1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ёшлар тарбияси – порлоқ келажак пойдевори

17-08-2021, 22:07 592 Ўқиш режими + -
Тинчлик – барча эзгусевар халқларнинг, шунингдек, ўзбек халқининг ҳам азалий орзуси бўлиб келган. Тинчлик инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олиб, энг олий қадрият сифатида эъзозланади.
Тинчлик сўзи одатда тинч ва осойишта, уруш-жанжалсиз турмуш тарзининг бир меъёрда бўлишини ифода этади. Айтайлик, оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам бўлади. Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Обод турмушни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик неъмати билан боғлиқдир.
Лекин бу олий неъматни сақлаш инсон фарзандидан қатор бурч ва вазифаларни талаб этади. Аҳли донишлар доимо огоҳлик ва ҳушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан назар ташлаш лозимлигини таъкидлайдилар. Биз маънавий таҳдидларнинг мазмун-моҳиятини англаб етишимиз, уларнинг зарарларини фарзандларимизга тушунтира олишимиз, ижтимоий барқарорлик ва юрт осойишталигини таъминлашнинг бирламчи шарти, деб ҳисоблашимиз лозим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш-давр талаби” мавзусидаги анжуманда “Ўз болангни ўзинг асра!” деган ғояни илгари сурдилар. Фарзанд тарбияси, камолоти, жамиятимизга, халқимизга муносиб фарзанд қилиб вояга етказиш, унинг келажаги ва истиқболини таъминлашда биз ота-оналарнинг масъулиятимиз катта. Фарзандларимизни ҳам жисмонан ҳам маънан соғлом этиб тарбиялашимиз зарур. Уларни нопок ғаразли кучларнинг найрангларидан асрамоғимиз керак. Биринчи навбатда уларга яхши тарбия одоб-ахлоқ билан бирга уларнинг қобилиятига қараб билим, ҳунар ўргатмоқлигимиз лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларининг бирида: “Ота – она ўз фарзандига яхши одобу-ахлоқдан афзалроқ нарса бераолмайди” дедилар.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбияси бутун миллат олдидаги улкан масъулиятли вазифа эканлигини таъкидлаб: “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас”, дея таъкидлайдилар.
 Бу борада президентимиз ёшлар дунёқарашини шакиллантиришда мафкура масалалалрига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Зотан, ёшларни баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, ёт мафкуралар, ҳуружлардан асраш, уларда турли ғоявий таҳдидларга қарши кўникмаларни шакиллантириш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан саналади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида “Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди. Демак, доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан топа олмаса, бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излай бошлайди” дея таъкидлайди. Бу ўринда  давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар, ёшларимиз ҳаётининг барча жабҳаларини, хусусан, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳатлар униб-ўсиб келаётган ёшларга давлатимиз томонидан қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик намунасидир. Ўз навбатида давлатимиз раҳбарияти томонидан яратиб берилаётган имкониятлар эса, эртанги кунимизни ўз қўлларимиз билан қурамиз деган мустақил фикрга эга бўлган баркамол ёшларни шакллантиришга туртки бўлмоқда. 
Албатта, эртанги кунимиз, порлоқ келажагимиз ана шундай ёшлар қўлида. Зеро, ёшлар таълим-тарбиясига тикилган сармоя келажакка тикилган сармоядир. Янги давлатни барпо қилиш осон бўлмагани сингари, унинг порлоқ келажагини шакиллантириш ҳам енгил бўлмайди. Бунинг учун куч, ғайрат, шижоатимизни аямаган ҳолда илм ва маърифатли ёшларни тарбияламоғимиз лозим.
 

Акбар АСҚАРОВ,
“Хожа Бухорий” Ислом билим юрти ўқитувчиси