Собиқ ИШИД жангчисининг эътирофи: “ИШИД даъватига учган киши катта хато қилади. У жиноий гуруҳ, аммо, жиҳод байроғини кўтариб юради. Кўплар бу ёлғонга учади. Уларнинг ёлғонига тушиб қолманг”. (Икки оёғидан ажралган собиқ ИШИД жангчисининг сўзларидан).
Хулоса...
Мен, ИШИД фалончиларни ўлдирди, пистончиларни талади, ё бошқа бирига ёрдам берди деган сийқаси чиққан гаплар билан ҳеч кимни бошини қотирмоқчи эмасман. Бироқ ИШИД, ёки шунга ўхшаш жамоаларнинг йўли муқаддас шариатимизга тўғри келадими, йўқми шунинг масаласини ўртага ташламоқчиман.
Менимча масаланинг шу жойи муҳим деб ҳисоблайман.
Биринчи савол:
“Бу тўдалар Исломий жамоатларми?”.
Бу саволнинг жавобини излаб кўрамиз.
Аввало Исломий жамоатлар ҳақида суҳбатлашамиз, иншааллоҳ.
Бу жабҳада биринчи ва энг мукаммал жамоа, булар Аҳли суннат вал жамоатнинг юраги бўлмиш Саҳобаи киромлар жамоасидир.
Бу жамоатнинг аввалги бошлиғи пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар ва у киши охиригача нафақат мусулмонларга, балки жамики инсониятга бошлиқ бўлиб қолаверадилар. Буни баъзилар тан оладими, ёки йўқми фарқи йўқ. У киши инсониятнинг сарвари ва сардори эканини Аллоҳ таоло тайинлаган. Бу инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Ислом умматига диний фатволарни навбати билан аввал Абу Бакр, кейин Умар, кейин Усмон, кейин Али розияллоҳу анҳумлар айтдилар. Худди шу жумладан жиҳодга буйруқни ҳам.
Булар фатво айтиш учун мамлакатнинг ҳар бир жойига илмда бошқалардан устун бўлган саҳобаларни тайинладилар. Абдуллоҳ Ибн Аббос, Абдуллоҳ Ибн Умар ва бошқалар ана шу саҳобалар жумласидандир. Бу азиз устозлардан Иброҳим Нахаий, Ҳасан Басрий, Ҳаммод ибн Сулаймон каби тобейинлар илмни ўргандилар ва шу олган илмларини Имом Аъзам, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад каби улуғ устозларга ўргатдилар.
Бу азиз устозлар эса, ушбу илмларни бир тартибга келтириб, йўналишга жамладилар. Буни Ислом тилида “мазҳаблар” дейилади.
Улар ояту – ҳадисларни ўз ичига қамраб олган бир йўналишни тартиблаштирдилар. Шогирдлар етиштирдилар. Ўша шогирдлари қўшган ҳиссалари туфайли бу мазҳаблар кундан - кунга кучайди ва ривожланди.
Ушбу табаррук мазҳаблар бугунги кунгача ривожланиб, мукаммал саодатга эришиш йўлига айланди. Ўзингиз бу мазҳаб уламолари рўйхатига қаранг.
Ҳанафийлардан:“ Абул Барокот ва Абу Муъий Насафий, Баздавий, Абу Бакр Жассос, Абу Мансур Мотурудий, Имом Таҳовий ва бошқа минглаб уламолар.
Бошқа мазҳаблардаги уламолар ҳам буларникидан кам эмас. Улар жумласидан: “Имом Ғаззолий, Имом Табарий, Шерозий каби минглаб уламолар.
Бу уламоларнинг ҳар бирлари ҳозирги кунда баъзи бир фитначи фирқалар “устозларимиз” деб даъво қилишаётган фасод тарқатувчи сохта олимлар тушларида ҳам ёзишга ожизлик қиладиган ўнлаб китоблар битиб, инсониятга жуда катта хазиналарни қолдирганлар.
Бу китоблар жумласидан: “Ал-Фиқҳул Акбар, Ақоиди Насафий, Ақоиди Таҳовий, Муватто, Ибона, Саҳиҳи Буҳорий, Саҳиҳи Термизий ва бошқа минглаб китобларни меърос қолдирдилар.
Демак, биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган Ислом динини ҳудди ўзлари ҳоҳлаганларидек бажаришни истасак, айнан шу китобларга мурожаат қилишимиз лозим бўлади. Зеро, бундан бошқа чорамиз йўқ. Чунки биз тўғридан – тўғри Пайғамбаримиздан бир масалани сўраш имконига эга эмасмиз. Бу муқаддас китоблар эса, бизни тўғридан – тўғри Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб боради. Бунга заррача шубҳа қолмаган.
Ваниҳоят, мақсадга етиб келдик.
Савол: “Ушбу улуғ уламолар қолдирган китобларда жиҳод ҳақида нима дейилган?”.
Жавоб: “Бу уламоларниг барчаси ўз китобларида мамлакатни исломий шахс бошқариши лозимлигини, шу билан бирга уларга бегуноҳлик, яъни у кишилар айни пайтда гуноҳдан пок бўлишлари шарт қилинмаганлигини. Мусулмонлар ўлкасининг барча ишларининг тартибини айнан шу шахс бошчилигида тартиблаштирилишини. Агарда, мабодо мусулмонларга катта хавф туғилганида ҳам айнан мана шу шахсгина мусулмон лашкарини жиҳодга бошлашини, ундан бошқа ҳеч ким жиҳодга бошлай олмаслигини, аниқроғи, мусулмонлар ўлкасига биргина шахс подшоҳ бўлишлигини таъкидлаб ўтганлар.
