Ҳасаддан сақланайлик!
5402
21-08-2021, 18:23
230
Ўқиш режими
+
-
Ҳасад бу инсон қалбида туғиладиган ҳис-туйғудир. Инсондаги бу туйғуни келтириб чиқарадиган оқибатига кўра салбий туйғу деб ҳисобланади. Бу туйғу инсонлардаги бир-бирларини кўролмаслик, ичи қоралик, бахиллик каби иллатлар туфайли пайдо бўлади.
Аллоҳ таоло ўз фазли билан бирор кишига бирор нарса берса, уни кўролмайдиган кишилар бўлади. Ана шу кишилар ҳасад қиладилар, улар ҳасадчилардир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз( с.а.) шундай дейдилар:” “ Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади” (Абу Довуд ривояти).
Донишмандлар ҳасад қилувчига қуйидаги нарсалар келиши ҳақида огоҳлантирганлар. Улар қуйидагилар:
- Ҳасад савоб ишларни йўққа чиқаради.
- Ҳасад гуноҳ ишларга бошлайди.
Дунёнинг аввалида Шайтон инсонга ҳасад қилди. Ҳасад туфайли Шайтон Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор, осий бўлди. Ва Аллоҳ таолонинг даргоҳидан лаънатланиб ҳайдалди.
- Ҳасад бировга зулм қилишга бошлайди.
Ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Одам (а.с.) нинг ўғилари Қобил билан Ҳобилга қурбонлик қилишликни буюрди. Ҳобил ўз қўйларидан энг чиройлисини қурбонликка танлаб, қурбонлик қилади. Қобил деҳқончилигидаги энг ёмон маҳсулотни қурбонликка атади. Одам (а.с.) дуо қилдилар, осмондан олов тушиб, Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлди. Ва Ҳобилнинг қурбонлиги қабул бўлиши билан Қобулнинг Ҳобулга нисбатан ҳасадини юзага келтирди . Қобул ҳасаддан тийилмади, у охир оқибатда жиноятга қўл урди. Ер юзида энг аввал инсон қони ҳасад туфайли тўкилди.
3. Ҳасад юзи қароликни келтириб чиқаради. Юсуф (а.с.) нинг кўрган тушлари сабаб акалари ҳасад қилдилар. Ва Юсуф (а.с.)ни қудуққа ташлаб, уни бўри еди, деб зулм қилишади. Юсуф а.с. акаларининг ҳасад сабабли қилган зулмларига сабр қилдилар. Ва охири сабр туфайли Юсуф (а.с.)нинг юзлари ёруғ бўлиб, ҳасад қилган акалари эса ҳасадлари туфайли юзлари қаро бўлди.
4. Ҳасади бор кишининг дуо ва ибодати қабул бўлмайди. Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “ Уч кишининг дуоси қабул бўлмайди. Улар луқмаси нопок, ғийбатчи ва ҳасадчи кишилардир”.
- Ҳасад эгасини фойдасиз ва оқибати йўқ ғам-ташвиш, қийинчиликларга солади. Донишмандлардан бири айтади: “ Ҳасад қилувчи одамдан бахтсиз киши йўқ, чунки унга ҳар доим ғам-қайғу ҳамроҳ бўлади”.
- Ҳасад инсон қалбидан раҳмни чиқариб ташлайди. Донишмандлар бири: “ Ҳасад қилишдан сақлан, шунда қалбинг пок юради”.
- Ҳасад инсонга хорлик келтиради. Донишмандлар: “ Ҳасад инсонга хорлик келтиради”, дейишади.
- Ҳасад қилувчи кишининг соғлигига зарар беради. Луқмони Ҳаким ўз фарзандларига насиҳат қилиб шундай дейди: “ Ўғлим, ҳеч қачон бировга ҳасад қилма, ҳасад ҳасадчининг соғлигига келган офатдир”.
Ҳасад жамият кишилари орасида яхшиликда бардавом бўлиш каби яхши хислатларни тугатиб, унинг ўрнига ўзаро келишмовчиларни келтириб чиқаради. Ҳасад одамлар орасида аҳилликни бузади, уларни тинч-тотув ҳаётларига раҳна солади. Улардаги ҳамжиҳатлик, бир-бирларига ҳамдардлик, ўзаро ёрдам каби инсоний фазилатларга путур етказади. Баъзан эса ҳасад туфайли одамлар орасида жиноятга қўл уради. Ҳасад инсонийликка мутлақо зид бўлган жирканч одат сифатида қаттиқ қораланади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими