1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ирим-сирим ва шумланиш – жаҳолатдандир

14-08-2021, 16:05 426 Ўқиш режими + -
Жамиятимизда муқаддас динимиз қайтарган баъзи бир бидъат хурофотлар ҳам учраб тургани барчамизга маълум.
Ана шундай хурофотлардан бири ирим қилиш, шумланишдир. Аллоҳ ва расули бундай ишлардан, бундай эътиқоддан қайтаради. Чунки, ирим-сиримлар ва ҳар хил нарсалардан шумланишлар инсониятнинг ақл мезонига тўғри келмайдиган, унинг имонига зарар келтирадиган, ҳақ йўлдан ботилга бошқарадиган амаллардан биридир.
Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида бундай марҳамат қилганлар: “Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайдилар. Бу – ҳасад, бадгумонлик ва иримдир. Бундай нарсалардан қутилиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоб қилиб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг”.
Пайғамбаримиз бу уч нарсани уммат ичида мавжуд бўлишини алоҳида таъкидлаб, бундай иллатлардан огоҳ бўлишга, бу иллатларни ботқоғига ботиб қолмасликка чақириб,  қандай йўл тутмоқ кераклигини ҳам кўрсатиб бердилар.
Таъкидлаш керакки, аввало мўмин-мусулмон киши ирим-сирим, сеҳру-жоду ва башоратга берилмайди ва ишонмайди. Мўмин одам учун тақдир Аллоҳ таолодан бўлади ва бахт ёки бахтсизлик ҳам унинг истаги билан рўй беради. Баъзиларнинг айтишича, қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлиши, опа-сингиллар овсин бўлиб бирининг турмуши бузилиши ҳам бўлиши керак бўлган воқеа эмас. Бу ҳам ўша инсоннинг тақдири билан боғлиқ. Шундай экан айрим ирим – сиримчи ва турли шубҳали инсонлар тахмин қилганидек кўш келин олганларнинг хонадонларига чилла тушиши, келиннинг бахти боғланиши, олдидан мушук ўтгани учун йўлдан қайтиш ёки “фалончи келиннинг қадами оғир келди”, “чоршанба ва жума куни касал кўргани борманг”, “шанба куни кир ювманг”, “чоршанба куни тирноқ олманг”, “жанозадан кейин тўйга борманг”, марҳумни эшикдан олиб чиқманг каби турли бўлган-бўлмаган иримлар ислом динида қораланади. Шунингдек, ирим қилаётган нарсасидан сақланиш учун турли-туман туморлар осиб олишлар ҳам ислом дини ақидасига ёт бўлган ишлардандир. Бу каби иримларга ўралашиб қолиш инсонни ҳақ диндан узоқлаштириб, турли хурофотларга кўмиб ташлайди. Кишини асл дин қолиб, ҳар хил асли ва асоси бўлмаган нарсалар билан ўралиб қолишга олиб келади.
“Сафар ойида фотиҳа қилиб бўлмайди”, “сафар ойида тўй қилиш мумкин эмас”, “сафарда сафарга чиқиш мумкин эмас”, “сафар ойида тижорий шартнома қилиб бўлмайди”, “сафарда уйга кўчиб бўлмайди”, “икки ҳайит орасида тўй қилиш мумкин эмас” каби асоссиз сўзлар тарқалиб кетаётгани кишини ташвишга солади. Бу каби ботил сўзларни асосини на шариатдан ва на инсоний мезондан топиб бўлади. Бундай асоссиз сўзлар билан сафар ойида ва икки ҳайит орасидаги вақтда эзгу ишларни тўхтатиб қўйиш, ёки ортга суриш мўъмин-мусулмоннинг сифатидан эмас. Ҳолбуки, сафар ойининг ҳам бошқа ойлар каби ўзига хос фазилатлари бор.
Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг "ал-Адаб ал-муфрад" асарида ажойиб бир ҳадис келтирилган: "Болалар туғилганида, унга барака сўраб дуо қилиши учун одамлар чақалоқларни Ойша онамиз (р.а.) олдига олиб келардилар. Бир чақалоқ келтирилди, уни тўшагидан олаётувди, ёстиғи остига устара (пичоқча) қўйилган экан. Ойша (р.а.) устарани нимага қўйилганини сўрадилар, жинлардан сақланиш учун, болага жинлар яқинлашмаслиги мақсадида қўйилганини айтишди. Шунда Ойша (р.а.) уни олиб, отиб юбордилар ва иккинчи бор бундай иш қилишдан қайтардилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ирим-сиримларни ёқтирмасликларини, уларга ғазаб билан боқишларини айтдилар ва Ойша онамиз (р.а.)нинг ўзи ҳам ундан қайтаришларини билдирдилар" (Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад, 1/912).
Яратган барчамизни Ўзининг рушду ҳидоятидан адаштирмасин. Турли хил бидъат-хурофот, ирим-сирим каби амаллардан сақлаб, илм орқали тўғри ақидани тушуниб етадиган бандалари қаторида бўлишимизни насиб қилсин.
 

Сирожиддин  ЖАҲОНОВ, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси