Мазҳабсизлик – хатарли бидъат
5356
11-08-2021, 19:35
210
Ўқиш режими
+
-
Мустақиллигимиз келтирган буюк неъматлардан бири — турфа маънавий қадриятларимиз, кўҳна ва бой тарихимиз, маданий меросимизга муносабатнинг тубдан ўзгариб, узоқ мозийда яшаб абадий барҳаёт асарлар яратиб кетган буюк алломаларнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш ҳамда улардан кенг халқ оммасини баҳраманд қилиш, десак ҳеч бир муболаға бўлмайди.
Республикамизда диний илмларга катта эътибор берилаётгани, Қуръони карим ҳамда Жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларининг ўзбек тилига таржима қилиниб кенг кўламда ўрганилаётгани, уларнинг ижтимоий, маданий ва маънавий ҳаётимизга тобора сингиб бораётгани бунинг ёрқин далилидир.
Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, миллий ва диний қадриятларимизни тикланиши ва узоқ ўтмишда яшаб ўзларининг сермаҳсул ижодлари билан ислом динининг турли соҳаларига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган алломалар ҳаётлари ва бой меросларини чуқур ўрганиш ва улардан фойдаланиш ҳар томонлама муҳим масалалардан бирига айланди.
Муқаддас динимизнинг ҳуқуқий асосини шариат ташкил қилса, шариатнинг асосини, ўз навбатида фиқҳ ташкил қилади. Зеро, Ислом динини ўзи маънавиятимиз тарихининг ажралмас қисми бўлиб, унинг замирида халқимизнинг ўзлигини англаши ётади. Ўтмишдан маълумки, ислом дини Шарқ ўлкаларида тарқалиб Ўрта Осиё халқларининг асосий динига айланганидан кейин, Мовароуннаҳр ҳудуди ислом таълимоти тарқалиши ва шариат илмлари, айниқса, фиқҳ, тафсир, ҳадис, калом илмлари, шунингдек, араб тили ва унга тегишли фанлар ривожининг марказига айланди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг Ислом динини асл манбалари асосида илмий ўрганиш, кенг ёритиб бериш учун имконият яратилди. Шу маънода ҳозирги пайтда барча илмлар қатори фатвонавислик соҳасига ҳам катта эътибор қаратилиб, бир қатор фатво борасида ёзилган асарлар устида тадқиқотлар, илмий баҳслар олиб борилмоқда ва илмий мақолалар, рисолалар чоп этилмоқда.
Маълумки, бугунги кунда фирқабозлик ва гуруҳбозликка барҳам бериш мақсадида турли ишлар амалга оширилаётган бир даврда фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, “Қуръон ва суннатга эргашмай, яъни Аллоҳ ва Расулининг айтганини қилмай, Абу Ҳанифанинг ёки Имом Шофеъийни айтганини қиламизми? Мазҳаблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган, шунинг учун унга амал қилиш мумкин эмас” деб, мазҳабсизликни даъво қилиб, уларни танқид қилаётганлар, натижада ҳар хил ихтилофларга сабаб бўлаётганлар ҳам учраб турибди.
Эътироф этилган мазҳабларни инкор этиш (мазҳабсизлик) оқибатида Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифлардан хоҳишга кўра ҳукм олиш келиб чиқади. Бу билан мазҳабни инкор қилувчилар ўзига хос ҳукм олиш йўлини “ихтиро” қилган бўлишади. Бу ҳол, ўз навбатида, янги мазҳабни даъво қилишдир. Ўз замонасининг машҳур олимларидан марҳум(Аллоҳ раҳмат қилсин) Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир”, деб айтган.
Агар ҳамма одамлар мазҳабсизлик йўлини тутсалар нима бўлади, деб ўз-ўзимизга савол берайлик. Агар ҳамма одамларни уй-жой қурилиши лойиҳаларида муҳандисларга эргашишдан, уларнинг хизматидан фойдаланишдан ва уларга таянишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади. Саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан ва уларнинг сўзларига амал қилишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади. Ишлаб чиқариш ва тирикчилик воситаларида ана шу ишлаб чиқаришнинг мутахассисларига эргашишдан, уларнинг билим ва маҳоратларидан фойдаланишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак-агар ҳамма одамларни ана ўша мутахассисларга эргашишни тарк қилишга, унинг ўрнига ўша ишларнинг барчасида ўзлари ижтиҳод қилишга, изланиш ва ижтиҳоддан кейин келадиган шахсий қаноатига эътимод қилишга чақирадиган бўлсак, кейин одамлар ана шу даъватимизни тасдиқлаб шу ишни қилсалар нима бўлади?
Албатта, бу ишнинг орқасидан содир бўладиган нарса бу шубҳасиз цивилизацияни, экин-текинни ва наслни барбод қиладиган анархиядир. Одамлар уйларини обод қиламан деб хароб қилиб юборадилар, даволанаман деб ўз жонларини ҳалок қиладилар, ишлайман ва саноатлаштираман деб бошларига фақирликни орттириб оладилар. Бунга сабаб шуки улар ижтиҳод ўз ўрнига қўя билмадилар ва шартларига риоя қилмай туриб уни татбиқ қилдилар, одамларнинг ҳамкорлик, ўзаро ёрдам беришлик, илм ўрганишлик ва тўғри йўлни топишда бир бирлари билан боғлиқликларидан иборат Аллоҳнинг борлиқдаги суннатига бепарволик қилдилар.
