Ёмонлардан узоқ, яхшиларга ҳамроҳ бўлайлик
5351
9-08-2021, 07:51
290
Ўқиш режими
+
-
Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Лекин ғоялар кураши авж олган XXI асрда дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар юзага келаётгани, кишиларнинг осуда ҳаётини издан чиқаришга қаратилган янги шаклдаги таҳдидларнинг кун сайин пайдо бўлаётгани ва бунинг натижасида бузғунчи ғоялар мафкура майдонини қуршаб олаётгани барчамиздан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб этмоқда.
Ҳозирги кунда экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ҳамда тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, таассубга берилиб нотўғри изоҳлашга ва одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда. Бунда исломнинг асосий манбалари ҳисобланган Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиниши, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни дин билан боғлашга уриниши эса уларнинг ҳар қандай қабиҳ ишлардан ҳам қайтмаслигидан далолат беради.
Инсониятни икки дунё саодатига элтувчи Ислом динининг асослари бўлмиш Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номуси, ақли ва эътиқодига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.
Экстремист ва террорчи ташкилотлар бутун дунё халқлари тинчлигига раҳна, одамларнинг қалбларига қўрқув, ғулғула солиб, кимларнидир жигарпорасидан, кимларнидир эса меҳрибон ота-онасидан айириб, оила деб аталмиш кичик жамиятни пароканда қилишга уринмоқдалар. Ҳар қандай террорчи ташкилотларнинг ҳаракатлари биздан узоқ деб бепарво бўлиш бугунги кунда ҳеч бир кишига лойиқ иш эмас.
Бугун Яқин Шарқ минтақаси қонли тўқнашувлар гирдобида. Кўп давлатларда мавжуд сиёсат боши берк кўчага кириб қолган. Асосий сабаб эса одамларнинг турли бўҳтон ва ёлғон ахборотларга алданиб қолаётганидир. Шундай экан, интернет тармоғидаги мулоқот жараёнида ҳушёр бўлиш, алданиб қолмаслик учун ҳам "виртуал онг" доирасидан четга чиқиш, "ахборот уруши" қурбонига айланиб қолмаслик талаб этилади. Бундай салбий ҳолатларга қарши битта қурол бор – маънавият!
Бузғунчи оқимларнинг асл мақсади дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этиш, жамиятга ҳар томонлама зарар етказиш орқали кишилар, айниқса ёшлар орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларини шакллантиришдан иборат экани барчага маълум бўлди.
Дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган терроризм ва экстремизм, трансмиллий жиноятларнинг яна бир энг мудҳиш кўриниши – одам савдоси ёки наркобизнеснинг урчиб бораётганида ҳам маънавий дунёқарашдан йироқ таомиллар – беҳисоб бойлик орттириш, халқаро ҳуқуқ нормалари ва умуминсонийлик тамойилларига лоқайдлик, нафсга қулликдек жирканч иллат сабаб бўлаётгани аянчлидир. Бундан ҳам мудҳиши, бу жараёнларга ватандошларимизнинг аралашиб қолаётгани, ғаразли мақсадли кимсаларнинг даъватига учаётганидир. Ўз Ватанига қурол ўқталиш, халқининг тинчлигини бузиш, қўни-қўшниси ёки энди улғайиб келаётган, ҳаётга беғубор орзулар билан боқаётган ёшларни гиёҳвандлик оламига олиб киришни қайси анъана ёки қадриятларимиз оқлайди?! Ҳеч қайсиси.
Уламоларимиз айтадилар: Ўзингни ёмон кишилар суҳбатидан узоқ тут, чунки ёмон кишилар суҳбати жаҳаннам ўтидан ҳам ёмонроқдир. Ҳар суҳбатнинг бир таъсири бўлади. Чунончи, яхши кишилар суҳбати фазилатни оширса, ёмон кишилар суҳбати заҳматни оширади.
Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” да шундай дейди:
Яхши бирла юрса, ҳар ким мақсуди ҳосил бўлур,
Юрса нодонлар ила, бир кун бориб қотил бўлур.
Катталар қилган насиҳатни кичиклар олмаса,
Оқибат хулқи бузуқ бир беадаб жоҳил бўлур.
Бугунги огоҳлик ва ҳушёрлик талаб қилинаётган бир пайтда ёмонлардан узоқ бўлиб, яхшиларга ҳамроҳ бўлайлик.
Азамат УСМОНОВ
“Фазли” жоме масжид имом-хатиби