Улуғ устозлар китобларидаги жиҳодга бошлашга оид масаланинг қисқача йиғиндиси шу.
Хўш, унда мана шу жиҳодга деб, аслида фитнага кетаётган минглаб мусулмонларнинг кўзлари қаёқда?. Нега улар мана шу оддий ҳақиқатни тушуниб етмаяптилар.
Масаланинг жавоби шуки, ҳа, мамлакатимиз президенти ва бу кишидан аввалги президент ҳам мусулмон кишидирлар. Агар жиҳодга бошлаш лозим бўлса, аскарларни мана шу президент бошлаб боради. Исломда бизнинг юртимиздаги мусулмон лашкарини жиҳодга бошлаб бориш учун фақатгина шу одам ҳақлидир.
Лекин, яна бир масала бор. Аниқроғи, катта бир фитна бор. Бу ҳам бўлса, бир янги фитначи тўда чиқди. Улар агар мамлакат подшоси мусулмон бўлса, унга қарши урушиш мумкин эмаслигини билар эдилар. Шунинг учун ҳам улар арқонни узун ташладилар ва ўзларининг сохта ақидаларига тўғри келмайдиган барча мусулмонларни кофирга чиқардилар. Худди шу жумладан мамлакат раҳбарларига хам таьна маломатлар килдилар. Улар ўзларидан аввал ўтган жамиики муҳтарам уламоларнинг деярли барчасини кофир ва бидъатчига чиқардилар.
Шундан сўнг авом мусулмонларга: “Сизлар хато йўлдасизлар, сизлар эргашиб юрган мазҳабларнинг барча уламолари кофир ва бидъатчилардир”, дедилар. Макрларига ишонган содда мусулмонларни “жиҳодга”, деб олиб кетдилар.
Муҳтарам биродарим, сўз чўзилиб кетди. Гапнинг қисқа ва лўндаси шу: “Ким мана шу ҳаётида ўзига Ислом динини эътиқод сифатида қабул қилган бўлса ва шу эътиқодда юриб, Аллоҳнинг розилигини топаман деса, аввало Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини ва ҳадисларини ўргансин. Сўнг саҳобалар, сўнг тобейинлар, мазҳаб уламоларининг ақидага оид китобларини синчиклаб, мукаммал ўргансин”.
Агар: “бу ишни уддасидан чиқа олмайман”, деса, ўзига мазҳабни танласин ва ўша улуғ устозлар йўлидан айрилмасин. Шунда икки дунёда саодатли бўлади. Худди Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари каби.
Агар ушбу, биргина нажот йўли бўлмиш, мазҳаб уламоларининг йўлини тутмаса, ўзининг икки дунёсини барбод қилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Моида сурасининг 41- оятида айтади. Эй Пайғамбар! Оғизлари ила: “Иймон келтирдик”, деб қалблари иймон келтирмаганлар (Аллоҳ таоло бу сўзлар билан мунофиқларни айтаяпти. Агарда ўша мунофиқларнинг мақсади ҳақиқатдан ҳам Иймон бўлганида, ўзларидан аввал ўтган барча солиҳ уламоларни бирваракайига бидъатчига чиқармаган бўлар эдилар. Мана шунинг ўзи ҳам бу бидъатчи фирқанинг кимлигини англатиб турибди) ва яҳудий бўлганларнинг куфрнинг ривожланиши йўлида бор кучлари билан ҳаракат қилишларидан хафа бўлманг. Улар ёлғонни кўп эшитурлар (яъни улар сизни кўп эшитадилар, мақсадлари эса, ўша ўрганганлари орасидан камчилик топиб, сизни ёлғончига чиқариш бўлади) сизга (Иймон кетириш учун ёнингизга) келмаган қавмлар учун ҳам эшитурлар (яъни, сиздан эшитганларни уларга етказмоқчи бўладилар. Аллоҳ нақадар буюк Зот. У бизга ўша мунофиқ фирқалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлмаган қавмларга хизмат қилишларини ўргатаяпти. Баъзи бир мусулмонлар эса, буларнинг ортларидан эргашиб, бориб бегуноҳ мусулмонларнинг қонини тўкмоқдалар. Энг ёмони, булар бу қонли ишларини “жиҳод”, деб атаяптилар. Билинг ва огоҳ бўлинг! Мусулмоннинг қонини тўкмоқ ҳаром, унинг молини таламоқ ҳам). Сўзларни жойларидан ҳам ўзгартирурлар. Улар: “Агар сизга бу берилса, олинглар, агар бу берилмаса, ҳазир бўлинглар”, дерлар. Аллоҳ кимни фитнага солишни ирода қилса, унга Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсани тўса олмассиз. Аллоҳ ана ўшаларнинг қалбларини поклашни ирода қилмади (зеро, уларнинг мақсади Иймон эмас эди). Уларга бу дунёда шармандалик бор. Уларга охиратда улкан азоб бор (яъни, улар жаҳаннамда абадий қоладилар).
Ҳидоятга, тўғри йўлга бошлаш Аллоҳдандир........
Хуршид Шарипов,
Косон шаҳар “Ғоиб Ота” жоме масжиди имом хатиби