Бу ҳақиқатни ҳамма, ҳаттоки ёш болаларгача билади. Ҳатто мазҳабсизликка чорлагувчиларнинг ўзлари ҳам биладилар. Бироқ ана шу одамлар айни қонунни диний мутахассисликлар, ҳалол-ҳаром ҳақидаги аҳкомлар борасида нима учун англаб етмайдилар?! Биз билмаймиз!
Барча одамларнинг ўша дунёвий соҳаларда ижтиҳод қилиш майдонига босиб кирганларида пайдо бўладиган натижа барча одамларнинг шаръий илмлар ва ҳалол-ҳаромга доир аҳкомлар борасида ижтиҳод қилиш майдонига босиб келганда пайдо бўладиган натижанинг айни ўзидир.
Бугун бизларда одамларнинг якка ва жамоат тарзидаги барча ҳолатларига алоқадор такомилига етган бир фиқҳ борки уни мужтаҳид имомлар ва уларнинг уламо издошлари излаб топишган ва ёзиб кетишган. Зеро бугун у кўз ўнгимизда намоён бўлиб ҳол тили билан бизга: сизлар билан ижтимоий, жиноий ва бошқа муаммоларингизда ушбу фиқҳни татбиқ қилишингизнинг ўртасида фақатгина уни ўзларингиз учун афзал бўлган қолипга солишингиз бор холос!, деб турибди. Биз агар ана шу фиқҳий бойлигимизни ҳар бир мусулмон учун ижтиҳод қилиш ихтиёрига бериб қўядиган бўлсак ушбу фиқҳнинг тақдири шамоллар учириб юрган қуруқ ҳашакларнинг тақдири каби бўлиб қолган бўларди.... қарасак мустаҳкам фиқҳ иморатимиз хароб бўлган, деворлари уёқ-буёқларга парчаланиб сочилиб кетган бўлади. Ва бу фақатгина такаббур кимсаларгагина шубҳа қиладиган натижадир, холос.
Бугунги мусулмон учун намоз, рўза, закот ва шахсий ҳаётида учрайдиган диний муаммоларнин ҳукмларини тўртта мазҳаблардан бирортаси асосида ёзилган шариат аҳкомларининг хулосасини ўз ичига олган кичкинагина бир китобчани ўқиш орқали тушуниб олиши учун кенг имкониятлар мавжуд. Модомики мужтаҳид эмас эканми саҳоба ва тобеъийнларнинг улуғларидан фатво сўраган кўпгина одамлар сингари ҳукмларни англаш ва уларнинг далилларидан хабардор бўлиш унинг учун шарт эмас.
Бемазҳаблик деганда мазҳабларни умуман Исломга мос келмайдиган, қонуний асосга эга бўлмаган нарса деб, уларни инкор қилиш тушунилади. Бемазҳаблар шундай хомхаёлни таклиф қиладилар: буюк уламолар тўпланиб, мавжуд мазҳабларни ва умуман фиқҳий меросимизни бир тафтиш қилар эмиш-да, уларнинг фикрича, Қуръон ва Суннатга “мос келмайдиган”ларини ташлаб юбориб, шу асосда ҳамма учун ягона “тўғри” мазҳабни ташкил этар эмишлар!
Ўз-ўзидан маълумки, бундай бўлиши мумкин эмас, ҳеч бўлмаганда бундай инқилобга рози бўлмайдиганлар ҳар доим топилади. Натижада ўзининг ҳукм чиқариш методологиясига эга бўлган бешинчи мазҳаб пайдо бўлади, холос. У эса бутун Ислом оламига фақат қўшимча чалкашлик, фасод олиб киради. Бемазҳаблар ҳозирги мазҳаблар айнан Қуръон ва Суннатни фиқҳ тилига имкон қадар тўғрироқ қилиб ўтказишга уриниш натижасида пайдо бўлганлигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ваҳоланки, мазҳаббоши имомларимиз бу масалани ўз илми, ижтиҳодига кўра ечиб кўрганлар, холос. Улар айрим ояти карималарни турлича таъвил қилганлар, у ёки бу ҳадиси шарифларнинг саҳиҳлигига турлича қараганлар, холос! Натижада мазҳаблар жуда кўпайиб кетди, бироқ ҳаётнинг ўзи уларни элакдан ўтказиб, тўрттасини қолдирди.
Мана шундай ҳолатда мазҳабга эргашиш лозимлиги, хусусан, тўртта мазҳабни асраш ва уни ҳимоя қилиш, бу борада мазҳабларни қўллаб-қуватлаб ёзилган асарларни ҳозирги кунда аҳамияти каттадир.
Бугунги кунимизда ҳам ҳар бир инсон билмаганларини илмли кишилардан сўрашдан бошқа чора йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло бундай буюрган: “Агар билмайдиган бўлсангиз аҳли зикрлардан сўрангиз” (Наҳл сураси, 43-оят).
Юртимиз мустақиллиги шарофати билан Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби нафақат юртимизда, балки бутун мусулмон оламида катта шуҳрат қозонган буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий маънавий мерослари чуқур ўрганила бошлади. Турли фанлар ривожлангани сингари ҳадис илмлари ҳам кундан кунга ўсиб бормоқда. Бу илм борасида турли-туман бири биридан чиройли асарлар дунё юзини кўрмоқда. Тарихда ҳадис уламолари томонидан ёзиб қолдирилган китобларнинг ўрни беқиёс. Зеро улар сабабли биз авлодлар ҳадис илмларидан воқиф бўлмоқдамиз. Шундай экан биз, уламолар ҳаётлари уларнинг ёзган асарлари ва улар яшаган даврга оид барча маълумотларни ўрганишимиз лозим бўлади.
Абдулазизхон Махсумов,
Қарши тумани “Имомайн” жоме масжиди имом-хатиби