БЕПАРВО БЎЛМАЙЛИК !
5388
19-08-2021, 22:10
186
Ўқиш режими
+
-
Маълмки бугунги дунё ҳаддан ташқари тезкорлик билан ўзгариб бормоқда. Дунёнинг ҳар ерида ҳавф –хатар , зиддиятлар кучайиб, айрим жойларда бўлаётган қирғинбаротлар сабаб юзлаб, минглаб инсонлар қурбон бўлмоқда.Уй жойи , ватанини ташлаб, тинчлик истаб ўзга юртларга қочиб боришяпти. Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти И.Каримовнинг “Мана шундай тобора кескинлашиб бораётган бир вазиятда биз ҳушёрлик ва сергаклигимизни йўқотмасдан, кимлар бизга хайриҳоҳ, кимлар ғаразли кўз билан қараётганини бугунги ҳаёт, бугунги давр бизнинг олдимизга қандай ўткир талаб ва вазифаларни қўяётганини чуқур англаб, огоҳ, сезгир ва сафарбар бўлиб яшашимз талаб қилинмоқда” деб айтган сўзлари ҳам бежизга эмас. Ўтган йиллар ичида Ўзбекистон жаҳондаги ривожланаётган давлатлардан бирига айланди. Энг муҳими ва асосийси Ўзбекистонда барқарор тинчлик ва хотиржамлик қарор топди.Фуқароларимз онгу-шуурида ягона мақсад йўлида бирлашиш кайфияти юзага келди. Аммо бугун барчани ўйлантирадиган, огоҳликка чорлайдиган холатлар юзага келмоқда. Дунёда содир бўлаётган воқеалар айниқса радикализм, терроризм ва экстремизм каби таҳдидлар тобора авж олмоқда.Айрим мамлакатлардаги сиёсий зиддиятлар, қарама-қаршиликлар барчамизни янада сергак ва огоҳ бўлишга ундамоқда.
Глобаллашув жараёни кишиларга мафкуравий таъсир ўтказишнинг асосий қуролига айлангани сир эмас.Бундан келиб чиқиб, куч билан таҳдид қилгандан кўра, инсоннинг маънавий оламига ҳужумлар ортиб боряпти дейиш мумкин. Ана шундай кескин вазият эса кишилардан доимо очиқ нигох ва хушёрликни , ҳар ишга масъулият билан ёндошишни талаб этади.Бу ҳақида биринчи президентимиз И.Каримов “Юксак маънавият –енгилмас куч” асарида “Ён-атрофда содир бўлаётган воқеа ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамдан қўрқиш керак. Улардан ҳеч-қачон яхшилик чиқмайди. Улар ҳатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди” деган фикрларни келтириб ўтганлар.
Айтиш жоизки ҳар бир инсон тинч, хотиржам ва фаровон яшашни истайди. Айни дамда тахликали замонда ана шу тинчлик осойишталикни қумсаб яшовчилар ҳам кам эмас. Динни ниқоб қилиб олган баъзи жирканч тўдалар тинч ахолини кўркув ва даҳшатга солиб оммавий қирғинлар уйуштирмоқда. Мақсад эса ҳокимятни эгаллаш, мавжуд конституцион тузумни қўпориб ташлашдан иборат. Ваҳоланки уларнинг қилаётган хунрезликлари, қилаётган даъволари муқаддас Ислом динимиз моҳиятига буткул зид экани ҳужжат-далиллар асосида исботланган . Шундай бўлсада айрим ғўр ёшлар ўз юртини ташлаб, ёлғон ваъдаларга учиб, турли жангари гурухларга бориб қўшилмоқда . Уларнинг қабихликлари натижасида ёшу-қари бирдек қурбон бўлмоқда.Бу оқимларга қўшилиб қолаётган кишиларнинг ожизлиги маънавият зиёсидан бебаҳра эканлигидир.Тинч, осойишта заминдагина ҳаёт фаровон бўлади, тараққиёт давом этади. Дунёдаги ҳодисалардан ибрат олиб, олий неъматимиз тинчликни асраш, доимо сергак ва огоҳ бўлиш биз учун ўта муҳимлигини доимо ёдда тутайлик.
Ғолибжон Ҳидиров,
"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси