билан ҳал этиш зарурлиги жудаям катта ахамиятга эга бўлиб қолмоқда. Бугун диёримиздаги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка оғир машаққатлар эвазига эришилганини сира унутмаслик керак.
Юртимиздаги тинчлик ҳам қанчадан-қанча саъй-ҳаракатлар ва бедорликлар натижасидир. Шунинг учун хотиржамликка берилишга, сезгирликни йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Уни ҳимоя қилиш фақат муайян соҳа ходимларининг вазифаси, деган одам қаттиқ адашади. Балки оиламизга, фарзандларимизга, келажакда дунёга келадиган зурриётларимизга фаровон юртни мерос қолдириш учун барча бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиши даркор. Дунё халқларининг эзгу хоҳиш-иродаси битта. У ҳам бўлса, ҳеч қачон, ҳеч қаерда уруш бўлмасин, оналар оҳ-зор чекмасин, гўдаклар нола қилмасин. Бундай истак барча халқларнинг орзусидир. Бунинг учун эса тинчликни фақат орзу қилиш билан эмас, балки, осуда ҳаёт учун тинимсиз курашиш талаб этилади.
Бугунги кунда кўз қорачиғи, қалб қувончи, жаннат райҳони, дея ардоқланадиган беғубор болажонларни террорчилар ўз манфур мақсадларини амалга ошириш учун уларнинг белларига портловчи моддаларни боғлаб, алдаб, одамлар гавжум жойларга юбориб, қўпорувчилик воситаси сифатида портлатиб юборишмоқда. Буни қандай тушуниш мумкин, одам деган шунчалар ҳам ёвуз, бераҳим бўладими?! Шунинг учун бежизга террорчида дин бўлмас деб айтилмаган. Чунки, дунёдаги барча динлар тинчликни тарғиб қилади.
Хулоса ўрнида юртимиз ёшларига алданманг, сизни ўз сафига чорлаётган, ўзини “мужоҳид” деб танитаётган кимсалар тинч аҳолини қатл этмоқда, аёл-қизларни хўрлаб, номусларига тажовуз қилмоқда. Норасида болаларни ўлдирмоқда. Исломнинг бешинчи аркони бўлган ҳаж амалини бажаришга бораётганларни “тошга сиғинувчилар” деб эълон қилиб, уларга таҳдид қилмоқда. Динимиз қибласи бўлган муқаддас Байтуллоҳни вайрон қилишга ваъда бермоқда. Уй-жойлар, мактаб ва кутубхоналар, қишлоғу шаҳарларни бузиб, мўйсафид отахон, муштипар оналар, норасида гўдакларни кўчаларда саргардон қилмоқда.
Муқаддас ислом динимизда буткул ман этилган бу каби чиркин амалларини фош этаётган уламоларни, ўзларига эргашмаган мусулмонларни “кофир”га чиқармоқда. Наҳотки сиз бегуноҳ одамларнинг, ёш болаларнинг қонини тўкиш, аёлларни хўрлаш, уй-жой, масжиду мактабларга ўт қўйишни савоб ҳисоблайсиз ва ўзингизни шундай ишларга қўл ураётганлар сафида кўришни истасангиз? Маҳаллангиз, туғилиб вояга етган уйингиз, ўқиган мактабингиз кўз олдингизга келтиринг, ота-онангиз, опа-сингил ва ака-укаларингизни ўйланг. Наҳотки, уларни ҳам бир кун шундай ёвузликларга дуч келишини хоҳласангиз? Шундай экан, огоҳ бўлинг, ўзингизни ҳалокатга ташламанг!
Абдулазизхон Махсумов
Қарши тумани “Имомайн” жоме масжиди имом-хатиби