1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Хушмуомилали бўлайлик

23-08-2021, 17:15 854 Ўқиш режими + -
Хушмуомилали бўлайлик

       Халқимизда инсонлар бир-бирлари билан ўзаро муомилада хушмуомила бўлишга ҳаракат қилиш одати бор. Чунки инсоннинг икки дунёлик саодати унинг қалбининг тўғрилиги ва муомиласининг яхшилигига боғлиқ. Хушмуомилалик инсон қалбига роҳат, танасига ҳузур бағишлайди.   
         Хўш, хушмуомила нима? 
Хушмуомила сўзи “ Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да: “ Хушмуомила-муомиласи, гап –сўзлари, ҳаракати ёқимли; хушфеъл” деб изоҳланади.  Хушмуомилалик бошқа бировлар билан одоб юзасидан ёқимли, ширин тил билан муомила қилишдир.
Кундалик ҳаётда инсонлар бир-бирлари билан ҳар куни муомила қилишади. Одамлар ўртасидаги бу муомила мулойим бўлиши лозим. Инсонлар бир-бирларига худди меҳмонга қилинадиган ширин муомиладек муомила қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, инсонларнинг барчалари бу дунёда меҳмондирлар. Халқимиз мақолларида ҳам яхши муомиланинг инсонга манфаати кўп эканлиги ҳақида айтилади. Шундай мақоллардан бирида:  “ Яхши сўз билан илон инидан, ёмон сўз билан мусулмон инидан чиқади” дейилади.
        Ҳазрати Алишер Навоий ўзларининг “ Маҳбубул-қулуб” асарларида хушмуомилалик ҳақида: “  Тил ширинлиги-кўнгилга ёқимлидир; мулойимлиги эса –фойдали. Чучук тил аччиққа айланса кўпчиликка зарари тегади; қанддан май тайёрланса ҳаром бўлади. Ширин сўз соф кўнгиллар учун асал каби тотлидир; болалар учун мулойим табиатли одам-ҳалвофуруш каби севимлидир ”деб ёзадилар.
Имом Ғаззолийдан хушмуомила киши ҳақида сўралганда, у зот: “ Хушмуомила одамнинг ҳаёси кўп, озори кам, яхши амали кўп бўлади. У вазмин, сабрли, шукрли, қаноатли, ҳалим, дилкаш, уятчан ва меҳрибондир. У лаънатламайди, чақимчилик, ғийбат қилмайди. У шошқолоқ, кекчи, бахил, ҳасадгўй эмас. Унинг   юзлари доимо очиқ, жилмайиб туради”деб жавоб берган эканлар. 
Инсон тили унинг қалбини таржимонидир. Инсоннинг қалби соф бўлса, унинг тилидан ҳам яхши гаплар чиқади. Ҳар бир кишининг сўзига қараб унинг кимлигин англаса бўлади. Бу ҳақда ҳадисда: “ Инсоннинг юраги тўғри бўлмас экан, унинг иймони тўғри бўлмайди ва инсоннинг тили тўғриланмас экан, унинг юраги тўғри бўлмайди” дейилади. ( Имоми Аҳмад ривояти). Яхши инсоннинг тили ширин, муомиласи ёқимли бўлади. Ғайратли, ўзини жиловлай олган, хушфеъл кишиларга катта ажрлар бордир. Бу ҳақда “ Қуръони Карим” да: “Уларнинг кўп шивирлаб гапиришларида яхшилик йўқдир. Агар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар,  бу яхшидир. Кимда –ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот берилади” дейилади. (Нисо сураси, 114-оят). Баъзи кишилар хушфеълликка одатланиб қолишади. Баъзилар гўзал хулқ эгаларини кўриш, улардан ибратланиш орқали фазилат касб этишади. Инсон ҳар бир сўзига эътибор бериши лозим. Чунки инсон эрта бир кун ҳар бир сўзи  учун жавоб беради. Инсоннинг ҳар бир айтган сўзи ёзиб борилади. Бу ҳақда “Қуръони Карим”да “Инсон айтадиган ҳар бир сўзни ёзиб борувчи фаришта ҳозирдир” ( Қоф сураси, 18-оят).
Хушмуомалик инсоннинг умрини самарали, тинч осуда ўтишига сабаб бўлади.  Аллоҳ таоло хушмуомилалик ҳақида шундай марҳамат қилади:“ (Эй инсон), Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўринг: у сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи ( ер остига) маҳкам ўрнашган. Шохлари эса осмонда бўлиб, парвардигорнинг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамларга эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур” (Иброҳим сураси, 24-25 оятлар). Бу ўриндаги “яхши сўз” томири ерга мустаҳкам ўрнашган “асил дарахт”га ўхшатилган. Инсон баъзан хафа бўлиб   ёки ғазабланиб турганида ҳам доимо хушмуомила бўлишга ҳаракат қилиши керак. Дарахтнинг илдизи қанча мустаҳкам бўлса, у шунчалик мустаҳкам бўлади. Инсоннинг ҳам хулқида хушмуомилалик қанча томир отган бўлса, у шунча мустаҳкам бўлади. Хушмуомила инсон ҳар жойда хушмуомиликнинг мевасидан баҳраманд бўлади. Хушмуомила бўлмаган, ўзига доим қўполликни касб қилган одам эса ҳар жойда туртки ейди. Унинг бирор жойда қўним топганини кўрмайсиз. Бу ҳақда ҳам Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ёмон сўзнинг мисоли эса ердан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда (ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар”. (Иброҳим сураси, 26-оят). 
Инсонларнинг ўзаро муомилалар хушфеъллик билан бўлиши уларнинг яхши тарбия кўрганликларига далолат қилади. Ёшликдан инсон хушфеълликка ўргатиш, унда муомила маданияти шакллантиришга аҳамият бериш муҳим ишлардан ҳисобланади. Инсонда муомила маданияти шаклланмаса, унда қўполлик, бадфеъллик аломатлари намоён бўладиган бўлса, у киши яхши тарбия кўрмаганлигини билдиради. Тарбия топган, хушмуомила инсон қаерда бўлса, обрў-эътибор топади. Элдан ҳам яхши тарбия кўрган, хушмуомила инсонни ардоқлаб, уларни миннатдорчилик билдириб “ отасига раҳмат” дейилади.  


Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими