Вакцинанинг таркибида ҳаром нарса борми?
5363
14-08-2021, 14:30
207
Ўқиш режими
+
-
Ҳозирги кунда коронавирус хасталиги хавфи кучайиб бормоқда. Бу хавфни бартараф қилишнинг бирдан бир йўли бугунги кунда вакцинани олишдир. Вакцина олиш бугунги кундаги энг муҳим вазифа бўлиб турган бир даврда айрим кишилар вакцина таркиби ҳаром нарса бор, уни олиш ҳалол эмас, деган фикрларни айтишмоқда.
Аслида вакцина таркибида ҳаром нарса борми?
Аввалам бор, бир нарсани ҳалол ёки ҳаром дейиш учун уни илмий далиллар билан исботлаш керак, исботсиз ҳар қандай даъво рад қилинади.
Ва яна вакциналар кимёвий реакциялар асосида тайёрланади. Кимёвий реакциялар таъсирида ҳар қандай ҳаром нарса ўзлигини йўқотади, унинг ҳаромлиги қолмайди. Ундан фойдаланиш жоиз бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг фатвосида шундай дейилади: “Баъзи кишиларнинг вакцина таркибида ҳаром маҳсулотлар борлиги ҳақидаги гаплари ҳеч қандай илмий далиллар билан исботланмаган. Мабодо вакцина таркибида ўшандай қўшимчалар бўлган тақдирда ҳам, у моддалар кимёвий реакциялар натижасида ўз аслини бутунлай йўқотган бўлса, унинг ҳаромлиги қолмайди ва ундан фойдаланиш жоиз бўлади. Буни шариатимизда истиҳола (яъни, бир моддани бутунлай таркиби ўзгариб, бошқа нарсага айланиб кетиши) дейилади. Шу қоидага биноан, дорилар таркибида ўз асли – ҳаромлигини йўқотган моддалар бўлса-да, улардан фойдаланиш мумкин. Қолаверса, Мисрдаги "Дорул-ифто" фатво уюшмаси, Бирлашган Араб Амирликларидаги Исломий ишлар идорасининг Шаръий фатво кенгаши ва дунёдаги бошқа йирик фатво ҳайъатлари коронавирусга қарши вакциналарда ҳаром ҳукмидаги маҳсулотлар қўшилган бўлса ҳам истиҳола қоидасига биноан мусулмонлар учун эмланиш жоиз бўлиши ҳақида фатво чиқарганлар”.
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга ҳидоят қилиб, турли хил офатлардан Ўз паноҳида асрасин!
Р. Акбаров
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакилик ходими